Искандар мағрибзамин ерларини фатҳ этади. Ўша мамлакат подшоси жангда ҳалок бўлади. Fолиб шоҳ аҳолига мурожаат қилиб: “Эй оқиллар, орангизда насл-насаби тоза, ақли ўткир, нафси ўлик зот топилса, мен уни сизларга бош қилишга тайёрман”, –дейди. Одамлар ҳамиша хилватда яшириниб юрадиган, гўристонларда ётадиган донишманд гадо тўғрисида унга хабар берадилар. Аёнлар ўша гадони топиб, шоҳ қошига келтирадилар. Гадонинг усти юпун, эти устихонига ёпишганлигига қарамай, кўзлари чақноқ, юз ифодаси жасоратли, лутфида олам ҳикмати намоён эди. Унинг қўлида иккита бош суяги бор эди.
– Қўлингдаги суякларни нега кўтариб юрибсан? – дея сўрайди Искандар.
Гадо жавоб айтади:
– Мозордан ўтаётганимда очиқ гўрларда шу икки суякка кўзим тушди, аммо уларнинг қай бири шоҳники-ю, қай бири гадоники эканлигини ажратолмадим. Модомики, ўлганда бу икки “мато” бир экан, тириклигидаги низоларга не ҳожат, деган иштибоҳ мени қийнайди. Бу каломдан завқланган шоҳ уни ўзи босиб олган юртга ҳукмдор этмоқ ниятини ошкор қилади. Бироқ гадо жаҳон фотиҳи олдига тўрт талаб қўяди ва агар шу шартларимни бажаришга қурбинг етса, айтганингга кўнаман дейди. Искандар кулимсираб, “Шартингни билайлик-чи?” деган маънода ёни-верига қараб қўяди. Гадо дейди: Менга ўлими йўқ ҳаёт бергин; қарилиги йўқ абадий ёшлик инъом этгин; туганмас бойлик сўрайман; ғам-андуҳсиз кечадиган умр ваъда қил!
Искандар бу талабларни яратгандан ўзга адо эта олмаслигини уқтирганида, гадо унга: “Қўлингдан шу арзимас юмуш келмас экан- ку, менга подшоҳлик тожини кийдирмоққа қандай ҳаддинг сиғди, асли кимлигингни унутдингми?” – дея уни мулзамлик ўтида қовуриб ташлайди.
“Диний фанлар” кабинет мудири
Урол Назар Мустанов
“Илоҳийнома” асари асосида тайёрлади