islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Баҳона бўлолмайди

Ўзининг Каломи шарифида зикрни олий қилган, ва бандаларнинг турли хил баҳоналарни зикрдан тўсишга сабаб бўла олмаслигини Ўз каломи шарифида очиқ келтириб ўтиб биз бандаларни Ўзининг зикрига чақирган Аллоҳга ҳамд-у сано бўлсин. Ҳаётлари давомида дангасалик банданинг умр заволи, охират надомати эканлигини талим бериб бизга нажот йўлини кўрсатган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат саломлар.

Вақт, умр, ҳаёт, оила, мол-дунё, ота-она, фарзанд инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган неъматлардир. Булар ҳаёти дунёга боғланган ва охиратда албатта ҳисоби бериладиган неъматлар. Аммо булардан ҳам кўра муҳими эса, инсон Аллоҳ қаршисида бандалигини унитмасликдир. Ўзини Яратувчи, бу ҳаёти дунёда енг улуғ мавжудот инсон қилиб, азиз-у мукаррам этган Аллоҳни унитмаслиги лозим. Юқоридагиларнинг энг кўп ҳисоб бериладигани албатта инсонга берилган умрнинг ҳисобидир.

Умр Аллоҳ ўлчаб берган ва албатта бу ҳаётда яшаб ўтиб охиратда ҳисоб қилинадиган қарз десак янглишмаймиз. Энди шу қимматли умрда барака ва файз берувчи омил бу албатта Аллоҳнинг зикридир. Уламолар Аллоҳнинг зикрини кундалик беш вақт намоз деганлари ҳам бор. Чунки Аллоҳ таоло бу ибодат вақтларини шундай белгилаб берганки, бирор дунёвий ишларимизга ҳалал бермайди. Хаттоки Каломуллоҳда ҳам намозда қоим туришлик нажот еканлиги хусусида жуда кўплаб оятлар келган.

Биргина Мунафиқун сурасининг 9-оятида дунёдаги энг азиз неъмат бола ҳам Аллоҳнинг зикридан тўсишига баҳона эмаслиги учун Аллоҳ таоло қуйидагича огоҳлантирган:

“Эй, иймон келтирганлар! На молларингиз ва на болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса,  бас,  ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир.”

Агар инсон қалби гуноҳ-у масиятлардан пок бўлиб, Аллоҳ таолони танишлиги илм-у маърифати бўлса мол-дунё ва болалар ташвиши ҳам уни Аллоҳга қурбат қилишидан тўса олмайди. Аксинча неъмат берганни қанчалик яқиндан таниса, неъматларни ҳам шунчалик азиз билиб қадрлайди ва ҳар нафасда неъмат берувчи Зотни зикр қилиб қалби ором олади. Шу сабаб ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Азизда мол-дунё ва болаларингиз Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин демоқда.

Модомики банда шундай ҳолатга тушиб қолса, зикрлардан ғофил қолиб, буйруқ берганни қандай улуғ Зот эканлигини билмаса, буйруқни эшитган бўлсаю, аммо буйруқни бажармасдан унутса, буйруқ берганни танимаслиги илмсизлик ва ақлини берган Зот учун ишлатмасликдир. Бундай бандалар албатта улкан ютқазиш қиладилар. Бу дунёда зикрдан –намоздан ғофил қолиб, унинг ҳузурбахш роҳатидан, зикрдан келадиган ҳотиржамлик ва файз-у марҳаматдан бенасиба ўтиб кетадилар. Охиратда эса улкан надомат ва ҳасратга тўла машаққатларга дуч келадилар.

Намозларга,  зикрларга бепарво жамият кўплаб йўқотишлар қилади. Қул ҳожасига итоатсизлик қила бошласа у қул албатта танбеҳ орқали огоҳлантирилади. Инсон Аллоҳга қуллик қилишдан узоқлашса, нафсининг турли бало-ю офатлари асирига айланади. Бунга тарих гувоҳки, нафсига қул бўлган қанча жамиятлар юзтубан ҳолатда масият-у жиноятлари қурбонига айланишди.

Аллоҳ таоло инсонни баҳона излашга жуда ҳам қизиқувчан еканлигини билгани учун ҳам ояти каримада на мол-дунёнинг ташвиши уни тўплашга бўлган ҳаракат-у ташвиши, на болаларни боқиш ва улар билан андармон бўлиб қолиш ҳам Ўзининг зикри намоздан чалғитмаслигини огоҳлантириб қўймоқда. Шундай бўлса ҳам булар охиратда баҳона бўла олмаслигини ҳам хабарини бериб ўтган.

Аллоҳ таоло яна бир ояти муборагида дунёга берилиб кетиш қанчалар Ўзидан узоқ қилишини баён этиб:

“Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида, фақат дунё ҳаётининг зоҳиринигина биладилар” (Рум сураси 7-оят).

Аллоҳнинг зикридан ғофилку, аммо, ҳамма ишда жуда уддабурон кишига дунё кўринади. Мол-дунё ташвиши бандаларни хорлик ва кибрга етаклайди. Кибрнинг охири эса залолат ишдир. Бу каби Қуръони Каримда жуда кўплаб учрайди муҳими уларнинг санаш эмас. Муҳими биз бандалар кимлигимизни унитмаслигимиз. Асл яратилиш сабабимиз нима эканлигини идрок  этиб Ҳожамиз Аллоҳга қайтиш ва унинг зикри олийсини Ўзи севганидек адо этмоққа интилишдир. Зеро, инсонни яратилиш сабаби ҳам Аллоҳни таниб унга ибодат қилиб, бу синов майдони бўлган дунёдан асл макон Жаннатга ёруғ юз ила қайтмоқдир.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Зафар Маҳмудов

79550cookie-checkБаҳона бўлолмайди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: