islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тижоратчи мусулмон савдо илмини билиши фарзи айн(ми)?

Байъ луғатда “қўлни чўзиш, савдо-сотиқ” маъноларини билдиради, яъни томонлар ўзларидаги нарсани олиш учун бир-бирларига қўл чўзишади. Шариатда эса сотиб олинган нарсага эгалик қилиш ва унинг ўрнига берилган нарсалардан эгаликнинг узилишига асосланган айрбошлаш “байъ” дейилади. Байъ-молни молга рози бўлиб алмаштиришдир. Савдо-сотиқ билан шуғулланаётган мусулмонга савдо илмини билиш фарзи айндир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан: “Бозорларда савдо қилишни билмай савдо қиладиган одам истаса-истамаса рибохўрдир”, деганлар.

Савдо-сотиқнинг асли таклиф ижоб ва қабулдир, яъни кимдир мол сотишни ёки олишни таклиф этади, иккинчи томон эса бу таклифни қабул қилади.

Байънинг истелоҳий маъносига фиқҳ китобларимизда келган, истелоҳий маъноларини келтириб ўтамиз:

مبادلة مال بمال بتراض  هو

Байъ ўзаро розилик ила бир молни икинчи молга алмаштиришдир.[1]

Ўзбек тилида «савдо» деб таржима қилинган сўз арабчада «байъ» дейилиб, ўзаро бир нарсани алмаштиришни англатади.

Шариатда эса, бир молни иккинчи бир мол муқобилига ийжоб ва қабул билан олишга «байъ» деб айтилади. Бу мавзуга оид масалаларда шариатда ҳалол бўлган савдо ва ҳаром бўлган ҳамда уларга ўхшаш турли молиявий муомалалар баёни келади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳига «Зуҳд ҳақида бир нарса ёзсангиз», дейилганда, “Мен Китобул байъ”ни ёзиб қўйдим», деганлар. Яъни, ҳалол ва ҳаромнинг нима эканини баён қилиб қўйдим. Зуҳд ҳаромдан четда бўлиш ва ҳалолга рағбат қилишдан бошқа нарса эмас, дегани.

Савдонинг ҳукми аввало Қуръони каримда баён этилган.

قال الله تعالى: واحلّ الله البيع وحرّم الرّبوا

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган», деган (275-оят)[2]. Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар топишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Ҳаражат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади.

Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.[3]

Суннатда ҳам савдо тўғрисида кўплаб ривоятлар келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари аввал тожирлик билан машғул бўлганлар.

عن ابي سعيد عن النبيّ صلّ الله عليه وسلّم قال: التاجر الصّدوق الامين مع النبيّين والصديقين والشهدآء. رواه الترمذي

Абу Саъийддан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўй, омонатли тожир Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дедилар».[4] Термизий ривоят қилган.

Мусулмон уммати қадимдан савдо-сотиқнинг жоизлигига иттифоқ қилиб келганлар. Чунки бу нарсага доимий равишда инсонларнинг ҳожати тушиб туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳий қилган ва ўша наҳий қилинганга ўхшаган савдодан бошқа барча савдолар мубоҳдир.

Уламоларимиз иқтисодий-молиявий муомалаларга оид бундан бошқа барча далилларни ҳам яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин, ўртадаги муомалага сабаб нарсада қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак, деган хулосага келганлар.[5]

Муомалага қўйилаётган нарса келишув вақтида мавжуд бўлиши керак. Йўқ нарсани муомалага қўйиб бўлмайди. Масалан, етилмаган зироатни сотиб бўлмайди. Чунки, у ҳали униб чиқадими, йўқми, ҳосил берадими, йўқми маълум эмас. Шунга ўхшаш, онасининг қорнидаги ҳайвонни, елиндаги сутни ҳам сотиб бўлмайди.[6]

1. Муомалага қўйилган нарса муомалага қўювчининг шаръий ҳаққи бўлиши керак.

Яъни, муомалага қўювчи­нинг шахсий мулки бўлиб, сақлаш ва манфаатланиш мумкин нарса бўлиши керак. Бирор киши ўзига мулк бўлмаган нарсани сота олмайди, ҳадя қила олмайди, ижарага қўя олмайди.

Шунингдек, шариатга кўра сақлаш ва манфаатланиш мумкин бўлмаган ҳаром ичимликлар ёки чўчқага ўхшаш нарсаларни муомалага қўйиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Муомалага қўйилган нарсани келишув вақтида топшириш имкони бўлиши керак.

Мисол учун, қочиб кетган ҳайвонни, ҳаводаги қушни, сувдаги балиқни муомалага қўйиб бўлмайди. Агар кўйилса, муомала ботил бўлади, ҳисобга ўтмайди. Муомалага қўйилган нарса муомалада иштирок этаётган икки томонга маълум ва тайинли бўлиши керак. Яъни, икки томон ҳам муомалага қуйилаётган нарса­ни яхши билиши, кўрган бўлиши, зарур маълумотларга эга бўлиши керак. Агар ундоқ бўлмаса, муомала жорий бўлмайди. Чунки, бундай ҳолларда кейинчалик уруш-жанжал чиқиши осон бўлиб қолади.

2. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак.[7]

Яъни, шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши керак. Шариат ҳаром қилган ўлимтик, қон, ахлат каби нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.

Абу Бакр саййидимиз халифалик даврларида Мадина аҳлига қаҳарчилик етди. Ҳаттоки шаҳар аҳлига ҳалокат ета бошлади. Ўша вақтда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг карвонлари, мингта туя устида буғдой, зайтун ва майиз тўла қоплар олиб келди.

-Савдогарлар карвондаги мол ва озиқ-овқатларни кўриб, ҳарид қилишлик учун шошилдилар. Савдогарлар айтдилар: Келган моллар ва озиқ- овқатларни бизларга сотгин, албатта бу нарса инсонларга жуда зарур.

-Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: Ким менга бу моллар учун кўпроқ фойда қолдира олади, дедилар.

– Савдогарлар: Бир дирҳамлик молни икки дирҳамга оламиз, дедилар.

-Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: Бу ҳақдан зиёда қиладиган борми, дедилар.

– Савдогарлар: Бир дирҳамлик молнии тўрт дирҳамга оламиз, дедилар.

– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: Бу ҳақдан зиёда қиладиган борми, дедилар.

– Савдогарлар: Бир дирҳамлик молнии беш дирҳамга оламиз, дедилар.

– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: Бу ҳақдан кўпроқ берадиган  борми, дедилар.

– Савдогарлар: эй Абу Амр Мадинада биздан бошқа бирор савдогар бундан зиёда қила оладими ?

– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир дирҳам молга ўн ҳисса зиёда қилиб беради, сизлар бундан зиёда бера оласизларми?

 – Савдогарлар: Йўқ , дедилар

-Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: Аллоҳга қасамки, ушбу карвондаги молларнинг барчаси Аллоҳ йўлида камбағал мусулмонлар ва мискинларга, садақа қилиб бердилар.

3. Қасам ичишдан четда бўлиш.

бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади.

Савдо пайтида ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичмаслик керак. Чунки,

бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади.

4. Кўп садақа қилиш.

Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларнинг ювилиши учун тожир одам кўпроқ садақа қилиб туриши лозим

Қайс ибн Абу Ғазара розияллоҳу анхудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида «даллол» деб аталар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар:

«Эй, тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас уни садақа ила аралаштиринглар», – дедилар».

Бухорий  ривоят қилган.

5. Молиявий муомалаларни ва қарзни ёзиб бориш ҳамда гувоҳ келтириш.

Тожир савдо шартномасини ва қарзни ёзиб бориши лозим. Бировга насияга муомала қилганда ва қарз берганда гувоҳларни ҳозир қилиши мандубдир.[8]

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Нуритдинов Муҳаммад

[1] Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садруш-шариъа. Мухтасар ал-виқоя. Тошкент Мовароуннаҳр. 2000. –Б 152.

[2]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент.2014. Бақара. 275-оят –Б. 47.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Тошкент Ҳилол- Нашр.  2016. Ж. 1. –Б. 287.

[4] Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий. Сунани Термизий. Байрут. Дор иҳё ат-тирос ал-аробий. 2001. Ж. 2.–Б. 498.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. Ҳилол- Нашр  Тошкент. 2015. Ж  3. –Б. 61.

  [6]Бурҳонуддин Марғиноний. Ҳидоя. Шарҳу бидаятул  мубтади. Байрут: 1995.  Ж. 3. –Б. 48.

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. Ҳилол- Нашр   Тошкент 2015 .Ж. 3.  –Б. 62.

[8] Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий.  Ал-Муомалот ал-молийя ал-муосира. Дор ал-фикр ал-муасир. Байрут

306530cookie-checkТижоратчи мусулмон савдо илмини билиши фарзи айн(ми)?
2 та фикр мавжуд
  1. 2. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак.[7]

    Яъни, шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши керак. Шариат ҳаром қилган ўлимтик, қон, ахлат каби нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.

    Ushbu maqolada shunday deyilgan. Lekin hozirda donorlik qon oldi sotdisi mavjud. Va shuningdek dehqonchilik uchun katta mashinalarda chirindi go’ng oldi sotdisi mavjud. Savolim shu ediki ushbu narsalar savdosi halol hisoblanadimi? Javob uchun oldindan rahmat!

  2. 2. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак.[7]

    Яъни, шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши керак. Шариат ҳаром қилган ўлимтик, қон, ахлат каби нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.

    Ushbu maqolada shunday deyilgan. Lekin hozirda donorlik qon oldi sotdisi mavjud. Va shuningdek dehqonchilik uchun katta mashinalarda chirindi go’ng oldi sotdisi mavjud. Savolim shu ediki ushbu narsalar savdosi halol hisoblanadimi? Javob uchun oldindan katta rahmat!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: