Тақлид ботил ва у илм эмас деювчиларнинг далилларидан бири Исро сурасининг 36-ояти:
وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ
“(Эй инсон), ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма!”
Ушбу оятда билмаган нарсага эргашишдан қайтарилган бўлса, бошқа бир оятда, яъни Наҳл сурасининг 43-оятида билмаган инсон билган кишидан сўрашга буюрилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўранглар!”
Қарасангиз, икки оят ўртасида қарама-қаршилик бордек, гўё. Аввало, Аллоҳ таолонинг каломида бундай қарама-қаршилик ва номутаносиблик бўлиши мумкин эмас. У бундан олий Зотдир. Демак, биринчи оятни тақлиднинг ботил эканига далил қилиш тўғри эмас. Қолаверса, уларнинг бу далили ўз қарашларига ҳам зид. Чунки улар бу ўринда тақлиднинг илм эмаслигини исботлаётган бўлсалар, олдинроқ айрим тақлидни мақтаганлар. Шунга кўра, тақлид ҳам илм ва ҳам илммас бўлиб қоляпти уларнинг наздида. Бу эса далил келтиришнинг заиф ҳамда ишончсизлиги белгисидир.
Улар яна ўз қарашларига Аъроф сурасининг 33-оятини далил сифатида келтирадилар:
قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَن تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَن تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ
“Айтинг: “Раббим фақат фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ гуноҳ ва тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди”.
Бу оят ўзарининг қарашларига зид. Чунки улар айтиб ўтганимиздек, баъзи тақлидни мақтаганлар. Негаки, билмаган инсон ўзи билмаса-да, лекин, билган кишига тақлид қилиши улар наздида ҳам мумкин. Демак, оят билан мутлоқ тақлидни қоралашлари ўз йўлларига ўзлари қарши чиқиш дегани. Бундан ташқари уларнинг бу далилидан “Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўранглар!” ояти ҳеч қандай маънони ифода этмай қолиши келиб чиқади.
Демак, уларнинг тақлид ботил эканига келтирган мазкур далиллари ўрнида эмас. Шунингдек, улар билмаган инсон билган олимга эргашишига, яъни тақлид қилишига буюрилган оятга ҳам зид.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов