islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муваффақият калити

Инсон умрини тартибли ва изчил режа билан бошқариб борса албатта буюк мақсадларга етади. Улуғ саҳобалардан Усмон розияллоҳу анҳу  айтадилар: “Ҳаётингнинг мақсади бўлсин, унга етишиш учун бутун имкониятингдан фойдалангин, албатта муваффақиятга эришасан”. Бу мақсадга етиш учун инсон ўзига тартиб ва талабчанлик билан амалга оширади.

Вақт энг улуғ неъмат. Вақт барча муваффақиятларнинг улкан имконияти. Қалб яралари ва руҳиятдаги азиятлар ҳам вақт ўтган сари ювилиб бораверади. Бугунги кунга келиб деярли ҳамма инсонлар вақт деган улуғ неъмат етишмаслигидан шикоят қилишади. Аллоҳ таоло инсонни умрини ҳар бир дақиқасини ҳисоб қилиб борувчи фаришталарни ёллаб қўйиб, қиёмат соатида у ҳақида банданинг ўзидан бирма-бир сўраб олади. Демак инсон ҳар бир сониясини ҳисобини берар экан. Уни гуноҳ ва маъсиятлардан пок сақламоғи лозим.

Биз толиби илмлар ва оддий инсонларга вақтларини қандай сарфлашлари ҳақида озроқ уламолар ҳаётидан мисоллар келтирамиз. Чунки бугунги техника асрида вақтни асраб авайламаслик сабаб жуда ҳам кўплаб муаммолар ҳам келиб чиқмоқда. Уламолар вақтларини қандай сарф этишгани ҳақида ажиб маълумотлар бериб ўтамиз.

Кичик тобеинлардан бўлган Юнус ибн Убайд Абдарий вақтларини беҳудага сарфламас эдилар. Ҳар бир гапларидан сўнг уч марта истиғфор айтар эдилар. Маъруф Кархий сартарош ҳузурига бориб, мўйловларини олдираётган вақтларида ҳам Аллоҳни зикр қилишдан тўхтамас эдилар. Шунда сартарош ул зотдан шикоят қилиб: “Жим турсангиз-чи, ахир қандай қилиб мўйловингизни оламан”- деса,Маъруф Кархий табассум қилиб шундай жавоб қайтарарди: “Сен ўзингни ишингни қил, мен ўзимни ишимни қиламан”.

Ибн Уқайл Ҳанбалий шундай дейдилар: “Мен умримнинг бир соатини ҳам бекор ўтказмайман. Агар тилим музокара ҳамда мунозарадан чарчаса ёки кўзим китоб ўқишдан чарчасам дам оламан. Лекин, дам олаётган вақтимда ҳам, ухлашимдан олдин ҳам фикрлашда давом этаман. Ўрнимдан турганимда эса хотирамда ёзишим керак бўлган нарсалар тайёр турган бўлади”.

Шайх Али Тантовий вақтни қандай сарфлашлари ҳақида шундай деганлар: “Агар мени чақирганларнинг ҳаммасиникига меҳмонга бораверсам,ҳар бир келувчи мусофирни кутиб олаверсам, ҳамма масрур биродарларимни табриклайверсам, мусибати борларнинг ҳаммасига таъзия билдираверсам, ваҳоланки бу ишларнинг барчаси ўзаро муҳаббатни кучайтирадиган, улфатчиликни зиёда қиладиган, қилишимиз лозим бўлган суюкли амаллардандир. Лекин мен буларнинг ҳаммасини қилганимда ҳеч қандай китоб ҳам ёза олмасдим, ҳеч қандай маъруза ҳам қилмасдим, бирор бир китобни ўқишга, такрорлашга вақт ҳам топа олмас эдим. Ҳаётимнинг учдан бир қисми уйқу учун кетади. Бир қисмини оиламни боқиш учун сарфлайман. Қолганининг аксар қисмини илм учун сарфлайман. Бу вақтда мен ақлий озуқа оламан ва бу нафсим учун энг ёқимлисидир”.

Бугунги кун уламоларидан бўлган Тақий Усмоний ҳазратларининг вақтни қанчалик асраганларига мисол келтирсак, У зот шом ва хуфтон орасидаги 1,5 соатлик вақтни катта Тафсир илмида жуда қимматли бўлган китобларини ёзиш учун ажратган эканлар. Бу давомли ва тинимсиз равишда шу бир ярим соатни маҳкам тутишдагини битадиган катта китоб учун ажратилган вақт. Яна бир мисол эса, бирор жойга сафар қилиб  улоқда борсалар шу вақтларида ҳам китоб ёзиш билан машғул бўлган эканлар.

Қиёмат кунида энг катта надомат инсон ҳаётида зое қилган вақти учун қилган надомати экан. Чунки ана шу лаҳзаларда инсон вақтнинг қийматини билади ва афсус- надоматлар қилади. Афсуски қиёмат кунида қилинган надомат, ҳасратлар инсонга ҳеч қандай фойда бермайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Дафъатан қиёмат келиб қолганда, гуноҳларини орқаларига ортган ҳолларида: “Ё ҳасрато, унда (ёруғ дунёда) қосирлик қилган эканмиз”, –дейдилар”. Қиёмат кунида ҳаттоки жаннат аҳли ҳам ҳаёти дунёда зое қилган вақтларига афсусланишади. Чунки улар бу  кунда  жаннатдаги даражаларни ўз кўзлари билан кўришади. Бу кунда Аллоҳ таоло бандаларининг амалларига ҳамда умрларининг ҳар бир лаҳзасини қандай сарфлаганларига қараб уларнинг жаннатдаги даражасини юқори қилади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Қиёмат кунида жаннат аҳли ҳаётларида Роббиларини зикр қилмай ўтказган бир соатларига надомат қилганчалик бошқа ҳеч қайси нарсага надомат қилмайдилар”. Вақт ҳақида яна жуда кўплаб таърифлар келтиришимиз мумкин. Муҳими уни ҳис қилишимиз ва шунга қараб ҳаракат қилишимиз керак. Аслида вақтдан тўғри фойдалансак, унинг устида қаттиқ тартиб ўрнатсак, қилишимиз керак бўлган яхши ишларни кўпроқ амалга оширамиз.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Зафар Маҳмудов

67150cookie-checkМуваффақият калити

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: