Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 20 декабрь куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси С.Жўраевнинг 303-гуруҳга «Усулул фиқҳ» фанидан “Мажоз ва унинг таърифи” мавзуcида очиқ дарси бўлиб ўтди. Мазкур очиқ дарсга “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Я.Раззақов, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи ҳамда сифат комиссияси раиси ўринбосари Ё. Бухорбоев, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ҳ.Жўрабоев, Ҳ.Низомиддинов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси О.Ҳошимов, “Тиллар” кафедраси кабинет мудири К.Асроров, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири Қосим Абдуллоҳ қатнашиб, таҳлил қилишди ва уни яхши баҳолашди. Жўраев Соибжон домла очиқ дарсда янги мавзуни “Нурул анвор” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир масалани ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтириб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда интерфаол педагогик усулларни ўринли тадбиқ этиб, кўргазмали қуроллар ва тарқатма материаллардан самарали фойдаланди ҳамда дарсни тўғри ташкил этди. Ўқитувчи мавзуни қуйидагича баён қилди: Мажознинг таърифи: лафз қўйилган ўз маъносидан бошқа маънода истеъмол қилинса, мажоз дейилади. Мисол учун الأسد лафзи, аслида йиртқич ҳайвон учун атоқли исм қилиб қўйилган бўлиб, шижоатлик кишига истеъмол қилинса, ушбу лафзга, мажоз дейилади. Чунки у ўзининг аслий маъносидан бошқа маънога ўтди. قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Молик ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тиллага тилла (алмаштириш) рибодир. “Ол!”, “Бер!” бўлса, мустасно. Буғдойга буғдой рибодир. “Ол!”, “Бер!” бўлса, мустасно. Арпага арпа рибодир. “Ол!”, “Бер!” бўлса, мустасно. Хурмога хурмо рибодир. “Ол!”, “Бер!” бўлса, мустасно””, деганлар”. Бешовлари ривоят қилганлар. Ҳанафий мазҳабига кўра, (ҳанбалийлар мазҳабининг зоҳири ҳам шундай) рибо молларини аниқлашнинг 2 та қоидаси бор: Мол олтин ва кумуш каби вазний ёки буғдой, арпа, хурмо ва туз каби кайлий бўлиши керак. Бу миқдор ўлчовидир. Қанча миқдорда эканини эса вазн ёки кайл йўли билан билиш мумкин. Рибо бўлиши учун алмаштириладиган молларда жинс бир бўлиши керак. Демак, ҳанафийлар ва ҳанбалийлардаги иллат миқдор ва жинсдир. Ҳанафий мазҳабида рибо кайлий ёки вазний ҳамма нарсада бўлади. Масалан: Кайлий таом: буғдой, арпа, хурмо, туз, гуруч, ловия ва мош. Вазний таом: гўшт, балиқ, сарёғ, шакар ва баъзи мевалар. Таом бўлмаган кайлий: ҳина, оҳак ва гипс. Таом бўлмаган вазний: темир, қўрғошин, мис, жавоҳир ва маржон. Таом бўлмаган вазний: темир, қўрғошин, мис, жавоҳир ва маржон. Ҳанафий мазҳабининг рибо молларидаги иллат миқдор ва жинсиятдир деганларига ҳужжат Ҳанафий уламолар рибонинг иллати миқдор ва жинс эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг الحنطة بالحنطة “ Буғдойни буғдойга” деган сўзларини ҳужжат қиладилар. Унинг маъноси بيع الحنطة بالحنطة “ Буғдойни буғдойга сотиш”. Буғдой исми бир дона уруғни ифодалагани учун олди-сотди жараёни содир бўлмайди. Бир дона буғдой уруғи қийматга эга эмас ва ҳеч ким бир дона уруғни сотмайди. Демак маьлум бўладики, “буғдой” сўзи зарурат юзасидан қийматга эга мол маьносида ишлатилган. Унинг қиймати эса насс тақозоси ортидан собит бўлган кайл билан маълум бўлади. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Я.Раззақов 1 047
Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув ва тараққиёт асри ҳар кимдан кучли билим ва тафаккур эгаси бўлишни, замонавий ахборот технологияларидан унумли ва мақсадли фойдаланишни, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан мустаҳкам фуқаролик позицияси билан ёндашишни талаб этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 20 декабрь куни Тошкент ислом институти 1 курс талабалари учун “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси масъул ходими, подполковник Абдувоҳид Шукуров ўзининг сермазмун маърузаси билан иштирок этди. Тадбирни Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров ҳозирги кунда ёшлар тарбияси ва таълими ҳар жиҳатдан долзарб эканлиги таъкидлаб сўзни подполковник А.Шукуровга берди. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик олий неъматлиги, ҳар бир миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, урф-одатлари, анъаналари, барҳаёт қадриятлари ташкил этиши, уни асраб-авайлаш кераглиги ва турли ваъдаларга ишониб алданиб қолмасдан, балки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиш, ҳалол меҳнат қилишга одатланиш, келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишга ҳаракат қилиш бугунги ёшларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак – деди А.Шукуров. Шунингдек, тадбирда талабаларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, диний бағрикенглик ва диний ташкилотлар фаолияти тўғрисида Республикамизда олиб борилаётган ишлар ва қабул қилинган хужжатлар тўғрисида маълумотлар берилди. Маърузада бугун дунёда кечаётган таҳликали жараёнларнинг иштирокчилари ёшлар бўлиб қолаётганлигини афсус билан қайд этилиб, мазкур ҳолатларга қарши курашиш борасида батафсил маълумот берди. Хусусан, исломга ёт норасмий диний жамоаларнинг хозирги даврда Интернет ахборот тизимининг турли сайтлари оркали таъсир ўтказишлари мумкинликлари, хамда бу борада ёшларимизни огоҳ бўлишга чақирди. Эслатиб ўтамиз, бу каби тадбирлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “Диний соҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ ўтказилмоқда. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 809
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу: “Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир”. Абу Абдурраҳмон Амрий: “Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол-покиза нарсаларга алмаштиради”. Фузайл: “Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут”. Ҳассон ибн Абу Синон: “Тақводорликдан осон нарса йўқ: қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк этгин”. Язид ибн Зариъ ўзига теккан беш юз минг (тилла) меросни тарк этди. Унинг отаси султонлар хизматини қиларди. Улкан меросни тарк этган Язид бир умр сават тўқиб, шунинг орқасидан кун кечирди. Мисвар ибн Махрама тижорат учун жуда кўп дон сотиб олди. Куз пайтида кўкка булут чиққанини кўриб, кайфияти бузилди. Сўнг ўзининг бу қилиғидан норози бўлиб деди: “Во ажаб! Ҳали мен мусулмонларга фойдали бўлган ёмғирни ёмон кўрдимми?!” Шундан кейин ўша сотиб олган молидан мутлақо фойда қилмасликка қасам ичди. Унинг қароридан хабар топган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Аллоҳ сени хайрли мукофотлар билан тақдирласин!” Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар: – Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз? – Челагим бўлганда ичардим! – деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар. Юқорида айтилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ бир ҳақиқат ҳеч вақт хотиримиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини покиза сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтож. «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 930
Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган «Энг маърифатли имом – 2018» кўрик танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ходимлари, уламолар, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди. Йиғилган баллар бўйича ғолиблар аниқланди. 1 ўрин: Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Худоёрҳожи» жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиев. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган ноутбук ва 3.000.000 сўм пул мукофоти топширилди. 2 ўрин: Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Кулолқўрғон» жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Яҳёхон Абдураҳмонов. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган LCD 42 телевизор ва 2.500.000 сўм пул мукофоти топширилди. 3 ўрин: Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Саъдулло ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов . Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган микро тўлқинли печ ва 2.000.000 сўм пул мукофоти топширилди. Бундан ташқари, бир қанча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар номи эълон қилинди. «Энг кўп обуна уюштирган имом» номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги «Нурул Ислом» жоме масжиди имоми Озод Назаров; «Энг кўп мақола чоп этган имом» номинацияси бўйича Қашқадарё вилояти Касби туманидаги «Фазли» жоме масжиди имоми Азамат Усмонов; «Энг обод масжид» номинацияси бўйича Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжиди; «Энг инновацион ёндашув» номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги «Домло Омонулло» Ғанижон Абиев ва Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги «Далварзин» жоме масжиди имоми Искандар Ортиқов тақдирландилар. 790