islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Она тили – миллат руҳидир

Дунёда одамлар, халқлар мавжуд экан, уларни ўз-аро мулоқотга киришишлари учун биринчи навбатда тил зарур ҳиосбланади. Айнан тил орқали одамлар бирлашиб жамиятни ҳосил қилади. Жамиятлар эса ўз навбатида давлатларга бирлашади. Тил, миллат, давлат. Бу учта сўз бир-бирига чамбарчас боғлиқ десак нотўғри бўлмайди. Тил – бу миллий ғурур, миллий ифтихор, миллий бойлик ҳисобланади. Тил фақат мулоқот қилиш учунгина бўлмасдан, балки, у инсоннинг ички дунёси, тасаввурини ифодалашга ёрдам беради. Инсон учун энг аввало ўз тили, она тили муҳим ўрин тутади. Она тили – миллат руҳидир. У давлатнинг тимсоли, мулки ҳисобланади.

Ҳаммамизга маълумки, она тилимиз – ўзбек тилига 1989-йили 21-октабр куни давлат тили мақоми берилди. Айнан шу куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. 21 октабрь куни эса юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида нишонланадиган бўлди. Бу йили ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Сўнгги йилларда она тилимизга бўлган эътибор яна ҳам ортиб бормоқда. Олий ўқув юртларида, мактабларда, боғчаларда она тилимизга бўлган эътибор кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар йили турли хил маънавий-маърифий тадбирлар, беллашувлар, олимпиадалар ўтказилиб келинмоқда. Китоб ихлосмандалари учун турли чет эллик ёзувчиларнинг машҳур асарлари хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилиниб келинмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёйевнинг тил байрами тантаналарида сўзлаган нутқида: “Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир”, – деган фикрлари алоҳида эътиборга лойиқдир.

Статистик маълумотларга кўра дунёда олтмиш миллионга яқин киши ўзбек тилида гаплашар экан. Бу тахминан ер юзи аҳолисининг ҳар 130 кишидан биттаси ўзбек тилида гаплашишини англатади. Ўзбек тили жаҳонда кенг тарқалган 40 та тилдан бири бўлиб ҳисобланади. Мана шундан ҳам ўзбек тилининг бутун жаҳонда ўзига хос мавқеи қанчалик кучли эканлигини кўришимиз мумкин.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра бутун дунёда деярли етти мигга яқин тил мавжуд бўлиб, улардан атиги 200 га яқини давлат тили мақомида ҳисобланади. Уларнинг орасида ўзбек тилининг ҳам бор эканлиги ҳар биримизнинг қалбимизни фахр ва ифтихорга тўлдиради. Ўзбек тилининг нуфузи халқаро майдонда ҳам ортиб бормоқда. Бир қатор хорижий давлатлардан одамлар келиб ўзбек тилини ўрганиб кетаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Турли давлатлардаги бирқанча олий ўқув юртларида ҳам ўзбек тили ўргатилмоқда.

Сувсиз дарё бўлмаганидек, тилсиз миллат ҳам мавжуд эмас. Бирор бир миллатга мансуб бўлган ҳар қандай тил, ўша миллат билан яшайди ва барҳаёт бўлади. Ота-боболаримиз ҳам қадим-қадимдан ўз тилини асраб-авайлашган ривожлантиришган. Жумладан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Лутфий, Қашқарий каби олимларимиз ўзбек тилининг ривожи учун беқиёс ҳисса қўшганлар. Туркий тиллар оиласига мансуб бўлган ўзбек тилимизнинг йирик намоёндаси, сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзи яшаган қийин даврлар XV асрда тилимизни яна ҳам чуқурроқ ўрганиш йўлида, туркий тилларнинг имкониятлари ҳам бошқа тилларникидан қолишмаслигини илмий ва амалий жиҳатдан исботлаб берди. Ўзининг “Хамса” каби шоҳ асарини туркий тилда яратиб туркий тилларнинг ривожига катта ҳисса қўшди. Ҳозирги пайтда ҳам шоир ҳамда ёзувчиларимиз тилимизнинг бойлигини, унинг буюклигини намоён этувчи асарлар яратмоқдалар.

Хулоса сифатида шуни айтиб ўтишим жоизки, жамият, миллай мавжуд экан тил барҳаётдир. Тил – миллат кўзгуси ибораси бекорга айтилмаган. У кўзгу кабидир. Миллатнинг ҳақиқий ўзлигин кўрсатиб беради. Унинг қадри қанчалик баланд бўлса, миллатга бўлган ҳурмат ҳам шунчалик ортиб боради.

Тошкент ислом институти талабаси

Идрисов Абдулкамол

335660cookie-checkОна тили – миллат руҳидир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: