Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар.
Лекин у кишининг соф табиатлари ўзини кўрсатиши турган гап эди.
Бунинг устига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қабул бўлди.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: اللَّهُمَّ أَعِزَّ الإِسْلاَمَ بِأَحَبِّ هَذَيْنِ الرَّجْلَيْنِ إِلَيْكَ بِأَبِي جَهْلِ أَوْ بِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ: فَكَانَ أَحَبَّهُمَا إِلَيْهِ عُمَرُ فَأَصْبَحَ فَغَدَا عُمَرُ عَلَى رَسُولِ اللهِ ﷺ فَأَسْلَمَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Ибн Умардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй бор Худоё! Исломни Ўзингга маҳбуб бўлган ушбу икки одамнинг – Абу Жаҳл ёки Умар ибн Хаттобнинг бири билан азиз қилгин!» дедилар. Бас, У Зотга иккисидан маҳбуби Умар бўлди. Эртасига Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, мусулмон бўлди». Термизий ривоят қилган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломга келишлари қиссасини Ибн Саъд, Абу Яъло, ал-Масъул киши ва Байҳақийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бир куни Умар қиличини яланғочлаб чиқди. Унга йўлда Бани Зуҳралик бир киши учраб қолди. У: «Қаерга кетяпсан, эй Умар?» деб сўради.
«Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман», деди Умар.
«Муҳаммадни ўлдирсанг, Бани Ҳошим ва Бани Зуҳрадан қандоқ эмин бўласан?» деди ҳалиги одам.
«Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан!» деди Умар.
«Сенга ажиб бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқдилар! Ҳа, сенинг динингдан чиқдилар!» деди.
Умар йўлидан қайтиб, иккисининг олдига борди. Уларнинг ҳузурида Хаббоб ибн Арт бор эди. У Умарнинг шарпасини сезиб, уйнинг ичига беркиниб олди. Умар кирди ва: «Бу висир-висир нима?!» деди.
Улар «Тоҳо»ни қироат қилаётган эдилар. Иккиси: «Ўзаро гапимиздан бошқа нарса йўқ», дедилар.
«Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсанлар?!» деди.
Шунда куёви унга: «Эй Умар, агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса», дейиши билан Умар унинг устига ўзини ташлаб, босиб олиб ура бошлади. Синглиси уни ўз эридан нари қилиш учун келди. У синглисини уриб, юзини қонга белади. Ғазабланган сингил:
«Агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса, мен «Ашҳаду аллаа илаҳа илаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу» деб гувоҳлик бераман!» деди. Шунда Умар: «Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи», деди. У ўқишни билар эди. Синглиси:
«Сен нажассан. Буни фақатгина покланганлар ушлайдилар. Тур, ғусл қилиб кел», деди.
У туриб ғусл қилиб келди. Сўнгра ёзилган нарсани олди. У Тоҳо сурасидан: «Албатта, Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт»гача ўқиди ва: «Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар», деди.
Умарнинг гапини эшитиб, Хаббоб беркинган жойидан чиқди ва: «Эй Умар, хурсанд бўл. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайшанба кечасиги: «Эй бор Худоё! Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз қилгин», деб қилган дуолари сен хақингда бўлишини орзу қиламан», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига юриб борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Толҳа ва бошқалар турган эдилар. Ҳамза: «Ана, Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни қатл қилиш осон бўлади», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эдилар. У зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. У зот чиқиб, Умарнинг олдига келдилар. Унинг ёқасидан ва қиличбоғидан тортиб туриб: «Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?!» дедилар. Умар: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака абдуллоҳи ва Расулуҳу!» деди».
Ушбу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар овозларининг борича: «Аллоҳу акбар!» дея, бутун Маккани бошларига кўтариб, такбир айтдилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақда эмасмизми?» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақдамиз», дедилар.
«Ундоқ бўлса, нимага беркинамиз?!» деди Умар.
Мусулмонлар биринчи марта икки саф бўлиб, очиқчасига Байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни Ҳамза, иккинчисини Умар бошлаб борар эди. Улар масжидга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб, ичларидан зил кетар эдилар.
Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга «Форуқ» лақабини бердилар.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганининг олтинчи йили, Зулҳижжа ойи эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ёшлари эса йигирма олтида эди. Бундан уч кун аввал Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирган эдилар.
Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар розияллоҳу анҳу Исломга келганида: «Қурайшда энг кўп гап ташувчи ким?» деди.
«Жамил ибн Муъаммар ал-Жаҳмий», дейилди.
У эрталаб унинг олдига борди. Мен ҳам: «Кўрай-чи, нима қилар экан», деб изидан эргашиб бордим. Кўрганимни эслаб қоладиган ёш бола эдим. Умар унинг олдига бориб: «Эй Жамил, билдингми, мен мусулмон бўлдим! Муҳаммаднинг динига кирдим!» деди.
Аллоҳга қасамки, у индамасдан туриб, кийимини судраб юриб кетди. Умар унинг ортидан эргашди. Мен унинг ортидан эргашдим. У масжиднинг эшигида туриб, баланд овоз ила: «Эй Қурайш жамоаси! (Улар Каъба атрофидаги мажлисларида ўтиришган эди) Огоҳ бўлинглар! Ибн Хаттоб диндан чиқибди!» деди. Умар унинг ортидан: «Ёлғон айтди! Мен мусулмон бўлдим! Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб шаҳодат келтирдим!» деди.
Улар унга ёпирилдилар. То қуёш ботгунча муштлашдилар. Чарчаб ўтиришди. Улар унинг боши устида тўпланишди. У уларга: «Нима қилсангиз, қилаверинг! Аллоҳ номи ила қасам ичаман! Агар уч юз киши бўлсак, ёки биз у (Каъба)ни сизга тарк қиламиз, ёки сизлар бизга тарк қиласиз!» деди.
Улар шу ҳолда туришган эди, қурайшлик бир чол келиб қолди. Унинг устида ҳибара ва йўл-йўл кўйлак бор эди. У келиб, тўхтади-да: «Сизларга нима бўлди?!» деди.
«Умар диндан чиқди!» дейишди.
«Жим бўлинглар! Бир одам ўзига бир ишни ихтиёр қилса қилибди. Сенлар нимани хоҳлайсанлар?! Бани Адий ўз одамини сизларга шундоқ топшириб қўяди, деб ўйлайсизларми?! Бу одамни тек қўйинглар!» деди.
Аллоҳга қасамки, улар худди ечилган кийимдек ундан ажрадилар.
Мадинага ҳижрат қилгандан кейин отамга: «Отажон! Мусулмон бўлганингизда Маккада сиз билан муштлашаётган қавмни зажр қилган одам ким эди?» дедим.
«Ғғлим, у ал-Осс ибн Воил ас-Саҳмий эди», деди у».
Имом Бухорий қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Умар мусулмон бўлган кундан бошлаб азиз бўлдик», деганлар.
Баъзи ривоятларда зикр қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эркаклардан қирқинчи мусулмон бўлганлар
Толҳа ибн Убайдуллоҳ: «Умар Исломга кирганидан кейин мушрикларнинг зулмидан анча халос бўлдик», дейдилар.
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси
Абдуманнонов Нурсултонхон