islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институти ректори Ўзбекистон делегацияси таркибида Бирлашган Араб Амирликларида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларида хизмат сафарида бўлди.

Делегация таркибида Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳам ташриф доирасидаги учрашувларда иштирок этди.

Дастлаб, Ўзбекистон делегацияси билан Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақф бош бошқармаси раиси учрашуви бўлиб ўтди.

Ислом ишлари ва вақф бош бошқармаси 1999 йилда БАА Президенти Шайх Халифа бин Зайд Ол Наҳён томонидан жорий этилган таъсис этилган.

Учрашув аввалида Муҳаммад Матар Салам ал-Кааби Ўзбекистон делегациясига ташриф учун миннатдорлик билдириб, мазкур юртда қадимдан буюк алломалар етишиб чиққани, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган дин соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ижобий фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президент маслаҳатчиси БАА Бош бошқарма раисига илиқ кутиб олгани учун миннатдорлик билдириб, икки давлат раҳбарлари ўз мамлакатлари алоқаларини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганликларини таъкидлади.

Учрашув давомида мусаффо ислом эътиқоди ва маданиятини тўғри англаш ҳамда тарқатишда пайдо бўлаётган муаммолар, турлича қарашларни олдини олиш бугунги жамиятлар олдида турган долзарб масала экани таъкидланди.

***

Делегация аъзолари Муҳаммад Бин Зоид номидаги Гуманитар фанлар университети ректори, доктор Халифа ал-Зоҳирий раҳбарлигидаги университет раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистоннинг миллий давлатчилиги, дунё тараққиётига ҳисса қўшган олимларининг илмий мероси ва бугунги кунда диний-маърифий соҳа ҳамда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

2020 йилда ташкил этилган Гуманитар фанлар университети бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида мутахассислар тайёрлайди. Университетда гендер тенгилгига эътибор берилганлиги боис, аёл-қизларнинг раҳбарият, ўқитувчилар ва талабалар орасидаги улуши ортиб бормоқда. Талабаларнинг 50 фоизи аёл-қизлардан иборат. Шунингдек, 37 та миллат ва элат вакиллари ҳам университетда таълим олади.

Исломшунослик ҳамда Араб тили ва адабиётидан иборат 2 та факультетда фиқҳ, замонавий фатволар, диний ваъз ва панду насиҳат, Қуръон, ҳадис, бағрикенглик, араб тили ва адабиёти ҳамда янги ташкил этилган тинчликда яшаш таълим йўналишлари мавжуд.

Талабаларга диний ва дунёвий илмлар биргаликда берилади. Бу ўз навбатида ёшларнинг ватан, миллий давлатчилик ғояларини тезроқ ва осон қабул қилишига сабаб бўлиши, фанлар бугунги воқелик билан боғлаб берилиши алоҳида таъкидланди. Хоҳловчилар учун масофавий таълим, эркин таълим, Қуръон курслари дастурлари ҳам йўлга қўйилган.

Самимий мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари муҳокама этилди.

***

Бирлашган Араб Амирликларининг Бағрикенглик вазирлигида Шайх Наҳаён Муборак Ол Наҳаён билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.

Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари орасида шаклланган илиқ ва самимий муносабатлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширган расмий ташрифи, икки етакчининг доимий мулоқотлари ҳамда бунинг натижасида давлатлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби буюк алломалар ватани бўлган Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳақида маълумотлар берилди.

Ўз навбатида Шайх Наҳаён Муборак Ол Наҳаён Ўзбекистон ва унинг Раҳбарига бўлган эҳтиромини айтиб, диний-маърифий, миллатлараро йўналишда ҳамкорлик қилиши янги тажриба эканлиги, бу учун сафарни ташкил этишга кўрсатма берган Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлигини билдирди.

Шайх Наҳаён суҳбат асносида биродарлик ва ҳамкорлик бутун инсоният учун энг зарур ришта экани, башарият аслида Парвардигор томонидан Ерни обод қилиш учун яратилгани, муқаддас ислом таълимотини асраб-авайлаш ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарблигини таъкидлади.

Ҳозирда давлат диний ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тайинланадиган имомларга рухсатнома бериш, диний ташкилотларнинг хавфсизлигини сақлаш заруратини ҳам айтиб ўтди. Аслида буларнинг барчаси аҳоли манфаатлари ва ўзаро бағрикенглигига катта таъсир этишини қайд қилди.

2016 йилда ташкил этилган Вазирлик мулоқот ва ҳамжиҳатлик, инновация ва ташаббуслар, тинчлик ва хавфсизлик, яхшиликни дунёга ёйиш каби йўналишларни ўз олдига мақсад қилиб олган. Суҳбатда Шайх Наҳаён Ўзбекистондаги турдош ташкилотлар билан ҳамкорликка тайёрлигини ва ушбу мулоқот ҳамкорликка замин бўлишини билдирди.

***

Навбатдаги учрашув Абу-Даби Тинчлик форуми таъсисчиси Шайх Абдуллоҳ бин Байя билан бўлиб ўтди.

Шайх Абдуллоҳ бин Байя ислом оламидаги йирик замонавий сунний олимларидан бири бўлиб, кўплаб ташкилотлар аъзоси ва муассасиси саналади. Жумладан, Абу-Даби Тинчлик форуми таъсисчиси, Лондондаги Глобал янгиланиш ва соддалаштириш маркази бошқарув кенгаши раиси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Фиқҳ академияси Кенгаши, Ислом олами уюшмасида Бутунжаҳон масжидлар олий кенгаши, Қуръон ва Суннатда илмий мўъжизалар ҳайъати аъзоси, Ҳиндистон Фиқҳ Кенгаши ва бошқа кенгашлар аъзоси ҳисобланади.

Шайх Абдуллоҳ бин Байя ёшлигидан қадим Мовароуннаҳр ҳақида китоблардан кўплаб маълумотларни ўқигани, унинг Имом Бухорий, Имом Мотуридий сингари забардаст алломалари ислом цивилизациясига муносиб ҳисса қўшганликларини, ушбу юрт фарзандлари буюк алломалар авлоди эканини алоҳида эътироф этди.

Абдуллоҳ бин Байя экстремизм ва терроризм ислом оламидаги катта муаммолардан бири бўлиб қолаётгани, тинчлик ва барқарорлик илм олиш ҳамда ибодат қилиш учун нақадар зарурлигини барча мусулмонлар бирдек англашлари лозимлигини таъкидлади.

Шайх ўз навбатида ўзбекистонлик мутахассисларни ҳар йили анъанавий тарзда ўтадиган Абу-Даби Тинчлик форумида иштирок этишга чақирди.

Суҳбат якунида Шайх Абдуллоҳ бин Байя Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақлари ва бутун ўзбек халқига тинчлик, омонлик, омад ва муваффақиятлар ҳамда Аллоҳнинг паноҳида бўлишини сўраб дуо қилди.

***

Бирлашган Араб Амирлигининг Шаржа Амирлигида жойлашган Қосимия университети ректори Авад Халаф ва университет масъуллари ҳамда ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирлиги ўртасидаги дўстона алоқаларнинг ривожланаётганлиги эътироф этилди. Ўзбекистонда сўнги йилларда диний-маърифий соҳада олиб борилган ислоҳотлар, аждодлар меъросини ўрганиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўналишидаги фаолият тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Марғилоний, Имом Мотуридий ва бошқа алломаларнинг қадамжолари обод этилиб, уларнинг номлари билан илмий тадқиқот марказлари ташкил этилгани айтилди.

Қосимия университетида бакалавриат босқичида 1500 нафар талаба таҳсил олади ва Шаржа Амирлиги томонидан молиялаштиради. Университетда «Шариат ва исломшунослик», «Араб тили ва адабиёти»«Менежмент ва иқтисодиёт», «Санъат ва ОАВ», «Қуръон илмлари» сингари таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Университет қошида хорижлик талабалар учун «Тил маркази», 150 мингдан ортиқ китобга эга кутубхона, сиғими 1000 дан ортиқ одамга мўлжалланган «Қосимия масжиди», тадқиқотчилар учун «Ислом қўлёзмалари уйи», «Қуръони карим академияси» мавжуд.

Университетга ҳар йили 60 дан ортиқ давлатдан келган 125 нафар талаба қабул қилинади. Жумладан, бугунги кунга қадар Ўзбекистондан 50 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

Ташриф асносида ўзбекистонлик талабалар билан учрашилди. Унда сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва эришилаётган ютуқлар ҳақида ёшларга атрофлича маълумотлар берилди.

Самимий суҳбат давомида талабалар ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлар билан мурожаат қилишди.

Якунда Қосимия университети раҳбарияти ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди.

ТИИ Матбуот хизмати

380940cookie-checkТошкент ислом институти ректори Ўзбекистон делегацияси таркибида Бирлашган Араб Амирликларида бўлди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: