Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов UMAD – Uluslararası Müslüman Alimler Dayanışma Derneği – “Халқаро мусулмон уламолари бирдамлик ассоциацияси” президенти Абдулваҳҳоб Экинжи билан учрашгач, сафар давомида йирик вақф ташкилотларига ҳам ташриф буюрди.
İSAM: İslam Araştırmaları Merkezi – Туркия диёнат вақф фондига қарашли Ислом тадқиқот маркази ва İKADAV: İstanbul Kültürler Arası Dayanışma Eğitim ve Araştırma Vakfı – Истанбул маданиятлараро бирдамлик таълим ва тадқиқот вақф фондлари Туркиядаги нуфузли вақф фондлари ҳисобланади.
Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов İSAM президенти, профессор Муртазо Бeдир ва İKADAV президенти Умар Куркмаз билан мулоқот ўтказиб, марказ ва фонд фаолияти билан танишди.
İSAM – İslam Araştırmaları Merkezi Туркия диёнат вақф фондига қарашли Ислом тадқиқот маркази ҳисобланиб, Туркия тарихи ва исломшунослик бўйича энг нуфузли илмий-тадқиқот марказидир. Таркибида улкан кутубхона ҳам мавжуд. Тадқиқот марказда катта жилдли босма манбаларни рақамлаштириш йўлга қўйилган. Тадқиқот маркази Истанбулнинг Ускудар туманидаги Бағларбоши маҳалласида жойлашган.
İKADAV – İstanbul Kültürler Arası Dayanışma Eğitim ve Araştırma Vakfı – Истанбул маданиятлараро бирдамлик таълим ва тадқиқот вақф фонди олимлар ва зиёлилар билан ҳамкорликда Туркия ва ислом оламидаги таълим ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни амалга оширади.
İKADAVнинг асосий фаолияти қуйидагилардан иборат:
–Дунёнинг турли бурчакларида ҳамкорлар ва ташкилотлар билан биргаликда қўшма конференциялар, семинарлар ташкил қилиш, нашр ишларига кўмаклашиш;
– Хайрия ишлари билан шуғулланиш;
– Эркин фикрни тарғиб қилиш, ихтилофларни бартараф этиш;
– Ислом асосида миллий бирлик ва ҳамжиҳатликка эришиш;
– Ёшларга аҳамият бериш, етим ва мазлумларни қўллаб қувватлаш;
– Ижтимоий қадриятларга содиқлик, оналарга ғамхўрлик қилиш;
– Оилани ҳимоя қилиш;
– Жамиятда тинчлик, осойишталик ва биродарлик туйғуларини шакллантириш учун исломий онг ва маданиятни ошириш.
ТИИ Матбуот хизмати