islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институтида Ҳадис илми мактаби абитуриентлари учун тайёрлов курси бошланди

Юртимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш, уларнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш мақсадида Ҳадис илми мактабини ташкил этилган эди.

Давлат раҳбарининг жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этишга оид берган топшириқлари ижроси мақсадида  бир қанча вазифалар амалга оширилди. Жумладан, 2019 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни ва Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди.

Мазкур Йўл харитасига мувофиқ Ҳадис илми мактаби абитуриентларини янги ўқув йилига қадар пухта тайёрлаш, энг муносиб абитуриантларни талабаликка кабул қилиш мақсадида 2019 йил 17 июндан Тошкент ислом институтида тайёрлов курси бошланди.

Ушбу курсда Республикамиздаги ўрта махсус таълим муассасаларини битирган 52 нафар  абитуриентлар иштирок этмоқда. Тайёрлов курси дарс машғулотларига “Араб тили”, “Ҳадис истилоҳлари”, “Ҳадис шарҳлари” фанларидан Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳадис илми мактаби абитуриентларига ётоқхона, уч маҳал овқат ва ўқув машғулотларига ўз вақтида келиб-кетишлари учун автобус таъминотлар билан тўлиқ таъминланди.

 

92240cookie-checkТошкент ислом институтида Ҳадис илми мактаби абитуриентлари учун тайёрлов курси бошланди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: