islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мир Алишер ҳаётига назар…

Бутун туркий тил дунёси Алишер Навоийни “Шамс ул-миллат” — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Алишер Навоий ҳижрий 844 йили Ҳирот шаҳрининг Неъматобод мавзесида илм-маърифатли, билимсевар оилада дунёга келди. Бу милодий 1441 йил феврал ойининг 9-кунига тўғри келади.

Алишер Навоийнинг ота томонидан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан эмикдош бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан бўлиб, мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи, исми маълум эмас.

Замондошлари уни “Низомиддин Мир Алишер” деб улуғлаганлар. “Низомиддин” — диннинг низоми деганидир. Кўпинча, мансаб эгаларига нисбатан айтилган “Мир” — амир демакдир.

Академик Алийбек Рустамов бу ҳақида қуйидагиларни ёзади:  “Ҳазрати Навоийнинг диёнати ҳамма замон, ҳамма маконнинг ҳамма халқлари, айниқса мусулмонлар учун ўрнакдир. У Ислом ибодатию муомаласи, ахлоқу одобига аъло даражада амал қилди, ўзини бутунлай мамлакат тараққиёти ва эл хизматига бағишлади. Шунинг учун унга “Низомиддин” лақаби берилди”.

Алишер болаликдан маърифатли оила муҳитида тарбия топди. Алишер оилада учинчи ёки тўртинчи фарзанд бўлиб, мактабда бўлажак султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга ўқиди. У ерда савод чиқарди, шеър ўқиш ва ёд олиш, шеър битишга болаликдан ҳавас уйғонди. Кичик мактаб ёшида форс шоири Фаридиддин Атторнинг катталар ҳам тушуниши қийин бўлган “Мантиқ ут-тайр” достонини форс тилида ўқиб ҳам уқиб ёд олгани унинг ёшлик истеъдодининг муҳим қирраларидан эди. 1447-йилда подшоҳ Шоҳрух Мирзо вафот этиб, пойтахт Ҳирот нотинч бўлиб қолади. Алишерлар оиласи Ироққа кўчиб кетади. Йўлда Тафт шаҳрида Алишер машҳур тарихчи Шарофиддин Али Яздий билан учрашади, зийрак ва ақлли болакайнинг зукколигидан мамнун бўлган кекса олим унинг ҳаққига дуолар қилади. Халқ орасидаги “Улуғлар дуоси қабул бўлади” деган нақл бежиз эмас.

Алишерлар хонадони 1451-йилда Ҳиротга қайтади. Кўп ўтмай, тахтга Абулқосим Бобур Мирзо ўтиради. Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад Сабзаворга ҳоким қилиб тайинланади. Алишер эса, ўқишни давом эттиради. 1453-йилда Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад вафот этди. Алишер Абулқосим Бобур хизматига кирди. Аввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшади. Икки мактабдош дўст — Ҳусайн ва Алишер яна бирга бўлдилар. Бу йиллар ҳам ёш Алишер учун ўқиш ва билим эгаллаш йиллари бўлди. Шеърга меҳр Алишерни ижодга ундади. Ўзбекча шеърларига “Навоий”, форсча шеърларига “Фоний” тахаллусини қўйди.

Ўсмирлик даврларида Алишер ўқишда ва ёзишда тиним билмас, шеър мутоаласидан чарчамас эди. “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўзининг ёшлик чоғида машҳур ўзбек ва форс шоирлари назмидан 50 минг байт (100 минг мисра) шеърни ёд билганини сўзлайди. Болалик вақтларидаёқ ўз даврининг Амир Шоҳий, Лутфий, Камол Турбатий каби шоирлари билан яқиндан алоқада бўлди. Отаси вафотидан сўнг таниқли илм ва адабиёт, санъат арбобларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад кабилар оталик қилдилар. Сабзаворлик олим ва шоир Дарвеш Мансурдан аруз бўйича таълим олди.

1457-йилда Абулқосим Бобур Мирзо вафот этди. Унинг ўрнини Абусаид Мирзо эгаллади. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга шўнғиб кетди. Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттирди. 1464-йилда Ҳиротга қайтиб келган шоир ҳаётида нохушликлар бошланди. Абусаид Мирзо тахтга даъвогар Ҳусайн Бойқаронинг яқин кишиларини таъқиб остига олади. Алишернинг ота мулкини мусодара қилади, тоғалари Кобулий ва Ғарибийларни қатл эттиради.

Навоий 1460-йилларнинг иккинчи ярмида Самарқандда яшади. Темурбек пойтахт қилган бу кўҳна шаҳар унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. Бу ерда ўз даврининг етук олимларидан, хусусан, шу кунгача асарлари Ислом оламида мўтабар саналиб келаётган Фазлуллоҳ Абулайс Самарқандийдек алломадан сабоқ олди. Кейинчалик бу шаҳарни ўз асарларида “фирдавсмонанд” (жаннатмисол) деб таъриф этди. Бу ерда шоир сифатида жуда катта шуҳрат топа борди. Бир девонга етиб ортадиган асарлари бўлишига қарамай, камтарлик туфайли бўлса керак, ўзи тартиб бермаганлиги учун 1465-1466-йилларда унинг мухлислари шеърларини тўплаб, “Девон” туздилар. Бу китоб бугунги кунда шартли равишда “Илк девон” деб номланади.

1469-йилда Ҳирот тахтига Ҳусайн Бойқаро чиқади ва Самарқандга хат йўллаб, Алишер Навоийни ўз ёнига чақириб олади. Давлат ишларига жалб этади, аввал муҳрдор, сўнг вазир қилиб тайинлайди. Муҳрдор — давлат ҳужжатларини расмийлаштирувчи амалдор. 1487-1488-йилларда Астрободга ҳокимлик қилди. Ҳусайн Бойқаро ҳокимият ишларида Навоийнинг ақл ва садоқатига таяниб иш кўрди. Унинг қаршилигига қарамасдан, шоирни юқори мартабаларга тайинлади. Унинг вазирлик йиллари Ҳиротда ободонлик ишлари авж олган, маданият гуллаб, яшнаган, адолат ва ҳақиқат туғи баланд кўтарилган давр бўлди.

Давлат ишлари билан бир қаторда ўзининг севимли машғулоти — бадиий ижодни ҳам тўхтатмади. 1472- 1476-йил-ларда “Бадое ул-бидоя” , 1476-1483- йилларда “Наводир ун-ниҳоя” номлари билан икки девон тузди.

1483-йилда туркий тилда биринчи бўлиб “Хамса” ёзишга киришди ва мисли кўрилмаган қисқа муддат — икки йилда беш йирик достондан иборат асарни ёзиб тугатди. Илм ва ижод аҳли бу воқеани зўр шодликлар билан қарши олди. Абдураҳмон Жомий Навоий “Хамса”сига юксак баҳо берди. Ҳусайн Бойқаро буюк шоирни ўзининг оқ отига миндириб, унга жиловдорлик қилиб, Ҳирот кўчаларини айлантирди. Бу инсоният тарихида камдан кам учрайдиган ҳодиса эди: қудратли давлатнинг шавкатли подшоҳи бир шоирга жиловдорлик қилса. Мазкур ҳодиса айни пайтда Ҳусайн Бойқаронинг маънан юксак, маърифатли ва ҳақиқатпеша ҳукмдор бўлганлигининг далилидир. Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида бежиз уни Шоҳ Ғозий дея улуғламаган эди.

1489-1493-йиллар шоир учун айрилиқ, оғир жудолик йиллари бўлди. Дўстлари, устозларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Абдураҳмон Жомий, Паҳлавон Муҳаммад кетма-кет вафот этдилар. Навоий уларнинг хотирасига бағишлаб учта мемуар — эсдаликлардан иборат насрий асарлар яратди. Навоий фаннинг бир неча соҳаларида қалам тебратиб, забардаст олим эканлигини ҳам исбот этди. Ўтмиш мавзусида “Тарихи мулки Ажам”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарларини ёзган. Туркий адабиётшуносликда ҳам унинг алоҳида ўрни бор. Арузга доир “Мезон ул-авзон”, тазкирачиликка оид “Мажолис ун-нафоис” каби асарлар яратди. Булар ўзбек (турк) тилида шу соҳалардаги биринчи асарлар эди. Буюк шоир тилшунослик билан ҳам қизиқди. Луғатшуносликка оид “Сабъату абҳур” номли китоб ёзди. Айниқса, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида турк (ўзбек) ва (форс) тилларини солиштириб, ўз она тилининг туганмас имкониятларини илмий асослаб берди.

Навоий 1490-йилларда адабиётимиз тарихидаги яна бир катта ҳодиса — “Хазойин ул-маоний” мажмуасини тузди. Тўрт девондан иборат бўлган бу улкан шеърий тўплам шоирнинг туркий тилда ёзган деярли барча лирик шеърларини қамраб олган эди. Шунингдек, форс тилини мукаммал билган ва унда ҳам баракали ижод қилган шоир бу тилда ёзган шеърларини тўплаб «Девони Фоний»ни тузди.

Буюк адиб умрининг охирига қадар илм-у ижод билан қизғин ва самарали шуғулланди. Шарқда ўтган машҳур шайхлар, сўфийлар ҳаёти ҳақида маълумот берувчи “Насойим ул-муҳаббат” асарини ёзиб тугатди. Сўнг умр бўйи хаёлини банд этган “Лисон ут-тайр” ни қоғозга туширди. Бошқалар билан олиб борган ёзишмалари — хатларини тўплаб “Муншаот” тузди. 1500-йилда буюк мутафаккирнинг яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги қарашларини ўзида ифодалаган “Маҳбуб ул-қулуб” асари майдонга келди. Бу буюк адибнинг сўнгги асари эди.

Бугунги кўп манбаларда Алишер Навоийнинг вафоти 1501 йилнинг январ ойининг 3-куни деб берилади. Бу ҳижрий 986, ражаб ойининг 29-сига тўғри келади.

Тошкент ислом институти битирувчиси
Исломбек Анорбоев

90680cookie-checkМир Алишер ҳаётига назар…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: