islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МИНГ ОЙГА ТЕНГ БИР КЕЧА

Рамазон ойи мусулмонлар учун ибодат, тавба, раҳмат ва мағфират мавсумидир. Бу ойнинг энг улуғ неъматларидан бири – Қадр кечаси бўлиб, Аллоҳ таоло бу муборак тунни бутун инсоният тарихидаги энг шарафли вақт қилиб белгилади. Унинг фазилати ҳақида Қуръони Каримда алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда: «Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят), деб марҳамат қилинади. Ушбу оят Қадр кечасининг нақадар улуғ ва муборак эканини англатади, зеро инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи Каломуллоҳ айнан шу кечада дунё осмонига туширилган. Шу сабабли бу тун мўмин-мусулмонлар учун раҳмат эшиклари ланг очиладиган, гуноҳлар кечирилиб, нажот топиладиган фурсатдир.

Ҳадиси шарифларда баён қилинишича, Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан излаш лозим. Расулуллоҳ ﷺ: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунидан талаб қилинглар» (Имом Бухорий ривояти), дея марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ бу кечани айниқса тоқ тунларда излашга буюриб: «Уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида изланглар. Қадр кечаси тўққизинчи, еттинчи ёки бешинчи кечаларда қолиши мумкин» (Имом Бухорий ривояти), деб таъкидлаганлар. Шу боис уламоларимиз Рамазоннинг 21, 23, 25, 27 ва 29-кечаларида ибодат ва зикрга қаттиқ бел боғлашни тавсия этади.

Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний «Фатҳул Борий» асарида Қадр кечасини охирги ўн кунликдаги тоқ кечалардан излаш ҳақидаги хабарларни шарҳлаб, бу кечанинг аниқ бир тунга белгиланмаганини, балки шу ўн кун ичида кўчиб юришини баён қилган. Қадр кечасининг аниқ вақти яширилганида катта ҳикмат бор. Агар унинг қайси тун экани аниқ айтилганда эди, кўпчилик фақат ўша кечадагина ибодат қилиб, қолган кунларни ғафлатда ўтказиб юбориши мумкин эди. Бу кечанинг сир тутилиши биз мўминларни Рамазоннинг охирги ўн кечасини тўлиқ ибодат, тавба ва дуо билан бедор ўтказишга ундайди.

Қадр кечаси – савоби беҳисоб бўлган ажойиб тундир. Аллоҳ таоло: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят), деб марҳамат қилган. Минг ой дегани – таҳминан саксон уч йилдан кўпроқ вақт демакдир. Демак, бу кечада ихлос билан қилинган биргина амал бир инсоннинг бутун умри давомида қилган ибодатларидан ҳам афзал бўлиб кетиши мумкин. Расулуллоҳ ﷺ бу ҳақда: «Албатта, сизларга ушбу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким ундан маҳрум қолса, барча яхшиликдан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат ҳақиқий маҳрум кишигина қуруқ қолади» (Ибн Можа ривояти), дея огоҳлантирганлар.

Бу муборак тунда дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Аллоҳдан гуноҳларимизни кечиришини сўраш энг афзал амалдир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз Пайғамбаримиздан ﷺ: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар Қадр кечасига тўғри келсам, нима деб дуо қилай?» деб сўраганида, у зот ﷺ:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

(Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул аъфва фаъфу анний)

«Аллоҳим! Сен афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв эт!», деб дуо қилишни ўргатганлар (Ибн Можа ривояти). Бу дуо нақадар гўзал! Унда банданинг ожизлиги ва Раббимизнинг чексиз меҳрибонлиги мужассам.

Уламоларимиз таъкидлашича, бу кечада Аллоҳ таоло бир йил давомида бўладиган тақдир ишларини, яъни кимга қанча ризқ берилиши, кимлар дунёга келиб, кимлар ўтиши каби ишларни фаришталарга билдиради. Қуръони Каримда: «Унда (Қадр кечасида) ҳар бир ҳикматли иш ажрим қилинур» (Духон сураси, 4-оят), деб марҳамат қилиниши ҳам шундан далолатдир.

Ибн Ражаб Ҳанбалий ўзининг «Латоифул маориф» асарида бундай насиҳат қилади:

 »يَا مَنْ ضَاعَ عُمُرُهُ فِي لَا شَيْءٍ، اسْتَدْرِكْ مَا فَاتَكَ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ، فَإِنَّهَا تُحْسَبُ بِالْعُمُرِ«

«Эй умрини беҳуда нарсаларга зое қилган киши! Бой берган фурсатларингни Қадр кечасида тиклаб ол. Зеро, бу кечадаги амал бутун бир умрга тенгдир».

Қадр кечаси – Аллоҳнинг биз бандаларига берган беқиёс совғасидир. Бу тунни ибодат ва хайрли ишлар билан ўтказиш ҳар биримиз учун катта бахт. Шунинг учун бу ғанимат дамларни бой бермайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Қадр кечасининг баракасига етиштирсин, гуноҳларимизни кечириб, дуоларимизни қабул қилсин. Омин.

Жаъфархон СУФИЕВ,

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

462200cookie-checkМИНГ ОЙГА ТЕНГ БИР КЕЧА

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: