islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Менинг маҳрамим ким? (2-қисм)

Мусулмон эркаклар каби муслима аёллар ҳам номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари лозим. Чунки аёлларнинг эркакларга доимий назар солишлар ҳам ўртада фитна, зино, ҳаром ишлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, аёл аёлнинг эркак эркакнинг авратига қараши жоиз эмас.

عن عبد الرحمن بن أبى سعيد الخدرى عن أبيه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال لا ينظر الرجل إلى عورة الرجل ولا المرأة إلى عورة المرأة. رواه مسلم

Абдураҳмон ибн Абу Саид ал-Худурийдан, у отасидан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эр киши эр кишининг  авратига назар солмайдиаёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди”, – дедилар[1](Имом Муслим ривояти.)

(Эркак) ўз маҳрами ва бошқа одамга тегишли чўрининг қоринорқа(елкадан думғазагача бўлган жой) ва сондан бошқа жойларигача  қарайди.

“Маҳрам аёллар” деганда туғиш, эмиш ва қудачилик туфайли эркакка никоҳи ҳаром бўлган аёллар тушунилади. Ўз маҳрамига кўзи тушганда шаҳват бўлмаганлиги сабаб, зийнат жойларини кўрсатишга рухсат берилган. Бошқа инсоннинг чўрисига келсак, чўрилар хизмат юзасидан ташқарига чиқишга, айрим ҳолларда эркаклар билан аралашиб юришга тўғри келади. Шунинг учун уйнинг ичидаги хизмат қиладиган аёлларга ўз маҳрамлари учун қараш рухсат берилган жойларга ташқарида хизмат қиладиган чўрилар қиёс қилинади. Яъни, эркаклар бировнинг чўрисига маҳрамларининг қаерларига қараши мумкин бўлса, ўша жойларига қараши мумкин.

Аллоҳ таоло Нур сурасида:

“Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса, майли), – деган. (Нур сураси 31-оят)

Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини, яъни зийнат саналадиган аъзоларини кўрсатиб юришлари мутлақо мумкин эмас. Лекин Қуръони каримда зикр қилинган ўн икки тоифа бундан истисно қилинган.

  1. Эрлари. Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр ўз аёли танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.
  2. Оталари. Мўмина-муслима аёлларнинг отаси энг бош маҳрамдир. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатса, ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланиши, умуман шаҳват билан қарашни ҳаёлларга ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун аёл маҳрамларига зийнатларини кўрсатса бўлади. Яъни, юзини, қўлини, сочини, томоғини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳ ёқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган. “Оталар” деганда катта ота, бобо ва боболарнинг оталари ҳам кўзда тутилган.
  3. Эрларининг оталари. Яъни қайин оталар. Бунга қайин оталарнинг оталари ва катта қайин оталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсалар бўлиши мумкин эмас.
  4. Ўғиллари. Яъни ўз ўғиллари, ўғиллари ва қизларидан бўлган ўгил набира ва чабиралар киради. Буларнинг ҳаммаси аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам, муслима аёлга уларга зийнатини кўрсатишга рухсат берилган.
  5. Эрларининг ўғиллари. Яъни эрларининг бошқа хотинидан бўлган ўғиллари. Ўрталарида она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун, зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳват уйғотмайди.
  6. Ака-укалари. Туғишган, ота бир, она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Булар аёлга маҳрам ҳисобланиб, сингилларининг зийнатини кўрсалар майли.
  7. Ака-укаларнинг ўғиллари. Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари, яъни, жиянлар назарда тутилади. Аёл ака-укаларининг фарзандларига амма бўлади. Бошқа маҳрамлар қатори, булар ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришларига эҳтиёжлари бор. Шу сабабдан аммаларининг зийнатларига қарашларида монелик йўқ.
  8. Опа-сингилларнинг ўғиллари. Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун аёл уларга зийнатларини кўрсатиши мумкин.

Аммо аёлларнинг эркак маҳрами бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар.

Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса, ҳам ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ деб фатво берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта зийнатини кўрсатишга рухсат бор.

عن عائشة رضى الله عنها جاء أفلح أخو أبي القعيس يستأذن عليها بعد الحجاب وكان أبو القعيس أبا عائشة من الرضاعة قالت عائشة فقلت والله لا آذن لأفلح حتى أستأذن رسولله فان أبا القعيس ليس هو الذي أرضعني ولكن أرضعتني امرأته فلما دخل عليّ رسول الله قلت يا رسول الله ان أفلح أخا أبي ألقعيس جاء يستأذن عليّ فكرهت أن آذن حتى أستأذنك؟ قالت فقال النبي ائذني له

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Абул Қуайснинг укаси Афлаҳ ҳижобдан кейин келиб, у кишининг олдига киришга изн сўраган. Абул Қуайс Оишага эмикдош ота эди. “Аллоҳга қасамки Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамагунимча Афлаҳга изн бермайман”, – дедим. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келганларида “Эй, Аллоҳнинг Расули! Абул Қуайснинг укаси Афлаҳ ҳузуримга киришга рухсат сўради. Сиздан рухсат сўрамасдан рухсат беришни ёқтирмадим”, – дедим. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам  “Унга изн бер”,- дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: “Ҳузуримга Афлаҳ келган эди, ундан яшириндим. У: “Амакинг бўлсам ҳам мендан қочасанми?!”, – деди. Мен қаердан менга амаки бўласиз?!”, – дедим. У жавоб берди: “Сени менинг акамнинг хотини эмизган”, – деди. Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас”, – дедим. Сўнг олдимга Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Мен бўлган гапни айтиб бердим. У зот “Албатта амакинг бўлади. Ҳузурингга кираверсин”, – дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти.)

Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Мақоламизнинг кейинги қисмида вақтинчалик маҳрам бўлган шахслар борасида сўз юритамиз…

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси 
Акмалжон Ғаниев

71840cookie-checkМенинг маҳрамим ким? (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: