islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Уммат аёллари саййидаси

Сарвари коинот Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодан туғилган кенжа фарзанди Фотима розияллоҳу анҳо дунёга келганда қурайш Каъбани бузиб қайта тиклаган кун эди. Ўша пайтда Пайғамбаримиз ҳали ўттиз беш ёшда бўлганлар. Ваҳий тушишининг бошланишига яна беш йил бор эди.

Фотимаи Заҳро (гул деган маънони билдириб, отасининг заҳро-гули эди) отасидан юксак тарбия ва камолига етган хулқларни таълим олган бўлса, онасидан гўзал фазилат ва хислатларни сут билан бирга эмиб улғайди. Ҳали гўдаклик чоғлариданоқ у отаси билан кўчага бирга чиқар, у зотнинг ёнларида юрар ва нима ишлар билан машғул бўлишларига гувоҳ бўларди. Араблар қизини етаклаб ёки опичлаб юрган зотни кўрганларида ажабланиб қарашганлари ривоят қилинган. Рости, араблар оилада қиз боланинг туғилишидан ор қиладиган қавм бўлган даврлар, бу ҳаракатлар ҳайратланарли манзара бўлиши табиий. Бу ишни ҳам фақат Аллоҳ таоло ўзининг суюкли қулларига бажаришни ирода қилган экан. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорига бориб Жаброил фариштани кўрганларида Фотимаи Заҳро эндигина беш ёшга қадам қўйган қизалоқ эди.

Ёш бўлишига қарамай бу суюкли қизлари отаси ҳаётидаги кўпгина тарихий воқеаларга гувоҳ бўлиб вояга етди ва баъзиларида бевосита иштирок этди.

Ёш Фотима бошқа қизлар ололмаган таълимни ўз отасидан отасидан олишга мушарраф бўлди. Қуръонни ўрганди набавий ҳадисларни эшитиб ёд олди. Макканинг ўзида кўп болалар бундай бахтга у каби етиша олган эмас. У шарафли сулола вакили бўлгани учун отасидан салобат ва виқорни, муомала ва муносабатни ўзлаштирди.

Шунинг учун у катта ёшлилар қўрқиб юраги дов бермаган ишга ёш бўлиша қарамай отасига озор берганини кўрганда мушриклардан қўрқмади, ҳатто уларга қарши чиқиб муносиб гаплар айтиб отасини ҳимоя қилди. У асли иймон бешигида улғайгани очиқ равшан бўлган воқеалар. Қалби лим-лим иймон бўлган инсонга Яратган эгам ана шунақа шижоат ва жасурлик инъом қилади. Қиз бола ожизаман деб турмасдан катта шижоат кўрсатиши ўз-ўзидан юзага чиқмайди албатта.

У оламлардаги барча мавжудотлар ҳавас қиладиган оилада улғаяр экан, бу улуғликнинг ҳам ўзига ярашиқли оғир синовлари бор эди. Атрофда бу оилага ва Отасига ваҳий бўлиб келаётган динга дўстдан кўра душман кўп эди. Душманлар қуршовида кун кечириш жараёнида одам боласининг иймони янада сайқалланиб бораркан. Бу оила ва уларга боғланган дўст инсонлар душман тарафидан қийноқ ва таъқиб билан йиллар бўйи умр кечирдилар. Ҳеч бир иймонга келган инсон бу қийноқлардан чарчамади ва ортига бир лаҳза бўлсин қайтиш кераклигини хаёлларига келтирмай саодат йўлида давом эттилар. Отаси Пайғамбаримиз ҳижрат қилганларидан орадан бир неча ой ўтиб мадинага ҳижрат қилган Фотима розияллоҳу анҳо эндигина ўн саккиз ёшга кирган эдилар. Мушрикларнинг таъқиби остида ҳижрат қилиш ҳам осон кечмаган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уларни иймон нури билан қувват бериб ўз паноҳида асраган, ва бу шарафли йўлда уларга куч-қувват ато этган. Шундай улуғланган инсонларнинг оғир синовларга дуч келиши ва уларнинг бу йўлдаги сабр-матонати уларни янада кўз ўнгимизда қайта-қайта улуғликларнинг чўққисидан чўққисга ўтказиб юксалтириб бораверади.

Албатта ҳижрат қилиш билан мусулмонларнинг очиқ ойдин ибодат қилишларига имкон бўлди. Бироқ мушрикларнинг таъқиблари энди мусофир юртларга кетган қавмдошларини ортидан таъқиб қилиб уларни буткул ер билан битта қилишга киришиб душманликлари неча ҳисса ортиб кетганига гувоҳ бўламиз. Мана шундай мушриклар билан бўлган Уҳуд жангини Фотима розияллоҳу анҳо ўз кўзи билан кўриб унда жароҳатланган Сарвари Коинот отасинининг жароҳатига бўйрани куйдириб сепиб қонни тўхтатгани ривоят қилинган. Бу каби жасурликлари  қалби тўлган иймон нурининг шарофати эди.

У оилада қиз фарзанд сифатида ҳам улкан бахтга эришган. Ёш вақтидан ота-онасининг кўз олдида ўсиб улғайди. Баъзи фазилатлар унга отасидан қон билан ўтган бўлса, баъзиларини онасидан сут билан олишга мушарраф бўлди. Ота-онасининг бир-бирларига муомала ва муносабати меҳр-муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром асосига қурилганини кўрган барча қизлари улардан ўрнак ва ибрат олди. Шулардан бири Фотимаи Заҳро эди. Ислом дини йўлида пайғамбаримизнинг муҳтарама завжаси қўллаб-қувватлагани, оғир дамларда бир-бирларига ғамхўрлик қилишлари бу қизларининг кўз ўнгда содир бўларди. Шунинг учун Фотима жуда сабр этувчи, яхшилик қилувчи, ўта шукр этувчи, зоҳида, обида ва содиқа бўлиб вояга етди. У Қуръонни кўп тиловат қилувчи, юксак хулқлар ва фазилатларни ўзида жамлаган итоаткор, хушфеъл қиз, меҳрибон она, вафодор хотин, улуғ мураббия ва улуғ саййида тимсолига айланди.

Фотима розияллоҳу анҳо отасидан хайрли хислатлар, фазилатлар, улуғлик, поклик ва тўғрилик, зуҳд, карам ва обид бандаларнинг шамойилларини мерос қилиб олди. Шунунгдек, шакл-шамойили, табиати, феъл-атвори, мулойимлиги ва юриш-туришда Набий алайҳиссаломга ўхшашлиги ҳақида саҳиҳ нақл ва ривоятлар бор. Анас ибн Молик: “Ҳасан ибн Али ва Фотимадан бошқа Расулуллоҳга ўхшайдиган биронтасини кўрмадим”, дейди.

Турмуш қуришлари ҳақида Анас ибн Молик: “Расулулоҳ Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Толҳа ва Зубайрни ва ансорлардан бир қанчаларини ҳузурига чорладилар. Улар келишганда Расулуллоҳ алайҳиссалом аввал Аллоҳга сано айтиб: “Сизларга гувоҳлик бераманки, Фотимани Алига никоҳлаб бердим”, дедилар”.

Келин маҳри беш юз дирҳамдан ошмади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам никоҳ хутбасини ўқиб қизларини Ҳазрат Алига никоҳлаб қўйдилар. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларнинг никоҳингизни хоҳлади. Бахтингизни берсинки, икковингиздан кўп яхшиликларни чиқаради”, дедилар. Анас розияллоҳу анҳу кейинчалик бу башоратнинг ҳаётдаги гувоҳи бўлиб: “Аллоҳга қасамки, ҳақиқатда у иккисидан кўп яхшиликларни чиқарди”, деди. Айнан шу никоҳ ҳижратдан бир йил ўтиб содир бўлгани маълум. Яна шуниси маълум ва машҳурки, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг насл-насабини қизлари – Фотима розияллоҳу анҳодан давом этиши ва кўпайишини тақдир қилди. Бу ҳикматлар сирини Ўзи билгувчи, аммо ибрати уммат учун. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сулоласини давом эттирувчи Ҳасан ва Ҳусайнларнинг дунёга келиши сарвари коинотни қанчалик қувонтирганини яхши биламиз.

Ҳа, Фотима Заҳро нафақат суюкли қиз, балки насл-насабни давом эттирувчи фарзанд сифатида ҳам умматга берилган бебаҳо жавоҳир бўлди.

Араблар кимнинг исм ва лақаблари кўп бўлса, унинг шарафи ва улуғлиги юксак ва баландлигига далолат қилади деб келишган. Фотимаи Заҳронинг исм ва лақаблари кўплигини худди шу маънода улуғлик ва шараф белгилари деб тушуниш керак: Заҳро, Батуул, Сиддийқа, Муборака, Тоҳира, Закийя, Розийя, Марзийя, Муҳаддиса, “Ал-ҳавро ул-инсия”, Ҳааннийя, “Уммул аимма, “Райҳон” ва “Бузъа” деган лақаб ва куниялари борлиги ривоятларда нақл этилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:“Эй Фотима, Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг расулига сендан суюклироқ бирон кишини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, отангдан кейин одамлардан биронтаси сендан кўра менга суюклироқ бўлмади”, деганининг ўзи бутун умматга сабоқ бўладиган калом эмасми?

ТИИ 3-босқич талабаси Азимжон Каримов

310560cookie-checkУммат аёллари саййидаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: