Илм ‑ ёдлаш биландир
Уламоларни таниш, илмий ҳаракатлар ҳақида билиш ҳар қандай соғлом қалбли инсонга завқ ва илҳом беради. Бундан, айниқса, илм толиблари қувват олади, олимлар учун бу маълумотлар бир кўзгу ўлароқ хизмат қилади: унда улар ўзларининг ютуқ ва камчиликларини кўрадилар.
Бугунги кундаги исломий илмлар йўлида сафарбар этилаётган иқтидор ва урунишларни ўрганганда мўминлар бу умматда яхшилик бардавом эканини ҳис этиб, ўтмишдаги буюк алламоларнинг даражалари бир нав тасаввурига яқинлаштирса, бу ҳолат, ўз навбатида, Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлганларни ноумид қилади ҳамда фақвулотда хотирали улуғ уламоларимизнинг илмий салоҳиятлари ҳақида шубҳада бўлган билимсиз кимсаларга қақшатқич танбеҳ бўлади. Шунингдек, ҳақиқий илмий фаолиятлар билан танишиш бир‑иккита китобни у ёқ‑буғидан ўқиб олиб, ўзини аллома санаб, одамларнинг бошини қотираётганларга ҳам энг яхши насиҳат бўлади. Хуллас, қуйида келадиган сатрлардан ҳар ким ўзига яраша хулоса ва ибрат олади деб умид қиламан.
Мавританиялик аҳли илмлар ёддошликлари билан танилганлар. Уларда кўп асарлар ёд олинади. Ана шундай ёддошлар ичида замонамизда энг пешқадам ҳисобланган олим Муҳаммад Ҳасан Валад Диду ҳафизаҳуллоҳ бўлиб, бутун дунё олимлари у кишиниинг фазлини эътироф этади. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу олим ҳақида жуда кўп яхши фикрлар айтганлар.
Муҳаммад Ҳасан Валад Диду Мавританияда «Олимларни етиштириш маркази» номли билим даргоҳига асос солган бўлиб, у ерга ўқишга киришнинг шартлари ўзи анчайла мулла бўлишни талаб қилади. Тўлиқ ўқиш йили 17 сана бўлиб, битирувчилар 50 га яқин фанда мутахассис бўлиб етишади. Муассиснинг айтишича, Марказда ҳар бир фанда бир‑иккита китоб ёдлатилади ва бошқа китоблар ўқитилади. Жумладан, «Саҳиҳайн» ‒ Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»и тўлиқ ёд олинади. Фиқҳда моликий мазҳабда, ақидада эса ашъарийликда ўқитилади.
Ушбу илмий даргоҳнинг кўзи ожиз бир талабаси ҳақида ажойиб маълумот ўқиб қолдим ва уни кўпчиликка илинди. Маълумот аллома Муҳаммад Ҳасаннинг фейсбукдаги саҳифасидан олинган бўлиб, Абу Сирин Акрам Бутбийбанинг қаламига мансубдир. Таржимада айрим жумлалар ўзбек ўқувчиларига тушунарли бўлиши учун эркин ўгирилди.
«Аллома Муҳаммад Ҳасан Диду бошини ўпиб қўяётган бу йигитни танийсизми?
У Мағриблик Муҳаммад Таййиб, кўзи ожиз, 1997 йилда туғилган. Яъни ёши 22 да. Мавританиядаги «Олимларни етиштириш маркази»да таҳсил олади.
Қанчадан‑қанча кўрлар бор, қалб кўзи очиқ.
Қанчадан‑қанча қалблар бор, қалб кўзи сўқир.
(Исломий илмлардаги хусусиятлардан бири ‒ ҳар бир илмда ўша илмнинг асосий қоидаларини ёдда сақлаш учун уларни ихчам сатрларда қайдлаш йўлга қўйилган. Бундай асарлар мантлар дейилади. Матнлар ёдлаш учун мўлжалланган бўлгани боис, кўпинча назм шаклида ёзилади. Уларни ёдлаган киши ўша соҳадаги энг муҳим, бирламчи маълумотларни ҳамиша хотирда сақлаб юриш имкониятига эга бўлади.)
Муҳаммад Таййиб жуда кўп матнларни ёд олган ва уларни шарҳлаб ҳам беради. Жумаладан:
1. Қуръони Каримни ёд олган ва ўн мутавотир қироатни ҳам ўзлаштирган.
Унинг тажвид ва Қироатга оид ёд олган матнлари:
2. Жамзурийнинг «Туҳфатул‑атфол» асари;
3. Ибн Жазарийнинг «Муқаддиматул‑жазария» асари;
4. Ибн Буррийнинг Имом Нофеъ қироатига оид «Ад‑дурарул‑Лавамиъ» асари;
5. Имом Шотибийнинг 1100 байтдан зиёд, етти қироатга бағишланган, «Шотибийя» дея танилган «Ҳирзул‑амоний ва важҳуттаҳоний» асари;
6. Ибн Жазарийнинг уч мутавотир қироатга бағишланган «Ад‑дурратул‑музийа» асари.
Тафсир фанига оид ёд олган матнлари:
7. «Мароқил Авоҳ» манзума, 8000 байтдан зиёд, тафсирга оид, Қуръони Карим маъноларини ўрганишда жуда ҳам қимматли манба.
Муҳаммад Таййиб тафсир илмида «Тафсири Жалолайн» ва «Тафсири Ибн Жиззий»ни ҳам яхши ўрганиб, ўзлаштирган
Ҳадис илмига оид ёд олган асарлари:
8. «Ал‑Арбаин Ан‑Нававия»;
9. «Умдатул‑аҳком», унда 422 ҳадис келган;
10. «Булуғул Маром», унда 1500 га яқин ҳадис жамланган;
11. «Тақрибул‑асанид ва тартибул‑масанид», 1500 га яқин ҳадис жамланган;
12. «Саҳиҳул Бухорий», 7700 атрофида ҳадис.
13. Абдулҳақ Ишбийлийнинг «Алжамъ байнас‑Саҳиҳайн» асари.
Муҳаммад Таййиб мазкур асарларнинг барчасини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадигон санад билан ёд олган.
14. «Байқунийя» манзумаси;
15. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Нухбатул‑фикар» рисоласи;
16. 3000 байтдан ортиқ «Талъатул‑анвор» китоби;
17. Ҳофиз Ироқийнинг «Алфия» асари, 1000 байтдан иборат;
Муҳаммад Таййибнинг усули фиқҳга оид ёдлаган асарлари:
18. «Варақоту Имомул‑Ҳарамайн»;
19. Ибн Осимнинг 700 дан зиёд байтдан иборат «Муртақол‑вусул» асари;
20. Саййид Абдуллоҳ Алавий Аш‑Шинқитийнинг «Мароқис‑Суъуд» асари, 1001 байтдан иборат.
Муҳаммад Таййибнинг фиқҳ илмида ёдлаган асарлари:
21. «Мухтасарул‑Ахзарий»;
22. Ибн Оширнинг 317 байтли манзумаси;
23. Муҳаммад Мавлуд Фол Яъқубийнинг 3700 байтдан зиёд «Кафофул‑мубтадий фи фаннайил‑одот ват‑таъаббуд» асари;
24. «Мухтасар Халил» асари, насрда ёзилган, 360 саҳифа.
Булуардан ташқари «Асҳалул‑Масолик» ва Ибн Абу Зайднинг «Рисола»сини ҳам ёд олган бўлиши керак.
25. Заққоқнинг «Ал‑Манҳажул‑мунтахаб» асари;
Муҳаммад Таййибнинг сийрат ва тарихга оид ёдлаган асарлари:
26. Ибн Абу Изз Ҳанафийнинг «Ал‑Уржузатул‑миийя»си, 100 байт;
27. «Қурратул‑абсор фи сийротиш‑Шафиъил‑Мухтор» асари;
28. «Уммаҳотул‑муъминин» манзумаси;
29. Бадвийнинг «Мағози Хайрул‑варо» манзумаси, 500 байтдан зиёд;
30. Бадвийнинг «Умудун‑насаб» асари, 1300 та байт;
31. «Ҳавадисус‑синин» манзумаси;
Муҳаммад Таййибнинг ақидага оид ёд олган матнлари:
32. Адуднинг салаф уламоларнинг эътиқодига оид «Ақидатун салафийя» асари;
33. «Изоатуд‑дужунна», ашъарий ақидасида ёзилган асар.
Адабиёт ҳамда наҳву сарф фанига оид ёдлаган матнлари:
34. Муҳаммад ибн Аббиҳнинг «Ажурумийя» назми, 155 байт.
35. Ибн Моликнинг «Ломиятул‑афъол» асарини Ибн Зайннинг қўшимчаси билан, 500 байт.
36. Ибн Ҳишомнинг «Қатрун‑надо» асари;
37. Ибн Ҳишомнинг «Шузуруз‑заҳаб» асари;
38. Ибн Моликнинг «Алфия»си, наҳв ва сарфга оид, 1000 байтдан иборат.
Балоғат фанига оид ёд олган асарлари:
39. Ибн Шуҳнанинг «Миатул‑маъоний вал‑баян» асари, 100 байт.
40. Абдурраҳмон Аҳзарийнинг «Ал‑Жавҳарул‑макнун» асари, 300 байт.
41. Имом Суютийнинг «Уқудул‑жамон» асари, 1005 байт.
Муфрадот ва адабиётга оид ёд олган асарлари:
42. «Ал‑Муъаллақотул‑ъашр», 800 байт.
43. «Ломиятул‑араб» асари;
44. Каъб ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳунинг «Бурда»си;
45. Ибн Ванонинг «Шамқамқамия»си, 271 байт;
46. Ибн Дурайднинг «Мақсура»си;
47. Ибн Моликнинг «Туҳфатул‑мавдуд фил‑мақсур вал‑мамдуд» асари;
48. Ибн Мураҳҳалнинг 1300 байтли «Муваттоул‑фасиҳ» асари.
У яна шеърий девонлардан сайланмаларни ҳам ёд олган.
Унинг мантиқ фанига оид ёд олган матнлари:
49. Ахзарийнинг «Ас‑сулламул‑мунаврақ» асари.
Тасаввуфга оид ёдлаган матнлари:
50. Адуднинг ўғли Муҳаммад Солимнинг 500 байтли «Назмул‑жомиъ» асари;
51. Муҳаммад Мавлуд Фолнинг «Маҳоримил‑лисон» асари;
52. Муҳаммад Мавлуд Фолнинг «Назмул‑бурур» асари;
53. Муҳаммад Мавлуд Фолнинг «Мутаҳҳиратул‑қулуб» манзумаси, 384 байт.
Булардан ташқари яна бошқа ёдлаган матнлари ҳам борлигини айтишади!»
(Абу Сириннинг сўзи тугади.)
Хулоса қилиб айтганда, Муҳаммад Таййиб нодир иқтидорли, тиришқоқ толиби илмлардан бўлиб, имконияти чекланган бўлишига қарамай шунча асарни ёд олишга муваффақ бўлибди. Ёдламай, бир қатор ўқиб чиққанлари, яъни тинглаш орқали ўрганиб ўтганлари яна анча бўлса керак. Бу бизга ибрат бўлмоғи лозим.
Ушбу сатрларни ўқиганда биз мусулмонларда Қуръони Каримни фарзандларга болаликдан ёдлатиш сабабларидан бири ҳам ойдинлашади. Яъни Ислом илмларида олим бўлмоқчи бўлган илм толиби ўрганиши, ёд олиши лозим бўлган китоблар жуда ҳам кўп. Зеро, Ислом илм дини, унга доир билимлар жуда ҳам кенг ва чуқур. Уларда мутахассис бўлиш учун аввало Қуръонни ёд олиш керак ва ундан кейин ўнлаб китобларни ёдлашга улгуриш керак. Шунинг учун ҳам Ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ болага тили равон бўлгандан Қуръон ўргатишни таъкидлаган.
Шунинг учун ҳам имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа кўплаб олимларимиз гўдаклигида аввал Қуръонни ёд олиб, кейин ҳадисларни, бошқа илмлардаги матнларни ёдлашга киришганлар.
Бугун бутун дунёда барча соҳаларда илм ривожланиб бормоқда. Биз ҳам илмий салоҳиятни юксалтиришга ҳаракат қилишимиз керак. Илм толиблари ёшликда кўпроқ матнларни ёдлашга ҳаракат қилишлари матлубдир. Қуръони Каримни ёдлаган фарзандларимизга юқоридаги каби матнларни ёдлатиб боришимиз, бунда тартибли иш қилишимиз даркор. Ана шунда биз бир қишлоққа айланаётган рақобатли дунёда рақобатбардош кадрларни етиштира оламиз ва улуғ аждодларнинг меросларини таклаган бўламиз.
Аллоҳ таоло юртимизда илгаргидек илмий етакчилик қайта тикланиб, ҳар соҳада етук олимларимиз яна кўплаб чиқишини, халқимиз бошқаларга устоз халқлардан бўлишини Ўзи насиб этсин ва бу йўлда барчамизга Ўзи мададкор бўлсин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид