islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тавҳид масаласида чалкашлик

Ақида китобларининг энг мўътабар манбааларидан бири бўлган “Фиқҳул Акбар” китобида:
“Инсонга тавҳид илмининг дақиқ жойларидан бирор нарса тушунарсиз бўлиб қолса, токи бирор олимни топиб ундан шу борада сўраб олмагунича унга ўша заҳоти Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўғри бўлганга эътиқод қилиш лозим бўлади. Бу нарсани талаб қилишни ортга суриш унга тўғри келмайди ва бу борада тўхтаб туриш узрли ҳисобланмайди. Агар қасддан тўхтаб турса, кофир бўлади”, деб келтирилган.
Яъни, бир банда Аллоҳ таолонинг исм-сифатлари, зоти, мутавотир бўлиб келган охират ишлари ва шунга ўхшаш тавҳид масаласида бирор бир нарса тушунарсиз бўлиб қолса у тезда ўша масалани яхши билувчи инсонни топиб сўраб, ўзига тўғри тушунча олиши лозим бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Анбиё сураси 7-оятда:

  فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

“Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”, деган.
Ўша олим инсонни топгунича ўзича бу нарсалар ҳақида фикр юритиб, ботил тасаввурлар қилиши тўғри келмайди ёки ўзи ботил таъвил қилган ҳолда ўзини фикрини ҳақ деб ўйлаб уни олим инсондан сўрамасдан юриши ҳам тўғри келмайди. Кейинроқ билиб оларман, деб бепарво юриши ҳам у инсонга узр ҳисобланмайди. Агар қасддан ҳеч кимдан сўрашим шарт эмас, деб у нарсани ҳақиқатини талаб қилишдан тўхтаса, кофир бўлади.

Мулло Алийюл Қорий роҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳукмлар (фиқҳ) илмидаги ихтилоф раҳматдир, тавҳид илмидаги (ақоиддаги) ихтилоф эса залолатдир”, деганлар.
Илмсизлик ёки эътиборсизлик туфайли ҳозирда жамиятимизда шунга ўхшаш масалалар учраб туради. Минг афсуски, ўзини олимман деб ўйлаган баъзи шахслар жуда ҳам нозик бўлган тавҳид масаласида қўрқмасдан ҳукм чиқармоқда ва оқибатда мусулмонлар орасида бўлиниш юзага келмоқда. Инсонлар билиб, англаб олиши керак бўлган энг зарур нарса бу, ақида илмини ҳамма ҳам билиб олавермайди, у мантиқан ўйлаб кўриб, ақлга тўғри келса, ишониб кетаверадиган илм эмас. Бирор бир инсонга тавҳид масаласида бирор бир савол туғилдими, дарҳол уни ўша жамиятда ҳақиқатда олим деб эътироф этилган, ақида илмини яхши биладиган инсондан сўраб олиши лозим. Лекин бир кишини олим деб билади, ҳамма уни эътироф этади, аммо, у олим ақида илмини яхши билмаса, кейин ўша кишига бориб чигал савол бериб, ўша киши ҳам ўзини фикрини ҳақ деб айтиб, тавҳидга зид ҳукм чиқариши умуман ҳалол бўлмайди.
Шунинг учун барча мўмин-мусулмолар исломнинг асоси бўлган ақида илмини ўрганиши лозимдир. Ақида билмаслик жуда аянчли оқибатларга олиб келади, Аллоҳ асрасин, кофир бўлиб бутун умр қилган амаллари ҳабата бўлиши мумкин.

Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганлар:

Ақида билмаган шайтонга элдир
Агар минг йил амал деб қилса, елдир.

Ақида билмаган кишида шайтондан ҳимояланадиган энг муҳим восита бўлмайди. Шайтон эса бундай кимсани тезда ўз йўлига йўллаб қўяди. Энди шайтонни йўлида юрган кишини ибодатлари қандай мақбул бўлсин?! Шунинг учун Аллоҳ таоло тўғрисидаги соф эътиқодни ўрганишга астойдил ҳаракат қилиши лозим бўлади.

1-курс талабаси
Робия Маннобжонова

 

79680cookie-checkТавҳид масаласида чалкашлик

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: