islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

СИЖИСТОН ШАҲРИ

   Сижистон ислом оламида машҳур бўлган катта туманлардан  биридир. Баъзи тарихчилар Сижистон шаҳардан кичикроқ бўлган шаҳар яқинидаги минтақа деб айтганлар. Сижистон тобе бўлган шаҳар Зарнуждир. У билан Ҳирот ораси ўн кунлик йўл ва саксон фарсах бўлган. У Ҳиротнинг жануб тарафида жойлашган. Ери унумдор, қумлоқ, серҳосил ерлар сарасига киради. Бу минтақада доимо шамол эсиб туради. Шу сабабли яқин давргача у жойда шамол тегримонларидан илова фойдаланилган. Унинг географик жойлашуви узунликда 64,25 даража ва кенгликда 32,16 даражага тўғри келади. Бу 3-вақт (GMT 3:00) минтақасида жойлашган.
Тарихшунос олим Истохрий бу шаҳар борасида қуйидагиларни айтган: “Сижистон ҳавоси мўътадил, ери ўта қумли, шамол вақти-вақти билан юқори даражада эсадиган текисликдан иборат бўлган, тоғи йўқ шаҳардир. Инсонлар ўзларига қум керак бўлган вақтда ёғочлардан тўсиқ ясаб, шамол йўналишига қўяр эдилар. Шамол эсган сари қўйилган тўсиққа қум йиғилиб қолар эди. Лекин бу минтақа Зарнуж шаҳридан аввал пайдо бўлган. Сижистонда асосан хурмочилик билан шуғулланилган. Унинг аҳолиси бақувват, гавдали инсонлар бўлиб, одатда ўзлари билан қилич олиб юришар эди. Улар сариқ, қизил, яшил ва оқ рангдаги саллаларни ўраб юрганлар. Саллаларнинг узунлиги одатда уч-тўрт зироъ[1] бўлган.
   Сижистон аҳолиси форс миллатига мансуб бўлиб, уларнинг аксари ҳанафий мазҳабига эргашганлар. Халқи жуда ориятли бўлиб, аёллари кўчага чиқмас, ота-оналарининг зиёрати учун ҳам кечасида борар эдилар. Аҳолининг баъзиси хавориж фирқасига мансуб бўлган”.
       Тарихчи Абулфазл Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Мақдисий қуйидагиларни зикр қилган: Мен Муҳаммад ибн Абу Насрдан эшитдим, у зот дедилар: “Имом Абу Довуд Сижистоний Басра шаҳрига қарашли Сижистон қишлоғидандир. Лекин бу Сижистон Хуросондаги машҳур Сижистон минтақаси эмас”. Лекин аксар тарихчилар наздида бу гап мўътабар эмас.
Яна Сижистонни баъзи бир манбаларда қисқартириб Сижзий (السجزي) деб ишлатилган. Ибн Асокир ўзининг тарихга оид китобида Абу Али ал-Ҳасан ибн Бандар аз-Занжонийнинг қуйидаги гапларини келтирган: “Сижистон Хуросоннинг жанубий қисмида жойлашган минтақа бўлиб, ҳозирда Афғонистоннинг жанубий ғарбида жойлашган ва Эроннинг жанубий шарқий минтақаларигача чўзилган ўлка ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу минтақа Систон деган ном билан машҳур. Систон форс тилида “ярим кун” ёки “жанубий ер” деган маънони билдиради. Айтилишича, бу минтақа Хуросоннинг жанубида жойлашгани учун Систон деб номланган”.

 

4-курс талабаси
Нурбаев Ҳурмуҳаммад

 

[1] 1 зироъ 46,2 смга тенг.

84340cookie-checkСИЖИСТОН ШАҲРИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: