islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар даврида Ҳанафий мазҳабининг ривожланиш омиллари

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илмини кўплаб уламолар ўрганиб унинг усули асосида янги масалаларни истинбод қилиб, чиқариб олдилар. Шунга биноан ҳанафий мазҳабининг ривожланишида нафақат Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илми, шу билан бирга у зот Куфада асос солган ва вафотидан сўнг  Бағдоддаги шогирдлари – Имом Абу Юусуф ва Имом Муҳаммадлар илм тарқатган мадраса толибларининг саъйи ҳаракатлари ҳам муҳим аҳамият касб этган десак муболаға бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа вафотидан сўнг унинг илмини мерос қилиб олган шогирдлари ер юзи бўйлаб тарқалиб, устозидан олган таълимларини ёйдилар ва ҳанафий мазҳабининг ривожланишига катта ҳисса қўшдилар. Унинг шогирдларидан баъзилари бир неча ой, баъзилари йиллаб унинг илм ҳалқасида таълим олиб, ўз юртларига қайтар ва унинг илмини тарқатар эдилар. Айниқса, мазҳаб шакилланиб, атрофга ёйилишида Имомнинг икки шогирди – имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадларнинг саъйи ҳаракати беқиёсдир. Ҳатто улар ҳанафий мазҳабида “Соҳибон” унвонига сазовор бўлдилар.

Имом Абу Юсуф Имом Абу Ҳанифанинг энг катта ва пешқадам шогирдларидан бири бўлиб устозини оламдан ўтгунга қадар лозим тутиб, унинг дарс ҳалқасидан ажрамасдан,  дарс мажлисидаёқ устозидан тинглаган масалаларни ёзиб олар ва ёзганларини унга кўрсатиб, хато ва нуқсонлари бўлса тузатиб олар эди. Имом Абу Ҳанифа у ҳақида: “Бирор киши мени Абу Юсуфчалик лозим тутмади” деган.

Имом Абу Юсуфнинг мазҳаб ривожланишидаги фаолиятини бир неча соҳада кўриб чиқишимиз мумкин.

Таълимда: Имом Абу Ҳанифа дарс бериш ва илм ўрганиш борасида ўз мазҳабининг қоидаларига асос солди ва фақиҳлардан кўплаб уламоларни тарбиялаб, етиштирди. Ундан сўнг асҳоблари ҳам унинг йўлини тутиб, илмий ҳалқалар ташкил қилиб, уламоларни тарбиялай бошлади. Имом Абу Юсуф устозининг ҳаётлик вақтидаёқ етук илмга эга бўлиб, дарс бериш ва усулий қоидаларга асос солишда  устози билан елкама-елка туриб хизмат қилган. Устозининг вафотидан сўнг унинг масъулиятли вазифасига бош бўлиб, унинг таълим ҳалқасини давом эттирди. Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳасан ибн Зиёд каби кўплаб уламолар ундан илм олиб, ҳанафий мазҳабини тарқатиб, ривожлантирдилар.

Яна унинг шогирдларидан Ҳасан ибн Ҳафс Асбаҳоний ҳам Абу Юсуф қўлида фиқҳ илмини ўрганади ва ўз юрти Асбаҳонга[1] қайтиб ҳанафий мазҳаби асосида фатволар беради.

Муҳаммад ибн Холид Ҳанзалий Розий Абу Юсуф қўлида таҳсил олади сўнгра Астирободга[2] бориб яшайди ва ўша жойда биринчи бўлиб ҳанафий мазҳаби асосида мусулмонларга фиқҳни таълим беради.

Қозилик лавозимида: Имом Абу Юсуф ўз даврида барча ислом ўлкаларида халифалик қилган аббосийлар давлатининг расмий қозиси лавозимида узоқ йиллар мобайнида ишлаган. Ҳатто халифа томонидан  биринчи бўлиб мағриб ва машриқнинг бош қозиси лавозимига тайинланган ва шу мансабда умрининг охригача ишлаган. Аббосийлар халифалик қилган ислом диёридаги барча қозилар у кишининг маслаҳати ва тавсиялари ила қозилик мансабига тайинланган.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1]Асбаҳон- баъзи ўринларда фо билан (Асфаҳон) шаклда ёзилган .У форс диёридаги шаҳар бўлиб, Умар ибн ал-Хаттоб халифалик вақтида  сулҳ йўли билан фатҳ қилинган.

[2]Астирабод-Алиф фатҳа билан , ундан кейинги син сокин ундан кейинги та фатҳа билан ёзилади. У Сария ва Журжон ўртасида жойлашган Тобаристонга қарашли катта ва машҳур шаҳар бўлиб ундан кўплаб аҳли илмлар етишиб чиққан.

396050cookie-checkАббосийлар даврида Ҳанафий мазҳабининг ривожланиш омиллари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: