“Рабиул-аввал – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой” яъни, мавлид ойи эканлиги муносабати билан Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида “Оламларга раҳмат Пайғамбар” номли тадбир ташкил этилди. Тадбир Қуръони карим тиловати ила бошланди. Сўнгра “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир домла Неъматов барчани мавлид ойи билан қутлаб тадбирни очиб бердилар. Сўнгра тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Дастлаб, 3 «Г»-гуруҳ талабалари А.Султонмаҳмудов, С.Бузрукхонов ва Т.Хурсанмуродовлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари ҳақида турк ва араб тилида нашида ва саловатлар айтдилар. Сўнгра, 2 «Г»-гуруҳ талабаси М.Мардонов Ҳазиний қаламига мансуб “Ул Расули мустафо” деб бошланадиган мухаммасни ўқиб эшиттирди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Абдулазим домла Сайдаҳмедов мавлиднинг нишонланиш тарихи, ривожланиш босқичлари, уламоларнинг мавлид хусусида айтган фикрлари ҳақида сўзлаб, талабаларнинг бу борадаги илмлари ошишига ҳисса қўшдилар. Сўнгра, 1-курс талабаларидан А. Мадаминжонов ва И.Шаробиддинов, 2-курс талабаларидан Ш.Нурмаматов ва И.Қамбаров ҳамда 3-курс талабаси С.Муҳаммадсолиевлар, Имом Барзанжий қаламига мансуб “Мавлиди шариф” қасидасини ўқиб бердилар. Мавлиди шариф ўқиб эшиттирилгач, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин домла Ҳамроқулов Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳоба-и киромларга муҳаббат қилиш ҳақида мавъиза қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқинроқ танитишга, бу билан тадбир иштирокчилари қалбларида У зотга нисбатан янада муҳаббат уйғонишига сабабчи бўлдилар. Тадбир сўнгида, барча мўмин-мусулмонлар, хусусан институтимизда хизмат қилиб ўтган ва ҳозирда хизмат қилаётган устоз-ходимлар, толиби илмлар ҳақларига дуо-и хайрлар қилинди. “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси кабинет мудири Э.Ахматқулов 956
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят). Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон мусулмонлари ёки умуман, мусулмон уммати учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта шараф ва башорат эди. Бу улкан хурсандчилик хабари инсониятнинг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижалар берган эди. Инсонларни яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия ҳам қилиб борди. Барча авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди. Илк пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша замон воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олган ҳолда шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат олдингисидан мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юбориларди. Уларнинг пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб пайғамбарлар, шариатлар юборилди. Ниҳоят, инсоният айни камолга етган пайтида Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси Қуръони каримни нозил қилди ва у орқали жамики инсоният учун ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсоният учун улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди. Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бошланган бу оламшумул таълим Мадинаи мунаввара ва унинг атрофларида давом этди, видолашув ҳажи чоғида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши билан мукаммал бўлди. Ва ниҳоят, оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди. Ушбу хитоб Ислом дини инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи шомил низом эканини кўрсатади. Дин эътиқод масалаларини ҳам, шу билан бирга, одоб-ахлоқ, муомала, маънавиятлар, таълим-тарбия, ижтимоий масалалар, ибодатлар, ҳалол-ҳаром ва бошқа муаммоларни ҳам ўз ичига олади. Мазкур ишларда шариат ҳукмига амал қилганлар Аллоҳнинг амрига итоат этган бўлишади. Ким Ислом шариатини ўз ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни, баркамол дастурни қўллаётган бўлади. Унинг ақийдаси комил, маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, ижтимоий ҳаёти, турли алоқалари камолига етган бўлади. Икки дунёдаги бахт-саодати тўкис бўлади. Борлиқни яратган Қодиру Зулжалол шу борлиқнинг халифаси этиб инсонни ҳам яратган. У Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Азалий ва чегарасиз илми ила бандалари учун риоя қилиниши лозим бўлган одобларни ҳам жорий қилган. Биз ушбу китобимизда мазкур одобларнинг бир йўналиши бўлмиш ижтимоий одоблар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Асосий мавзуга киришдан олдин одоб, унинг таърифи ва Исломнинг унга бўлган муносабати борасида қисқача сўз юритиб олиш фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз. Одобнинг таърифи Тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида яхшиликка чақиришни англатади, у «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиёфатга чақиришни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп...
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзи кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтса, ундан иккита арпа донини бир-бирига улаш талаб қилинади. У буни ҳеч ҳам қила олмайди», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтадиган одам қиёмат куни хижолатда қолар экан. Ўша даҳшатли кунда ундан қўлидан келмайдиган ишни қилиш талаб этилар экан. «Ким ўзи кўрмаган тушини «Кўрдим», деб айтса, ундан иккита арпа донини бир-бирига улаш талаб қилинади. У буни ҳеч ҳам қила олмайди». Албатта, арпа дони жуда ҳам кичкина ва бирини бирига улаб бўлмайдиган нарса эканлиги ҳаммага маълум. Бу дунёда йўқ нарсани бир-бирига улаб, туш қилиб айтган одам охиратда ўша ишнинг ўхшашини қилишга мажбур этилар ва уни қила олмай қийналар экан. Охиратда ана шундай ноқулай ҳолда қолмаслик учун бу – дунёда йўқ тушни ёлғондан тўқиб айтмаслик керак экан. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ эди. Агар бирор кишининг сал бўлса ҳам ёлғончи эканини билиб қолсалар, ўша одам тавба қилмагунича қалбларидан чиқмас эди». Аҳмад ва Баззор ривоят қилишган. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғончига бўлган муносабатлари ҳақида сўз кетмоқда. У зот алайҳиссаломнинг наздларида ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ экан. У зот алайҳиссалом арзимаган ёлғон сўз айтган одамдан ҳам ўша одам тавба қилмагунича рози бўлмай юрар эканлар. Демак, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман, У зотнинг шафоатларидан умидворман, деган мўмин банда арзимаган нарсада ҳам ёлғон гапирмаслиги, билиб-билмай ёлғончилик қилиб қўйган киши дарҳол тавбага шошилиши керак. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ёлғончиларга нисбатан муросасиз кураш олиб боришда ўз хиссасини қўшишга ҳаракат қилиши лозим. “Ёлғон” китобидан Манба 771