Уламолар даволаниш ҳукми борасида беш хил фикр билдирганлар. Имом Нававий турли касалликлардан даволаниш салаф жумҳур уламолари, (халаф)улардан кейингилар, шофеъийларнинг жумҳури ва баъзи ҳанбалий мазҳаби уламолари фикрига кўра мубоҳ ҳисобланади. Баъзи ҳанафий мазҳаби уламолари сўзига кўра, касаллик даволаниш билан тузаладиган бўлса, унга муолажа қилиш вожиб бўлади. Даволанилмай касаллик оқибати ёмон ҳолатга олиб келадиган бўлса, давони тарк қилиш ҳаромдир. Ибн Ҳажар Ҳайсамий айтади: “Агар касалнинг жароҳати оғирлашиб, унга зарар етиш хавфи бўлса, даволаниш вожибдир”. Бағавий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Агар бемор даволаниб шифо топишини билса, унга доволаниш вожиб бўлади”. Ибн Ҳазм айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даволанишга буюришлари уни тарк қилишдан қайтариқ ҳисобланади. Бу эса даволанишнинг вожиб эканини ифода этади”. Жумҳур ҳанафий мазҳаби уламолари “даволаниш мубоҳдир” деган фикрни билдирганлар. Улар айтадилар: “Агар киши шифо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзи деган эътиқодда бўлиб, шу билан бирга унинг даволанишида ҳеч қандай зарар йўқ”. Моликий мазҳабига кўра ҳам даволанишда ҳеч қандай зарар йўқ. Ибн Рушд баъзи уламолардан худди шу фикрни айтиб ўтган. Абулвафо, ибн Жавзий, Хаттобий ва бошқа ҳанбалий мазҳаби уламолари ҳам юқоридаги фикрни қайд этганлар. Баъзи уламолар: “Даволаниш жоиз. Лекин Аллоҳ таолога суяниб, уни тарк этиш афзалроқдир” деганлар. Ушбу фикрни Имом Нававий ҳам билдирганлар. Имом Ғаззолий: “Баъзи ҳолатларда даволанмаслик афзалроқ. Агар даволаниладиган бўлса, жоиз бўлади.Бу унинг таваккулининг қувватига қараб бўлади” деганлар. Ибн Барзий Шофеъийнинг фатвосига кўра: “Бемор даволанишни тарк этиши афзалроқ. Бу унинг таваккули қувватини кўрсатади. Ким руҳан заиф, сабри оз бўлса, унга даволаниш афзал”. Абу Толиб Маккий айтади: “Даволаниш кенг рухсатдир. Уни тарк этиш торлик, ва азиматни лозим тутишдир. Касалликка даво излаш банда таваккулининг нуқсонли эканини кўрсатмайди. Уни тарк этиш кучлилар учун афзал ҳисобланади”. Ибн Жавзий кўп мутассаввифлар ушбу йўлни танлаганлари ҳақида айтиб ўтган. Бу тоифадагилар касал бўлганда даволанмай, Аллоҳ таологагина суяниб, Унинг имтиҳонига рози бўлиш керак, деган фикрни билдирадилар. Айний (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай фикрдаги баъзи суфийларни зикр қилганлар. Имом Нававий бу фикрни динда чуқур кетиш, деб ҳисоблаганлар. Доктор Насимий айтади: “Ўтган салафи солиҳларнинг даволаниш борасида турлича фикр билдиришларининг сабаби, улар яшаган даврда тиббиёт ривожламаганлиги, касалликларга турли гумонлар билан ташхис қўйилиб, муолажа қилиниши ва турли касалликларга қарши дори-дармонларнинг жуда кам топилиши билан боғлиқ. Аммо бугунги кунда замонавий тиббиёт ва даволаниш борасидаги барча набавий ҳадисларга синчиклаб эътибор бериб, даволаниш борасида қуйидаги қуйидаги бешта ҳукм келиб чиқишини айта оламиз. Аллоҳ билгувчироқ. Турли саратон ва шу каби бедаво касалликларга гарчи даво бўлишига тўла ишонч бўлмасада мубоҳ нарсаларни қўллаб шифо излаш мубоҳ. Хусусан, баъзи касалликка бошланишидаёқ муолажа қилинмаган бўлса, вақт ўтгандан сўнг даволаниш фойда бермайди. Касаллик тузалишида фойда бўлиши мумкин бўлган ёки оғриқ қолдириши эҳтимоли бор бўлган дориларни оғриқли жойга қўллаш мандуб (динимизда тавсия этилган яхши амал) ҳисобланади. Бемор ўзи ёки табиб касаллик зўрайиб, оғирлашиб қолишидан қўрқадиган ўринларда тиббиёт мутахассислари тажрибаларида синалиб дардга шифо бўлиши аниқланган дориларни истеъмол қилиш вожиб бўлади. Дард инсон ҳаётига хавф соладиган ва бирор аъзога зарар етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам даволаниш вожиб. Мубоҳ бўлган дори-дармонлар етарли бўла туриб, истеъмоли макруҳ бўлган нарсалардан тайёрланган дориларни ишлатиш макруҳ(динда қайтарилган)дир. Чунки бундай дорилар бир жиҳатдан фойдали кўринсада, бошқа аъзоларга зарар бўлади. Даволанишга умуман бошқа имконият бўлмаган пайтда эҳтиёж даражасидан ортиқ ва заруратсиз ҳаром нарсалар билан муолажа қилиш ҳаром...
Бемор дардига шифо топишда албатта, тиббий мутахассис кўмагига муҳтож бўлади. Бу пайтда бемор ўзи учун моҳир, ўз ишининг билимдони бўлган табиб ёки шифокорга мурожаат этиши лозим. Худди шунингдек, табиб ҳам бировларни даволашлик учун етарли билим ва малакага эга бўлиши, ўз соҳасини яхши билиши ва беморларга керакли ташхисни қўйиб, шариатга мувофиқ тарзда даволаши керак. Биринчи навбатда беморнинг масъулияти керакли мутахассисга мурожаат қилишидан иборат. Аллоҳ таоло айтади: Бас, Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз! Муфассир уламолар бу оят маъносини кенг маънода тушуниш яъни, турли соҳа ва илмларда ҳам билимдон, мутахассислардан ёрдам сўраш зарурлигини айтганлар. Бу фақат диний, ақидавий масалалар билан чекланиб қолмайди. Хусусан, беморлар касалликларига моҳир табибнинг кўрсатмаси билан муолажа қилишлари зарур. Зеро бу Ислом дининг тавсиясидир. Иложи борича моҳир мусулмон табибни топиб унинг тавсияси билан иш тутади. Агар бунинг иложи бўлмаса, бошқа дин вакили бўлган моҳир табибнинг хизматидан фойдаланиш жоиз. Чунки илм маълум бир макон ва дин вакилларигагина хосланмаган. Бунга мисол, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир саҳобаларини Ҳорис ибн Калданинг олдига бориб даволанишга тавсия қилганлар. Калда Ислом динини қабул қилмаган. Ҳадисда “Ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса, уни олишга ҳақлидир” дейилган. Лекин бошқа дин вакили бўлган табибнинг сўзига қараб дин амалларини тарк этилмайди ва истеъмоли ҳаром нарсалардан фойдаланмайди. Ислом дини кўрсатмасига кўра, касалликларга муолажа қилувчи кишилар табиблар бўладими ёки медицина ходимларими диний билимлардан ҳам хабардор бўлишлари лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада ҳам қилган тавсиялари ва кўрсатмалари бу шариат кўрсатмасидир. Касалликларга шифо излаб дори-дармонларни қўллаш қадарга имон келтириш ва таваккул ҳақиқатига асло зид келмайди. Зеро, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари даволанганлар ва бошқаларни ҳам баъзи муолажа ёки тавсиялари билан даволаганлар. Моҳир(ҳозиқ) табибнинг сифатлари ҳақида Доктор Шавкат Шаттий қуйидагиларни санаб ўтган: Моҳир табиб касалликнинг бошланиш сабаблари, қандай пайдо бўлгани ва касалликнинг босқичларини ўрганиши. Касалнинг куч-қувватига эътибор бериши. Табибнинг мақсади фақат касалликни кеткизиш бўлиб қолмаслиги керак. Балки унинг ортидан рўй бериши мумкин бўлган асоратларини ҳам бартараф этиб, қайта қўзғалмаслигига ишонч ҳосил қилиши лозим. Шунингдек, у беморга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши вожибдир. Муолажани енгил тарзда, босқичма-босқич олиб бориши лозим. Аввал оддий маҳсулотлар билан бошлайди. Эҳтиёж бўлганда дори-дармонларни, иложсиз қолганда эса мураккаб дори воситаларини қўллайди. Дориларнинг кучи билан касалликнинг даражаси ўртасидаги мувозанатга эътибор бериши лозим. Оғир касалликни тузатиш иложи бўлмаса, моддий манфаат умидида уни тузатишга уринмайди. Қалбдаги ва руҳий иллатларни даволашда кўникмага эга бўлиши керак. Бу баданни муолажа қилишда асосий жиҳат ҳисобланади. Чунки, қалб ва нафс тана аъзоларининг ўз вазифасини бажариши ва унинг табиатида катта таъсирга эга. Табиб беморига мулойим ва самимий муомалада бўлиши ва уни хотиржам қилиши лозим. Муолажа жараёнида ишлатадиган барча асбобларни яхши билиши ва ундан унумли фойдалана олиши зарур. Чунки баъзи дориларни махсус асбобларсиз етказиб бўлмайди. Юқоридагилар барча табиблар эътибор бериши лозим бўлган муҳим жиҳатлардир. 4-курс талабаси Умарова Мадина 1 161
Тошкент ислом институти талабалари орасидан мутахассислик “Араб тили” ва умумкасбий (Инглиз, Рус тили, Диншунослик ва Миллий ғоя) фанлар бўйича республика фан олимпиадасининг биринчи боскичи 2019 йил 14 апрелдан 27 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 5 апрелда тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари республика фан олимпиадасини 2019 йилда ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги 314-сонли буйруғи” талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказилди. Республика фан олимпиадаси I босқичида бўйича институтда жами 46 нафар талаба қатнашди. Шулардан: йигитлар 39 нафар, қизлар эса 7 нафарни ташкил этди. 5 та фан йўналиши бўйича 5 нафар талаба ғолиб аниқлаб олинди. Мусобақа натижаларига кўра “Инглиз тили” фанидан Махкамов Мухаммадали Мухиддинжон ўғли ва “Рус тили” фанидан эса Асқарова Рисолатхон Камолиддин қизи, “Миллий Ғоя” фанидан Шаробиддинов Илёсжон Илхомжон ўғли ва “Диншунослик” фанидан Саиджалолов Раҳматуллоҳ Саидабзал ўғли, “Шарқ тиллари (Араб ва форс)” фанидан Нурбоев Ҳурмуҳаммад Холматжонович ғолиб бўлди.Олимпиаданинг институт босқичида ғолиб бўлган талабаларга кафедра профессор ўқитувчиларидан илмий раҳбар бириктирилди. Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Қўқон давлат педагогика институтида ўтказилган олимпиадада Миллий ғоя фани бўйича Ижтимоий фанлар кафедраси мудири О.Тангиров илмий раҳбарлигида институт талабаси Мадрахимов Муҳаммадаъло, Ўзбекистон Жаҳон тиллар университетида ўтказилган олимпиадада ингилиз тили фани бўйича “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси С.Валиева илмий раҳбарлигида институт талабаси Махкамов Мухаммадали, 15-16 май кунлари Қўқон давлат педагогика институтида ўтказилган олимпиадада Рус тили фани бўйича “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси У.Хафизова илмий раҳбарлигида институт толибаси Асқарова Рисолатхон, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган олимпиадада “Диншунослик” фани бўйича институт проректори Ж.Мелиқўзиев илмий раҳбарлигида институт талабаси Саиджалолов Раҳматуллоҳ, Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган Олимпиадада Араб тили фани бўйича “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси А.Султонхўжаев илмий раҳбарлигида институт талабаси Нурбоев Ҳурмуҳаммад иштирок этди. Якуний натижаларга кўра Ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган Олимпиадада Шарқ тиллари (Араб тили) фани бўйича институтнинг 4 курс талабаси Нурбоев Ҳурмуҳаммад Холматжонович 1-ўринни эгаллаб, Олий таълим Вазирининг 1-даржали дипломи ҳамда уч миллион сўмлик пул мукофоти сертификати билан тақдирланди. Республика фан олимпиадаларида қатнашган 4 нафар талабаларимиз ҳамда илмий раҳбарлари таълим муассасалари томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими услубчиси А.Олимов 1 080
Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган эди. Ифторлик вақтига яқин қолганда Адҳам янги ёпилган нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. Новвойхона олдида кўпгина инсонлар навбатда турар эди. Ифторлик вақти яқин қолганлиги боис навбатда турган инсонлар бетоқат бўлар, новвой ҳам имкон қадар тезроқ ишлашга ҳаракат қилар эди. Албатта бир вақтнинг ўзида нонларни харидорларга узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг навбати ифорликка жуда оз сониялар қолганида етиб келди. Чарчаб қолган сотувчи унга керагидан ортиқ қайтим бериб юборди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга бир сотувчига қараб туриб қолди. Новвой унга қараб: “Тинчликми, ҳаммаси жойидами, болакай?” – деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”-деди-да, пулларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бир оз ўйчан кўринар эди. Кечқурун ўз жойига ётганида унинг безовталиги янада ортди. Гўёки кимдир ғойибдан унга: “Сен нега бундай йўл тутдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?”- дегандек бўлаверар эди. Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни ҳаммасини онасига айтиб беришга қарор қилди-ю аммо дарҳол бу фикридан қайтди. Онаси бу иши сабабли қаттиқ уришишидан ва уялтиришидан қўрқди. Туни билан босинқираб ғалати тушлар кўриб уйғонган Адҳамни сахарлик вақтида ҳам безовталик тарк этмаган эди. Кундузи унинг кўзи деворда илиниб турган тақвимга тушди. Тақвимга яқинроқ борганида унинг очиқ саҳифасида ёзилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ўқиди: «الإثم ما حاك في صدرك و كرهت أن يطلع عليه الناس» (رواه مسلم) “Гуноҳ бу – қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир” (Муслим ривояти) Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди. Сўнгра новвойдан узр сўраб ўзига тегишли бўлмаган пулларни қайтариб берди. Адҳам нақадар тўғри иш қилди ва ўзини гуноҳдан сақлаб қолди! Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 1 019
Тошкент ислом институти 1-курс талабаларига 2019 йил 16 май куни “Ислом ва ҳозирги замон” фанидан доцент, сиёсий фанлар номзоди Баҳром Хўжанов иштирокида “Мусулмон давлатларидаги геосиёсий жараёнлар” мавзусида маъруза дарси ташкил этилди. Талабалар маъруза тинглаш билан бирга мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. 833