islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

УММАТНИНГ ЭНГ АФЗАЛ ИНСОНИ – СИДДИҚ (Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу)

“… Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, албатта Аллоҳ биз билан, деди. …” (Тавба, 40)

Бу ғор Макка шаҳри ташқарисидаги Савр ғори дир. Ундаги икки шеригнинг бири оламлар сарвари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, иккинчиси эса умматнинг энг афзал инсони, биринчи ҳалифа, Исломни энг биринчилардан бўлиб тасдиқлаган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эди. Бу воқеа Мадинага ҳижрат асносида бўлиб ўтган эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу милодий 573-йилда таваллуд топганлар. Абу Бакр Сиддиқ Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки ёш кичик эдилар. У зотнинг исмлари Абдуллоҳ бўлган. Оталари Абу Куҳофа бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Мурра ибн Каъбда шажаралари (насаблари) бирлашади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ёшлигидан, Росулуллоҳ пайғамбар этиб юборилишларидан олдин ҳам у зот билан дўст эдилар. Росулуллоҳ пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг эса, катта ёшли кишилар ичида биринчи бўлиб исломга кирган киши эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилиш бахтига муяссар бўлганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу доимо содиқлик, тўғриликни лозим тутганлар. Иймон масаласида салгина бўлса ҳам иккиланиш ёки сустлашиш деган нарса бўлмаган. Шу сабаб ҳам “Сиддиқ” лақабларини олганлар. Яна бир лақаблари “Атийқа” (дўзахдан озод қилинган) бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломни ўз ҳаётига тўлалигича олиб кира олган зот эди. Саодат асрининг кунларидан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳ йўлида икки бор инфоқ қилса-бирор нарса сарфласа (ёки маъноси: Аллоҳ йўлида икки жуфт от, туя, эшак, динор ва ҳоказо сарфласа), жаннат эшикларидан биридан чақирилади: ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, Райён эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади”. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу шунда: “Эй Аллоҳ пайғамбари, ота-онам сизга фидо бўлсин, барча эшиклардан кириш фазилати ҳам бўлармикан, бирор киши барча эшиклардан ҳам чақирилиб қоладими?” деб сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа. Сиз ўшалардан бўлсангиз керак” деб жавоб бердилар.

Бу ҳадис шарифда шариатда энг муҳим бўлган асослардан бирига ишора этилган. Бу – мусулмонларнинг ҳаммалари ҳам бир хил эмаслиги, ҳар кимнинг, ҳар амалнинг ўз ўрни борлиги асосидир. Амал майдони жуда кенг майдон. Унда мужоҳидга ҳам, олимга ҳам, даъватчига ҳам, сахийга ҳам, зоҳидга ҳам, одамлар оғирини енгил қилиб юрган бошқа соҳадаги кишиларга ҳам, ҳаммага жой бор. Шу каби барча соҳадан бир шингилдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуда бор эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат мезонлари ҳам ўзгача эди.

Макка фатҳи куни саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Қуҳофа мусулмон бўлди. У анча кексайган ва кўзи эса ожиз бўлиб қолганди. Абу Бакр у кишини етаклаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига байъат учун олиб келдилар.

– Эй Абу Бакр! Кекса кишини овора қилибсиз, ўзимиз уйларига борсак ҳам бўлардику?! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Олдига боришга энг ҳақли зот сизсиз, эй Аллоҳнинг Расули!- дея жавоб қайтарди Абу Бакр.

Абу Қуҳофа мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берганида Абу Бакр Сиддиқ хўнграб йиғлай бошладилар.

– Нимага йиғлаяпсиз? Ахир отангиз мусулмон бўлди, жаҳаннамдан нажот топди-ку. Бугун хурсанд бўладиган кунинггиз эмасми?!- дейишди.

Шунда у зот:

– Қани эди ҳозир иймонга келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган отам ўрнида Абу Толиб бўлганида эди, унинг иймонга келишидан ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлардилар!- дея жавоб берди.

****

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоба розияллоҳу анҳумлар билан бирга ўтирган эдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга юзланиб савол бера бошладилар: “Сиз дунёда нимани яхши кўрасиз, эй Абу Бакр?”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: “Дунёда учта нарсани яхши кўраман: сиз билан бирга ўтиришни; сизга термулишни; молимдан сизга инфоқ қилишни”.

Мана бу ҳақиқий муҳаббат дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бутун дунё мусулмонларининг имонлари тарозунинг бир палласига, Абу Бакрнинг имони иккинчи паллага қўйилса, Абу Бакр имони оғирлик қилади», деб айтганлар.

Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавийнинг “Аҳли сунна вал жамоа ақоиди” китобида: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин умматнинг энг афзалидир. Уламолар бунга далолат қиладиган оятлар ҳам, ҳадислар ҳам етарлича бор, дейдилар. Кимда-ким саҳобалардан биронтасини ёқтирмаса, таъна қилса ёки куфрда айбласа адашган бидъатчилар қаторида бўлур, ҳатто, куфрга кетур дейилади.

“Ал фиқҳ ул акбар” китобида: Пайғамбар алайҳимуссаломлардан кейин одамларнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқдир деб келтирилади. Шу китобнинг шарҳида: ким Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг саҳоба эканликларини инкор қилса, кофир бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарлари устида туриб қилган охирги хутбаларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай марҳамат қилганлар: “Агар ер аҳлидан халил (дўст) тутганимда албатта Абу Бакрни дўст тутган бўлар эдим . Масжидда бирорта ҳам дарчалар қолмасдан беркитилсин, фақатгина Абу Бакрнинг дарчасидан бошқа”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин мусулмонларга биринчи халифа этиб сайланганлар. Ҳазрат Абу Бакр халифаликлари даврида Қуръони карим оятларини биринчи бўлиб тўплатганлари учун «Жомиъул-Қуръон» деган шарафли номга сазовор бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 142 та ҳадис ривоят қилганлар.

Халифа бўлганларидан сўнг икки йилу уч ой уч кун ўтгач, ҳижратнинг 13-йилида жумадул охир ойининг 21-куни, сешанба тунида, милодий ҳисоб билан 634-йилда 63 ёшларида вафот этганлар .

Тошкент ислом институти талабаси

Нодирбек Нишонов

344110cookie-checkУММАТНИНГ ЭНГ АФЗАЛ ИНСОНИ – СИДДИҚ (Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: