islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Муфтий ҳазратларининг Хоразм вилоятига ташрифлари бошланди

Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрдилар. Сафар давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриш, аҳоли билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиш, вилоятда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оила хонадонларидан хабар олиш, шунингдек, вилоят имом-хатиблари билан соҳада бўлаётган ўзгаришлар, диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида давра суҳбати ўтказиш режалаштирилган. Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 805

Экстремистлар кимга хизмат қилади?

Диний экстремизм йигирманчи аср охири ва йигирма биринчи аср бошларидаги энг хатарли оғриқ нуқталардан бири бўлиб турмоқда. Бутун жаҳон афкор оммаси бунга қарши бор имкониятларни ишга солмоқдалар. Хусусан, юртимизда ҳам муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида чора-тадбирлар йўлга қўйилмоқда. Бу чора-тадбирларда асосий эътибор ҳушёрликка ва ёшлар тарбиясига қаратилмоқда. Маълумки, юртимиз аҳолисининг асосий қисми мусулмонларни ташкил қилади. Мусулмонлар қадимдан, Исломнинг аввалидан барча раҳнамоларга одоб билан қулоқ солган ва уларга эргашган. Шунинг учун ҳар қандай соҳада бўлган каби турли бузғунчи оқимларга қарши маърифат билан курашишда ҳам имом-хатиблар ҳаммадан кўра масъулиятлироқ бўлишлари лозим. Чунки халқни тўғри йўлга етаклашда асосий вазифа айнан имом-хатибларимиз зиммасига тушади. Диний идора тизимида ишлайдиган ҳар бир ходим бутун халққа аввало ўзлари ибрат бўлишлар керак. Дастлаб ўзининг, кейин оиласининг тарбиясини барчага намуна қилмас экан, қандай қилиб бошқаларга насиҳат қилсин? Шундай экан, диний хизмат ходимлари барча жабҳада пешқадам бўлишлари керак. Бу тўғрида Президентимиз Ш. Мирзиёев алоҳида тўхталиб ўтган: “Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан”. («Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан) Бизга юкланган шарафли масъулият ва вазифалар нималардан иборат? Аввало бутун инсоният бошига ташвиш олиб келаётган экстремистик оқимларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларига муносиб тарзда, аниқ шаръий далиллар асосида, омма халқ тушунадиган ва далиллардан етарли даражада қониқадиган даражада раддиялар бериб боришимиз лозим. Бугунги кунда оммавий ахборотлар шунчалик кенг ёйилиш имкониятига эга бўлдики, бундай ҳолда ёшларни чалғитадиган уйдирма ва сафсаталарни шунчаки яшириш билан эмас, балки уларнинг асли сиртидан қараганда Қуръони карим оятларига ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига ўралган бўлсада, ичида асл манбаларни, соф Исломий таълимотларни яширгувчи фитналар борлигини халққа яққол кўрсатиб қўймасак бўлмайди. Хусусан экстремизм ҳақида сўз борар экан, биз ўзимиз бу ибора ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлишимиз лозим. «Экстремизм» сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “кескин фикр ва чораларни ёқлаш, кескин чораларга тарафдорлик” маъносини англатади. Бу атаманинг сиёсат билан боғлиқ жиҳатлари шундаки, норасмий экстремистик ташкилот раҳбарлари сиёсий масалалар юзасидан “кескин, қатъий чоралар кўриш йўли билан”, яъни куч ишлатиш, зўрлик билан давлатнинг расмий ҳокимиятни конституцияга хилоф равишда ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигидадир. Ҳар қандай экстремистик-террорчилик хуружининг мақсади давлат тўнтаришини амалга ошириш ва фуқаролар урушини келтириб чиқаришдан бошқа нарса эмас. Улар шу йўл билан кимларнингдир ноғораларига ўйнайди. Натижада террор ортида қанчалаб корчалонлар қурол савдоси билан шуғулланади. Энг ачинарли томони бутун инсониятнинг ҳаёти, қони уларнинг мўмай даромадлари олдида арзимас сариқ чақага ҳам арзимайди. Бундан ҳам таассуфли томони ўша ээкстремистик оқим аъзолари ҳам кимга хизмат қилаётганини англамайди. Раҳнамолар Аллоҳ учун деса, соддалик билан лаққа тушади. Демак, энг аввало билишимиз ва бошқаларга, хусусан ёшларга билдиришимиз лозим бўлгани шуки, экстремизм аъзолари кимлар учун хизмат қилмоқда? Дингами, динсизгами? Қамариддин Минҳожиддинов. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти махсус сиртки бўлими 2 боскич 607 гуруҳ талабаси. 731

“ИЙМОННИНГ ТАЪРИФИ ВА РУКНИ” МАВЗУCИДА ОЧИҚ ДАРС БЎЛИБ ЎТДИ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Устоз Қудратуллоҳ домла Сидиқметовнинг 2020 йил 11 март куни 603 гуруҳ талабаларига Ақоид фанидан “Иймоннинг таърифи ва рукни” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди. Очиқ дарсни Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов ва кафедра устозлари Ф.Жўраев, Ҳ.Жўрабоев, М.Жўраев, А.Ғофуров, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири А.Тошпўлатов ва кафедра ўқитувчиси Ю.Абдурахимов, “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси И.Юлдашев ва бошқа устозлар кузатиб, таҳлил қилиб бордилар. Иймоннинг таърифи ва рукни «Иймон» сўзи луғатда «тасдиқлаш», «бўйсиниш», «омонлик бериш» маъноларини англатади. Аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида биринчи маъно, яъни «тасдиқлаш» маъноси мўьтабар ҳисобланади. Истилоҳда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш бўлиб, тил билан иқрор бўлиш эса, иймоннинг шарти ёки унинг бир бўлаги дейилган. (ал-Мажмуату ли қоваидил фиқҳийя. 98-бет). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш деганда у зот келтирган барча нарсаларни ўз ичига қамрайдиган қуйидаги етти нарсага шаксиз ишониш тушунилади: Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан экани ва ўлгандан сўнг қайта тирилиш. Саъдуддин Тафтазоний ўзларининг «Ат-Талвиҳ» номли асарларида шундай деган: Аслида иймон тасдиқдир. Бунинг маъноси яратувчи таолонинг борлиги, ягоналиги ва бошқа сифатлари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубуввати ва у зот келтиргани аниқ маълум бўлган нарсаларни тасдиқлаб, унга бўйсиниб қабул қилишдир. Шунга кўра луғат жиҳатидан «Тасдиқлаш» маъносини ифодалаган «Иймон» сўзи шариат истилоҳида махсус нарсаларни тасдиқлашга қайдланиб иймон дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг маъносини қуйидагича баён қилганлар: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда қадарга; унинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг» (Имом Муслим ривояти). Иймоннинг тасдиғи ҳақида турлича фикрлар бор: 1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоаси: «Иймон қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир», деганлар. 2. Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилган: «Иймон – тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир», деган фикрга иттифоқ қилганлар. 3. Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳлар: «Тил билан иқрор қилиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн – қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса унга аломат ёки узрли бўлганлар учун шартдир», дейдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан бошқа аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф сувратда, холос. Уларнинг гуноҳи кабира иймондан чиқармаслигига, балки, уни қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинишига, хоҳласа азоблайди, хоҳласа афв қилади, деган фикрда иттифоқ қилиб туриб, қалбдаги иймон учун аъзоларининг амали лозимми ёки иймондан бир жузми деган гапни айтишлари лафзий низодан бошқа нарса эмас. Бу ерда, ақийдага тегадиган нарса йўқ. Агар бу масалада Аҳли сунна вал жамоа орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига ва шу боисдан тафриқага тушишларига ҳеч ҳожат йўқ. Ақийда илми олими Умар Насафий роҳматуллоҳи алайҳ: «Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади», деганлар. Мана шу маъно мотуридийлар жумҳури ва муҳаққиқ ашъарийларнинг сўзидир. Абдуллоҳ Ғофуров Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий...

Ҳазратимдан қолган асарлар…

Жудолик диёри эрур бу дунё, Дилни емирмоқда ширин ҳасратлар. Бу дунёдан бир зот кетдилар, аммо У зотдан қолди-ку чексиз хизматлар! Айтдилар қанчалаб ваъз-у хитоблар, Ёздилар турфа хил, юзлаб китоблар, Буларни чин мухлис топди излаблар, Буларни топганда ошди ҳайратлар. Тафсири ҳилоллар турар нурафшон, Ҳадис ва ҳаёт бирла умрлар шодон, Қуръон илмлари, ақоид ва иймон, Ҳислатли бўлсин биздаги ҳикматлар! Чин Ислом мусаффолиги йўлида, Тасниф этилгандир Олтин силсила, Доимо мўминнинг бўлсин кўнглида Яхшилик ҳамда силаи раҳматлар! Фароғат қасри – бахтиёр оила, Унинг фарзандидир ҳар соғлом бола, Ҳамда кексаларни эъзозлаш ила Тугал бўлажакдир шунда роҳатлар! Мўминнинг қалқон, нажот ва меърожи, Эътиқодидир зулматда сирожи, Мўмин умр сафари – бошда гултожи, У учундир бари тотли неъматлар! Ақийда-Таҳовий шарҳи талхийси, Сунний ақийдалар бунда нафиси, Усулул фиқҳ-у мусталаҳ ҳадиси, Расулуллоҳ бирла ўтар соатлар! Тасаввуф ҳақида тасаввур қилинг, Зуҳд-у ҳаё бирла доимо бўлинг, Амаллар ниятга боғлиқдир, билинг, Шу бирла тугалдир бизнинг тоатлар! Очиқ-ойдин эрур ҳалол ва ҳаром, Соф табиат дини – динимиз Ислом, Одоблар хазинаси – гўзал инъом, Шоядки, тақводор бўлса ҳолатлар! Ихтилофларга бор ечим, сабаблар, Жуда кўпдир фиқҳий мазҳаб, китоблар, Мазҳаблар бирлик рамзидир, жаноблар, Шулар камин тўлдирур очиқ хатлар! Қарз, бозорни ўйлаб, бўлсангиз гаранг, Тезлик ила сиз зикр аҳлидан сўранг. Сеҳр-у фолбинликдан асаблар таранг, Йўқ бўлсин мазҳабсизликдай бидъатлар! Қалбимиз тўғрилар руҳий тарбия, Амалларга эса етар кифоя, Ёлғон-у исрофга ясар ниҳоя Ҳаёт мағзидир – динда насиҳатлар! Ислом тарихига солсангиз назар, Динни доим фозил, олимлар безар, Самарқанд тўлиб сара уламолар Чиқсин яна имоми ҳидоятлар! Васатия бизнинг ҳаёт йўлимиз, Удир мукаммал саодат йўлимиз, Ижтимоий одоблар асл ўрнимиз, Шундадир бари асли саодатлар! Ўқинг, биродарим, тинмайин ўқинг, Ҳазрат китобларин барчасин ўқинг, Уларни ўқибон оламга боқинг: Сиздан аригайдир ташвиш-у дардлар! 205 гуруҳ талабаси Қобулов Оятуллоҳ Фарходжон ўғли 781

Устозни ёд этиб

Бундан беш йил аввал 2015 йил, 10 март куни. Ислом оламида ўз мавқеига эга бўлган етук аллома, кўплаб шогирдлар етиштирган буюк олим, бутун умрини илмга бахшида этган ва илм улашишга бағишлаган, уммат ғамида яшаб ўтган, кўплаб асарлар ва илмий мерос қолдириб кетган фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини эсламасликнинг иложи йўқ, албатта. Шу куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар. Шу ўринда ҳазратимизнинг ҳаёт йўллари билан қисқагина танишиб чиқсак. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижрий 1371 йил 21 ражаб, милодий 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида, Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ етук аллома, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, муршид, ўз замонасидаги Ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, Мовароуннаҳр халқларининг диний раҳнамоси эдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ бутун умрини “Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенглик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш” шиори остида Аллоҳ таолонинг ҳақ динига, У Зотнинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган рисолатни тарғиб қилишга бахшида қилиб ўтган саодатманд инсон эдилар. – 1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга қабул қилиниб, 1975 йили биринчи қалдирғочлар сафида ўқишни муваффақиятли битирди. – 1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректор муовини; – 1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори вазифаларида ишлади. – 1981–89 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, Қуръон илмлари, ақийда фанларидан дарс берди. У киши 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади. Муфтийлик вазифасида фаолият юритаётган вақтларида кўплаб мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш каби масалалар кўтарилган махсус баённома тақдим этган. Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган. У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган. Шайх ҳазратлари диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Ҳазратнинг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқиши, кўплаб китоблари, жумладан, аудио-китоблари...
1 1 100 1 101 1 102 1 103 1 104 1 555