islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инсон хилқатидаги жадвал

Буюк Яратувчимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар бўлсин.

Бу оламда мўъжизалар кўп. Чор тарафимиз ажойиботу ғаройиботларга тўла. Фақат уларга ибрат, тафаккур назари билан қараш керак.

Ҳа, борлиқдаги барча нарса аслида бир мўъжизадир. Бу мўъжизаларнинг энг буюги, шубҳасиз, махлуқотлар гултожиси бўлмиш ҳазрати инсондир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

«Ҳақиқатан, Биз инсонни энг гўзал тузилишда (хушбичим ва хушсурат шаклда) яратдик» (Тийн сураси, 4­-оят).

Инсон яратилиши – тузилиши, қадди-қомати, бўйи-басти, шаклу шамойили борасида борлиқдаги барча махлуқотларнинг энг гўзали ва мукаммалидир. Унинг тана аъзолари ўзаро уйғун, мутаносиб (симметрик) жойлашган. Булар ҳақида фикр юритган ҳар бир оқил одам Буюк Яратувчининг қудратига яна бир бор тан беради.

Биз бу мақолада ана шу гўзал хилқатнинг нақадар аниқ ўлчов билан яратилганига ўлчов бирликлари (метрология) ойнасидан бир қур назар ташламоқчимиз.

Маълумки, қадимда барча халқларда, хусусан, арабларда кўплаб узунлик ўлчовлари инсон тана аъзолари асосида белгиланган. Мазкур ўлчов бирликлари бир-бирига мутаносиб бўлиб, воқеликдан келиб чиққандир.

Масалан, бир мушт тўрт бармоққа тенг. Аъзолари бир-бирига мутаносиб бўлган инсоннинг уч мушти, яъни ўн икки бармоғининг эни ўзининг бир қаричига тенг. Қаричи эса қадамига, яъни товонидан бармоқлари учигача бўлган қисми билан баробар. Икки қаричи ёки икки қадами ўзининг зироъига, яъни тирсагидан бармоқлари учигача бўлган узунликка эга. Зироъи эса, ўртача ташлаган бир одимига тўғри келади. Тўрт зироъи ёки тўрт одими ўзининг қулочига тенг. Қулочи эса ўзининг бўйи билан баробардир.

Бундоқ ўйлаб қарасак, танамизда худди карра жадвали жойлашгандек. Ана шу мутаносибликдан қадимда ўлчов бирликлари сифатида фойдаланилган. Бунда ўрта бўйли, ўртача қоматга эга инсоннинг тана аъзолари асос қилиб олинган.

«Исбаъ» (бармоқ) – ўрта қоматли одам қўл бармоғи энининг қалинлиги бўлиб, узунлиги 1,925 см.

«Қабза» (мушт) – ўрта қоматли одам қўлини мушт қилганидаги 4 бармоқ қалинлиги бўлиб, узунлиги 7,7 см.

«Шибр» (қарич) – ўртача очилган қарич бўлиб, узунлиги 23,1 см. У 3 қабза ёки 12 исбаъга тенг. Демак, ўрта бўйли одамнинг қаричи ўзининг 3 қабзаси ё 12 исбаъига тенг экан.

«Қадам» (оёқ ўлчами, фут) – оёқнинг товонидан бармоқлари учигача бўлиб, узунлиги 23,1 см. Демак, оёқ ўлчами ўзининг бир қаричи ё 3 қабзаси ёки 12 исбаъига тенг экан.

«Зироъ» (билак) – ўрта бўйли одамнинг тирсагидан бармоқлари учигача бўлиб, узунлиги (тўртала мазҳабнинг жумҳур фуқаҳолари наздида) 46,2 см. Демак, ўрта бўйли одамнинг зироъи ўзининг 2 қадами ё 2 қаричи ёки 6 қабзаси ёхуд 24 исбаъига тенг экан.

«Хутва» (одим) – ўртача ташлаган одим бўлиб, узунлиги 46,2 см. Демак, бир хутва бир зироъ ё 2 қадам ё 2 қарич ёки 6 қабза ёхуд 24 исбаъга тенг.

«Боъ» (қулоч) – икки қўлни икки томонга ёйгандаги қулоч бўлиб, узунлиги 184,8 см. Демак, ўрта бўйли одамнинг бир қулочи ўзининг 4 одими ё 4 зироъи ё 8 қадами ё 8 қаричи ёки 24 қабзаси ёхуд 96 исбаъига тенг бўлади. Дарвоқе, ўрта бўйли одамнинг қулочи ўзининг бўйига тенг бўлар экан.

Хулоса қилиб айтсак, ушбу ўлчовлардаги мутаносибликнинг ўзиёқ инсон илму ҳикматда беқиёс, чексиз қудрат соҳиби бўлган Зот тарафидан яратилганини кўрсатади. Борлиқни тасодифлар натижаси дея фалсафа сўқадиган кимсаларнинг даъволари қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмаслигини яна бир бор исботлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсониятга ҳеч бўлмаса ўзидаги мўъжизаларни бир мулоҳаза қилишга буюради:

«(Эй инсонлар,) аниқ ишонувчилар учун ерда ва ўзларингизда (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) белги-аломатлар бор. Ахир, (уларни) кўрмайсизми?!» (Зориёт сураси, 20–21­-оятлар).

Аллоҳ қалб кўзларимизни ҳақни кўрадиган қилсин ва ўзимизни унга тобе айласин!

 

ТИИ катта ўқитувчиси

Абдул Азим Зиёуддин

“Ҳидоят” журнали, 2016 йил, 1-сон.

414270cookie-checkИнсон хилқатидаги жадвал

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: