Али Аҳмад Мулланинг овози бутун дунёга маълуму машҳур. У 40 йилдан буён Маккадаги Масжидул Ҳаромда мусулмонларни жамоат намозига чорлаб келади. Гарчи унинг исмини билмасангиз-да, овозини, эҳтимол кассета ва дискларда ёки телевизор ва интернетда эшитгансиз. Унинг азон айтган аудио ёзувлари Америкадан Хитойгача бўлган дунёнинг турли бурчакларидаги мусулмонларнинг қулоғига етиб борди. Алининг овози чиройли ва гўзал бўлганлиги учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари шарафига унга «Билолул Ҳарам», яъни “Масжидул Ҳаром Билоли” номи берилган. Али Аҳмад 1945 йилда муаззинлар оиласида туғилган. Отаси Аҳмад Мулла, бобоси Али Мулла, амакиси Сиддиқ Мулла ва амакиваччаси Абдумалик Мулла Масжидул Ҳаромда муаззинлик қилганлар. Али Аҳмад биринчи марта 14 ёшида Масжидул Ҳаромда азон айтди. Мулла Алининг 12 нафар фарзанди бор. 1970 йилда пойтахт Риёддаги Техника институтини тамомлагандан сўнг, у Абдуллоҳ ибн Зубайр номидаги ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Гарчи 13 йилдан буён у ерда азон айтаётган бўлса-да, у расман 1974 йилда Масжидул Ҳаром муаззини этиб тайинланди. 1980 йилгача микрофон ва овоз кучайтигич ишлатилмагани учун, Каъбада бир вақтнинг ўзида 24 та муаззин турли нуқталардан азон айтарди. Масжидда техник воситалардан фойдаланиш бошланганда, фақат бир киши азон айтишига тўғри келарди. Шу сабабли расмий муаззинлар сони 16 тага қисқартирилди. 16 муаззин ҳафта кунларининг маълум бир кунлари навбатма-навбат азон айтадилар. 1979 йил кузида Масжидул Ҳаром террорчилар томонидан босиб олинганда, Али Мулла гаровга олинганлардан бири эди. 255 кишининг ўлимига сабаб бўлган ушбу ҳодиса натижасида 23 кун давомида масжидда азон айтилмади. Али Мулла айтган баланд ва жарангдор азон товушлари Масжидул Ҳаром босқинчилардан озод этилганини билдирди. Али Мулланинг айтишича, анъанавий мақоматлар азон айтиш ва Қуръон қироати учун мос келади. Замонавий мақомлар мусиқага ўхшаб кетганлиги учун уларни азон ва Қуръон ўқишда қўллаш нотўғри. Ҳозир ҳам Масжидул Ҳаромда 16 та муаззин азон айтади. Мулла Али пайшанба шомдан жума куни хуфтонгача бўлган намозларда мусулмонларни Масжидул Ҳаром сари ибодатга чорлайди. 2016 йилда касаллиги туфайли у бир қанча вақт азон айтмади. Айни пайтда Али Мулла ўз овози билан одамларни “нажот”га чорлашда давом этмоқда. Интернет маълумотлари асосида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади 1 927
Юқумли касалликлар ўз юқиш йўллари орқали бир кишидан бошқасига юқиши мумкин. Бу бор нарса. Динда ҳал бўлган масала. Юқиши бу интиқол этиши, ўтиши демакдир. Мисол учун инсон организми, унинг қони турли хил бактерия ва вирусларга маскан бўлади. Қон орқали юқадиган вируслар қон орқали, ҳаво-томчи орқали юқадиган вируслар ҳаво-томчи орқали юқиши мумкин. Эътибор беринг, “юқиши мумкин“ деяпмиз. Чунки, иммунитети кучли инсонлар баданига мазкур вирус кирганда яшаб кетолмаслиги, т-лимфоцитлар ҳужумига учраб, йўқ қилиб юборилиши ҳам мумкин. Демак, юқиш сабаби топилганда ҳам Аллоҳ яратган бошқа бир сабаб туфайли йўқ бўлиб кетиши мумкин.Ёки, юқишга йўл очадиган вазиятлар олди олинса, масалан, грипп каби касалликлардан сақланиш мақсадида тиббий ниқоблар тақилса, шунингдек, бошқа гигиена қоидаларига риоя қилинса, сабаблар ишга солинган бўлади ва натижада касаллик ўша кишига юқмайди. Ёки, касаллик юқиши учун барча сабаблар мавжуд бўлса ҳам, Аллоҳ изн бермаса, улар ортга чекиниб, касаллик юқмаслиги ҳам мумкин. Аммо, биз сабабларни ишга солмасдан таваккал қилишга буюрилмаганмиз. Баъзилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “لا عدوى ولا طيرة“ яъни: “адво (касаллик юқиши) йўқ, шумланиш ҳам йўқ“ (Бухорий: 5776-ҳадис), деган сўзларининг зоҳирини ушлаб, касаллик юқмайди, деган эътиқодда юрадилар. Бу бир неча жиҳатдан хато тушунча ҳисобланади. Чунки, ҳадиси шарифдаги “لا عدوى“ сўзидан турли маъно чиқиши мумкин. 1. Касаллик қандайдир мистик равишда юқиши ҳақидаги жоҳилий эътиқоддан қайтариш. Жоҳилият даврида одамлар касаллик ўз хоҳши билан одам ёки ҳайвонлардан исталган бирига юқиб олади, деган бузуқ ақидада эдилар. Шунга кўра, ҳадиси шариф мазкур ботил тушунчани рад этган, касалликнинг мутлақ маънода юқишини эмас. Зеро, касаллик юқиши асрорангиз (яъни сирли) ҳолат эмас балки, у илмий жиҳатдан ниҳоятда оддий очиқламага эга. 2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касаллик ўз сабаби топилганда Аллоҳнинг изни билан юқишини инкор қилганларида, вабо тарқалган жойга бормасликка ва вабо тарқалган жойдан бошқа ёққа қочиб чиқмасликка чақирмаган бўлардилар. 3. Мазкур сўз инкор эмас балки, қайтариқ маъносига эга. Яъни, Набий алайҳиссалом соғлом ҳайвонларни касал ҳайвонлар орасида ўтлатиб, улардаги касаллик бир-бирига ўтишига замин яратишдан қайтарганлар. Хуллас калом, касаллик юқиши илм-фан тараққий этиб, аниқ исботини топгандан сўнг, бу масалада бир томонлама фикрлаб, касаллик мутлақ юқмайди, деб ўйлаш катта хатодир. Зеро, юқорида кўрганингиз каби ҳадиснинг арабий матни ҳам айнан шу маънога далолат қилмайди. Ҳадис давомида “ولا طيرة“ (шумланиш ҳам йўқ) дейилиши ҳам ушбу сўзни тасдиқлайди. Зеро, бу сўз билан шумланиш ҳолатининг ташқи оламда мавжудлиги инкор қилинмаяпти. Ахир, жоҳилият арабларида шумланиш жуда кучли бўлган. Балки, шумланишдан қайтарилмоқда. Бинобарин, ҳадис матни кўринишдан нафий (инкор) аммо, маъноси наҳий (қайтариш) бўлиши мумкин экан. Шундай экан, то, илм-фан ривожланиб касаллик юқиши ўз илмий исботини топгунга қадар ҳадиси шарифни зоҳирига қараб тушунган ва шунга кўра изоҳлаган олимларнинг сўзлари бу ўринда ҳужжат қилинмайди. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба: sof.uz 1 162
Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади? Жавоб: Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли Сунна вал-Жамоа имомларидан бири бўлган Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан. У Исфароинийни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди. Исфароиний буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди. Мўътазилий етакчиси: “Нима Аллоҳ таоло Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Бўлмаса Аллоҳ таолога мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди. Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Аллоҳ таоло мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими”, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, деди. Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 869
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламолар иттифоқ қилган қоида шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Шаръий истилоҳда улар “Беш зарурат”, деб номланади.. Барча самовий динлар ва соғлом ақл эгалари уларни асраб-авайлаш шартлиги борасида якдил фикрдалар. Жонни асраш борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ [البقرة : 195] . яъни: “…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят). Пайғамбар алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, – деганлар (Имом Ибн Можа ва Имом Дорақутний ривоятлари). Жонни асраб-авайлаш тўғрисида булардан бошқа ҳам кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд. Турли миш-миш ва асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳаром Ислом шариатида турли миш-мишлар тарқатиш ва уни ривожлантириш қораланган. Чунки у, одамлар вабога қарши курашиш учун раҳбарларнинг атрофида жамланиб, жипслашиш зарур бўлган бир пайтда уларда, хавотир, иккиланиш ва саросима кабиларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки ўзаро жипслик ҳар қандай жамиятнинг қувват таянчидир. Қуръони карим миш-миш тарқатувчи тоифанинг хатаридан огоҳлантирган ва уларни мунофиқлар, қалбида касали борлар қаторига қўшган. Уларнинг ҳаммасини ҳалокат билан қўрқитган: «لَئِنْ لَمْ يَنْتَهِ الْمُنَافِقُونَ وَالَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ وَالْمُرْجِفُونَ فِي الْمَدِينَةِ لَنُغْرِيَنَّكَ بِهِمْ ثُمَّ لا يُجَاوِرُونَكَ فِيهَا إِلا قَلِيلا» (الأحزاب: آية 60) яъни: “Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар” (Аҳзоб сураси 60-оят) Мазкур ояти каримадаги “Муржифлар” бугунги кун луғати билан айтганда миш-миш тарқатувчилардир. Шунинг учун ҳам шариатимиз тилни сақлаш, жамиятда бир хабар тарқатишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб, аниқлик киритиб олишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят). Мана шу ояти каримада ҳар бир инсон эшитган гапини текшириб, унинг манбаси рост ёки ёлғон эканини билмасдан туриб гапирмасликка акс ҳолда ўзи билмаган равишда бошқаларга озор бериб, надомат ва пушаймонликка тушиб қолмасликка буюрилмоқда. Қуръони Карим ўзига келаётган хабарларни текширмай, уни ким гапирганига эътибор бермай тарқатишни мунофиқликнинг белгиси деб санаган. Аллоҳ таоло: «Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш-хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз» (Нисо сураси, 83-оят). Бу ояти каримада Аллоҳ таоло хабарларни тўғри ёки нотўғри эканига қатъий ишонч ҳосил қилмасдан туриб, шошма-шошарлик билан ўзгаларга тарқатишдан қайтармоқда. Бундан шуни хулоса қиламизки ҳар бир инсон эшитган хабарлари тўғри ва жамият ёки шахсларга зарар бермасагина уни тарқатишда аниқ ва ишончли манбаларга таяниш вожиб экан. Аммо хабар ёлғон бўлса ёки тўғри бўлсада уни тарқатиш оммага зарар келтирса, уни тарқатиш жоиз бўлмайди. Ер юзининг аксар қисмига вабо тарқалган ҳозиргидек ҳолатларда одамларнинг қалбига хавф, қўрқинч ва умидсизлик соладиган хабарларни тарқатмаслик барчага баробар вожибдир. Вабо тарқалганда нархларни сунъий равишда ошириш ҳаром Вабо тарқалган даврда одамларни янада қийинчиликка дучор қилиш, айниқса, одамларни кундалик озуқаларини ва тиббиёт воситаларини қимматлаштириш оддий ҳолдаги иҳтикордан кўра гуноҳи қаттиқроқ ва оғирроқдир. “Иҳтикор” сўзи шаръан озиқ-овқат ва шунга ўҳшаш нарсаларни сотиб олиб, уни то нархлар қимматлагунгача бозорга чиқармай ушлаб туришдир....