Умматнинг илк вакиллари ўзларига йўналтирилган мақтов ва мадҳни хуш кўрмаганлар. Чунки, бу нарса уларни ўз нафсларидаги камчиликларни унутиб, кибр ва ужубга мойил бўлиб қолишга олиб келишини яхши билганлар. Бу борада уларга энг биринчи ўрнак Набий алайҳиссаломнинг ўзлари эдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўзларини мадҳ этишда чегарадан чиқиб кетишдан қайтарганлар ва “насоролар Марям ўғли Исони кўкларга кўтарганлари каби мени мақташда муболаға қилманглар!”, деганлар. Ҳузурларига меҳмон бўлиб келган Бану Омир қабиласининг вакиллари Ул зотга қарата “сен бизнинг саййидимизсан”, деганларида гарчи саййидлар саййиди бўлсаларда Ўзларини паст олиб, камоли тавозедан “саййид бу Аллоҳ таборака ва таолодир”, деганлар.
Саҳиҳи Бухорийда келишича, Рубаййиъ бинт Муаввиз исмли улуғ саҳобийя аёлнинг тўйи куни унинг уйига Набий алайҳиссалом ташриф буюрадилар. Ўшанда жория қизлар унинг уйида чилдирма чалиб, Бадрда ўлдирилган оталарини шеърий тарзда ёд этиб ўтиришарди. Улардан бири Пайғамбаримизни мақтаб туриб, “орамизда бордир шундай пайғамбарки, эртан нима бўлиши унга маълумдир”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “ундай дема! Балки, аввалги гапларингни гапир (яъни, ўша чегарадан чиқмайдиган сўзларингни сўзла)!”, дедилар.
“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев