islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Умавийлар давридаги мадрасалар ва  яшаган олимлар

Саҳобалар даврининг иккинчи яримига келиб баъзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол дастлаб Ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка шаҳарларида биринчи бўлиб юзага келди. Исломгача бўлган даврда қақроқ чўл бўлган бу юртларда илм – маърифатга нисбатан ҳам қақроқлик бор эди. Бу ерлар ўз тарихида ўқиш, ёзиш ёки бирор илмий баҳс ила машҳур бўлмаган эди. Аммо Ислом дини билан бирга бу диёрга ҳам илм – маърифат, фан – маданият кириб келди. Қуръони Каримнинг айни шу тупроқларда нозил бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларнинг айни шу ерларда яшашлари бу ҳолнинг асосий омили эди.

Маккаи Мукаррама мадрасаси

Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган, Қуръони Карим дастлаб нозил бўлган ва диннинг аввалги ўн уч йилги босқичи шу ерда кечган эди. Дастлабки мусулмонлар ҳам айни шу шаҳарнинг аҳолисидан эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларидан кейин ўзлари Мадинага қайтишларидан олдин фақиҳ саҳобалардан бўлган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни аҳли Маккага Қуръони Каримни ва ҳалол – ҳаромни таълим бериш учун қолдирдилар. Ана ўша кундан бошлаб Маккада ҳақиқий исломий фиқҳ ривожи бошланди.

Маккаи Мукарраманинг илмий шуҳратини ортишида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва у кишининг шериклари бош омил бўлдилар.[1]

Ўша пайтда тобеъинлардан бўлган энг машҳур олимлар етишиб чиқди. Уларнинг ичида оламга машҳур бўлган фақиҳлардан Мужоҳид ибн Жабр, Ато ибн Аби Рабоҳ, Товус ибн Кайсон ва бошқалар бор эди. Буларнинг учовлари ҳам арабмас мусулмонлардан эдилар.[2]

1. Мужоҳид розияллоҳу анҳу Бани Махзум қабиласининг мавлоси эди. У Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг тафсир бўйича айтган гапларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган. Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг ўзидан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ибн Аббосдан Қуръонни уч марта ўтказиб олганман. Уни ҳар бир оятда тўхтатар эдим. Нима учун ва қандоқ нозил бўлганини сўрар эдим».

2. Халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида ҳар йили ҳаж мавсумида унинг фармонига биноан, одамларга Ато ибн Абу Рабоҳдан бошқа ҳеч ким фатво бермасин, деб жар чақирилар эди. Маккаи Мукаррама ва унинг атрофининг имоми ҳам, олими ҳам, фақиҳи ҳам Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу эди. Бундоқ улуғ мақом эгаси бўлган шахс-ким экан ўзи? дерсиз. У қоп-қора рангли, кўзи ғилай, бурни қийшиқ, шол-чўлоқ ва сочи тўзиган бир одам эди. Адибларнинг васф қилишларича, у киши ўзининг минглаб шогирдлари ичида пахта даласидаги қора қарғага ўхшаб ўтирар эди. Ато ибн Абу Рабоҳ фақат Ислом туфайлигина ўшандоқ мартабага эришди. Барчанинг тақдирига, эҳтиромига сазовор бўлди.

3. Товус розияллоҳу анҳу асли форс бўлиб. Ямандан Маккаи Мукаррамага келиб қолган эди. У кўп саҳобалардан илм ўргангандан кейин охири Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга маҳкам боғланди ва у кишининг энг севган талабаларига айланди. Кейин эса тобеъинларнинг энг улуғларидан бирига, Маккаи Мукарраманинг фақиҳларидан бирига ва муфтисига айланди.

4. Маккаи Мукаррамада етишган ўша давр фақиҳларидан яна бири Икрима розияллоҳу анҳудир. У киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлоси – озод қилган қули бўлган. Фиқҳни асосан ўз хожаси Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, Оиша розияллоҳу анҳо, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан олган.

Саъид ибн Жубайрдан, ўзингдан кўра илмлироқ одамни биласанми, деб сўралганда, ҳа, Икрима, деб жавоб берган.

Шаъбий розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг китобини Икримадан кўра яхши биладиган одам қолмади», деган.

Маккаи Мукарраманинг фиқҳ мадрасаси шу тариқа ривожланишда давом этаверди. Бу мадрасанинг машҳур кишиларидан баъзиларни номларини тилга оладиган бўлсак, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид Занжий розияллоҳу анҳумоларни алоҳида таъкидлашимиз лозим бўлади. Чунки ушбу икки фақиҳ тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирининг асосчиси имом Шофеъийнинг устозлари бўлади.

Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ Ғаззада туғилган бўлсалар ҳам оналари у кишини гўдаклик чоғида Маккаи Мукаррамага олиб келганлар ва у киши илмни шу ерда олганлар.[3]

Мадинаи Мунаввара мадрасаси

Мадинаи Мунаввара Набий (алайҳиссаллом) ҳижратгоҳлари бўлган, бу пок шаҳарда Қуръони Каримнинг фиқҳий аҳкомларга оид оятлари нозил бўлган. Айни шу шаҳарда Ислом динининг тарихига оид кўплаб ҳодисалар бўлган. Расулуллоҳ (алайҳиссаллом) ўзларининг ҳадисларининг кўпини айтганлар. Мадинаи Мунаввара Ислом давлатининг пойтахти, бош шаҳари, илмий ва фиқҳий маркази бўлган. Саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг рошидлари яшаган жой.

Шунинг учун, Мадинаи Мунавваранинг фиқҳ мадрасаси бошқа мадрасаларга қараганда кучли ва машҳур бўлиши турган гап. Албатта, катта саҳобаларнинг бу маънодаги ҳиссалари беназир. Аммо Мадинаи Мунавварада илмга мутахассис бўлган ва фиқҳий мадрасага асос солган саҳобаларнинг номларини тарихчиларимиз алоҳида тилга оладилар.

Басра мадрасаси

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.

Куфа ва Басра шаҳарлари битгандан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда Ироқ номи ила аталган Ислом давлатининг шарқий бўлагини иккига бўлди.

Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни волий этиб таъйин қилди. Иккинчисига Басрани марказ ва Утбани волий қилиб таъйин қилди. Шу билан бирга илм ўргатиш учун устозлар ҳам юборди.

Ибн Саъд Абул Асвад ад-Дуъалийдан ривоят қилади: «Басрага борсам, Имрон ибн Ҳусойн Абу Нажийд розияллоҳу анҳу бор экан. Уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли Басрага фиқҳ ўргатиш учун юборган экан».

Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан:

  • Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу
  • Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу
  • Имом Ҳасан Басрий
  • Муҳаммад ибн Сийрийн

Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан машҳур фақиҳлардан Абул Олия Рофийъ ибн Меҳрон Риёҳий, Ҳасан ибн Абулҳасан Ясор, Абу Шаъсо Жобир ибн Зайд, Қатода ибн Диъома Давсийларни тадқиқотчи уламолар алоҳида тилга оладилар.[4]

Куфа мадрасаси

Куфага кўпгина саҳобалар келиб яшаган. Уларнинг ичида илм билан машҳурларидан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар бўлган.

Куфаликман деган кишини Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳурматларидан Ислом оламининг барча ерларида ҳурмат билан кутиб олар эдилар.

Куфа фиқҳ мадрасасининг машҳур кишилардан олтитаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидир. Улар Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Шураҳбийллардир. Бошқа саҳобалардан дарс олган куфаликлар ҳам бўлган.

Кейинчалик бу мадрасадан Шурайҳ ибн Ҳорис Киндий, Иброҳим ибн Язид Нахаъий, Саъид ибн Жубайр каби машҳур фақиҳлар етишиб чиқди.

Басра ва Куфа фиқҳ мадрасаларининг илмий гултожи имом Абу Ҳанифа бўлдилар.

Шом мадрасаси

Шом қадимдан илм – маърифат маркази бўлиб келган. У ерда кўплаб анбиёлар яшаган. Бу ўлканинг одамлари исломга кирганларидан кейин уни шавқу завқ билан ўргана бошладилар. Уларга машҳур саҳобалар устозлик қилди.

Ибн Саъд, ал-Ҳоким ва имом Бухорий тарихи сағирда мухтасар қилиб, Муҳаммад ибн Каъб ал-Қаразийдан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зомонларида ансорлардан беш киши; Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Убай ибн Каъб, Абу Айюб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳулар жамлашган эдилар.

Ҳадис ва раъй мадрасалари

Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айтилишича, гўёки ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни ҳадиси шариф асосида, раъй мадрасалари одамларнинг фикри асосида олиб борган эмишлар. Аслини олганда бу мутлақо нотўғри гапдир.

Бу борада аҳли ҳадис деганда ҳижозликларни, аҳли раъй деганда ироқликларни кўзда тутилган бўлади.

Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳни асосчиси дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Худди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришгану, Имом Аъзам эса фикрларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Менимча, бу хато фикр. Бунга Имом Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.

Мисол учун, Имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадинаи Мунавварада ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми, ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар.

Имом Моликнинг «Муватто» китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган.

Имом Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлару, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар.

Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади. Аммо Али Қорининг «Мухтасари виқоя» китобига ёзган шарҳини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.

Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан Аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим, самоҳатли шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила «Эълооус Сунан» номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало мазкур икки китобни ўқиб, сўнгра гап бошласалар яхши бўлади.

Ҳижозликларнинг ижтиҳоддаги асосий суянчлари Қуръон ва ҳадис эди. Улар раъйга нодир ҳолатлардагина мурожаат қилар эдилар. Чунки улар ҳадиснинг марказида яшар эдилар. Мадинаи мунаввара ҳадиснинг уяси, муҳожир ва ансорларнинг ватани эди. Шунинг учун, улар ўзлари ечмоқчи бўлган масалаларни ҳадис ёки саҳобийнинг сўзи билан ҳам қилишга қаттиқ уринар эдилар. Бунинг устига ҳадисларнинг кўпи айнан уларнинг ҳаёт тарзи ва шароитига мос равишда ворид бўлган эди.

Ироқ мадрасасининг фақиҳлари эса тамоман бошқа шароитда ижтиҳод қилар эдилар. Уларнинг шароити, яшаш тарзи ва урф-одати ҳамда бошқа омиллари қиёсни ҳам тез-тез ишга солиб туришни талаб қилар эди.

Бунинг устига фиқҳий ижтиҳодларга асос солиб борилаётган бир пайтда Ироқ фитналар уясига айланган эди. Бу ерда шуъубийлар, динсизлар, рофизалар, хаворижлар ва бошқалар тўлиб тошган эди. Уларнинг ҳар бири ўз фикрини қўллаш учун сохта ривоятлар тўқир эдилар.[5]

Мана шу сабабдан бу ернинг мужтаҳидлари ривоятларни қабул қилиш учун қаттиқ шартларни қўйишга мажбур бўлар эдилар. Улар саҳобийнинг амали ривоятига зид бўлса, ривоятни рад қилар эдилар. Оммавий ҳукмларнинг ривоятчиси ёлғиз бўлса, унинг ривоятини ҳам қабул қилмас эдилар.

Мазкур икки мадрасанинг номи ғолиб ҳолатга қараб қўйилган бўлса ажаб эмас. Чунки аҳли ҳадис мадрасаси ичида раъйга ружу қўйганлар ҳам йўқ эмасди. Аҳли Ҳижоздан бўлган машҳур фақиҳ, имом Моликнинг устозлари Робийъа ибн Абдурроҳманни раъйни кўп ишлатгани учун Робийътур раъй деб аташар эди. Шунингдек, аҳли Ироқ ичида имом Шаъбийга ўхшаш ҳадисни маҳкам тутганлар ҳам бор эди.

Тошкент ислом институти талабаси

Жўраев Абдулбосит

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР

  1. Абдуссалом Ҳорун. Таҳзиб Сийрати Ибни Ҳишом. – Байрут:  Дору иҳяи-т-туроси-л-арабий, 1994. – 548 б.
  2. Муҳаммад Ҳузарийбек. Давла Умавийя. – Байрут:  Муассаса дору-л-китаби-л-ҳадис, 1989. – 643 б.
  3. Абул Фидо Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ва-н-ниҳоя. – Байрут: Дору Ибн Касир, 1997. ­­– 2460 б.
  4. Имомуддин Ибн Касир. Тафсири Ибн Касир. – Бағдод: Мактабату-л-мусанна, 2008. – 4399 б.
  5. Махмуд Шокир. Тарих Исламий. – Бағдод: Мактабу-л-матбуати-л-исламийя, 1997. – Б. 150.

 

  1. [1] Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тариху-р-росул ва-л-мулук. – Миср: Дору-л-маъориф, 1985. –Ж. 4. – Б. 177.
  2. [2]Муҳаммад Ҳузарийбек. Давла Умавийя. – Байрут:  Муассаса дори-л-китаби-л-ҳадис, 1989. – Б. 162.
  3. [3] Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тариху-р-росул ва-л-мулук. – Миср: Дору-л-маъориф, 1985. –Ж. 4. – Б. 146.
  4. [4] Абдураҳмон ибн Халдун. Муқаддимату ибн Халдун. – Байрут: Дору-л-фикр, 2001. – Б. 244.
  5. [5] Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тариху-р-росул ва-л-мулук. – Миср: Дору-л-маъориф, 1985. –Ж. 4. – Б. 226.
430380cookie-checkУмавийлар давридаги мадрасалар ва  яшаган олимлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: