islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовий

Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама Аздий Таҳовий ҳижрий 229 (ёки 239) йил Нил дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган, Мисрнинг Таҳо қишлоғида илм, фазл, тақво ва парҳезкорлиги билан машҳур бўлган оилада таваллуд топган[1]. У тенгдошлари ичида ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва фаҳмининг тезлиги, Қуръони каримни пухта ёдлаши ила ажралиб турган.  Таҳовийга Қуръони каримдан бошланғич илм берган ва ёзишни ўргатган имом Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амрдир. Сўнгра у фиқҳ ва усулда пешқадам бўлган отасининг илм ҳалқасида иштирок этиб, фиқҳдан дарс олади. Шунингдек, тоғаси Исмоил ибн Яҳё ибн Исмоил Маждийнинг (Имом Шофеъийнинг дўсти) илм ҳалқасида ўтириб ҳадисдан дарс олади. Абдулғани ибн Рифоа, Ҳорун ибн Саъид, Юнус ибн Абдулаъла, Баҳр ибн Наср Хавлоний, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Исо ибн Масруд, Иброҳим ибн Мунқиз, Робеъ ибн Сулаймон, Абу Иброҳим Музаний, Баккор ибн Қутайба,  Миқдод ибн Довуд ва бошқалардан ҳадис тинглаган. Ундан Юсуф ибн Қосим, Абулқосим Табароний, Муҳаммад ибн Бакр, Аҳмад ибн Абдулворис Зажжож, Абдулазиз ибн Муҳаммад Жавҳарий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. Аллома ҳақида Абу Сулаймон Дамашқий: Таҳовий менга “Мен биринчи бўлиб тоғам Музанийдан ҳадис тингладим ва ёзиб бордим. Имом Шофеъийнинг сўзини олиб унинг мазҳабида юрдим. Бир неча йиллардан сўнг Миср қозиси Аҳмад ибн Абу Имроннинг олдига бордим. Ундан ҳанафий фиқҳини ўргандим ва сўзини олдим”, деди, деган[2]. Тоғасининг мазҳаби (шофеъий)дан ҳанафий мазҳабига ўтиши қуйидагича бўлган. Айтишларича, Таҳовий тоғасидан дарс олиб юрган кезларда, бир куни унга тоғаси: “Сендан бир нарса чиқмайди!” – дебди. Шунда жиянининг аччиғи чиқиб, тоғасини тарк этиб Абу Жаъфар ибн Абу Имрон Ҳанафийдан (ваф.331) дарс ола бошлаган экан. Доктор Абдурраҳмон Умайра “Шарҳ ал-ақида ат-Таҳовия”га ёзган таълиқи муқаддимасида қуйидагиларни ёзган: “Бизнинг фикримизча у кишининг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳнинг мазҳабига ўтишининг асосий сабаби, ўша вақтдаги одамлар зеҳнида бу мазҳаб ҳақида жуда яхши тасаввур бор эди. Чунки, бу мазҳаб кенг фикрли бўлиши билан бирга ҳужжати ҳам кучли эди. Янги пайдо бўлган масалаларда тез ва қониқарли жавоб бериларди. Шу каби омиллар Таҳовийга таъсир қилган”. Абу Яъло Ҳанбалий ўзининг “ал-Иршод” китобида шундай деб ёзган: Аҳмад ибн Муҳаммад Шурутий, “Мен Таҳовийга нима учун тоғангга хилоф қилиб, Абу Ҳанифанинг мазҳабини ихтиёр қилдинг? – десам. У: “Мен тоғамни Абу Ҳанифанинг китобларига доимо назар солиб турганини кўриб, унинг мазҳабига ўтдим”, деди – деган экан[3]. Таҳовий ўзи яшаган вақтда масалаларни таҳқиқ қилиш, далилларни аниқлашда ва бошқа илмларда машҳур бўлгани сабабли толиби илмлар ундан дарс олишга иштиёқманд бўлган. Алломадан Миср қозиси Аҳмад ибн Иброҳим ибн Ҳаммод (ваф.329), Қози Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мансур Ансорий, Абдурроҳман ибн Аҳмад ибн Юнус Муаррих (ваф.347), Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб  Табороний  (ваф.360), Абдуллоҳ ибн Адий ибн Абдуллоҳ Журжоний (ваф.365) ва бошқалар таълим олган. Имом Таҳовий кўплаб китоблар ёзган. Жумладан, “Ақийдатут Таҳовия” – бу китобда Имом Таҳовий саҳобаларнинг ва улардан кейин ўтган имом Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳларга ўхшаш кишиларнинг ақидасини жамлаган. Бу китобга кўплаб уламолар шарҳ ва таълиқлар ёзган. Жумладан, Али ибн Муҳаммад Азроъий Дамашқийнинг (ваф. 792/1390) шарҳи, Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳанафийнинг (ваф.770/1369) шарҳи, Абу Абдуллоҳ Маҳмуд ибн Муҳаммад Фақиҳий Ҳанафийнинг шарҳи, Қози Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ҳиндий Ҳанафийнинг (ваф.733/1333) шарҳи, Холид ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муслиҳнинг шарҳи, Шайх Маҳмуд Тарозий Фарғоний Маданий ўзининг “Ан-Назмул Ҳовий ли ақидатут Таҳовий” номли асарида назм шаклида шарҳлаган. Бу китоб бир неча марта чоп этилган. “Аҳкомул-Қуръон”, “Маоъний ал-Осорнинг шарҳи” бу китоб ҳадис бўйича бўлиб, кўплаб уламолар бу китоб ҳадис илмида ёзилган энг яхши китоблардан бири эканини эътироф қилганлар. Таҳовий бу китобда ажойиб услубни қўллаган. Ҳадисларни таҳқиқ қилишда мазҳабларнинг далилларини ҳам келтириб ўтади ва ўз баҳси давомида ихтилофли масалани келтириб, муноқаша қилади ҳамда ўз тадқиқотининг хулосасини келтиради. Сўнгра ўзи тўғри деб билган хулосани айтади. “Баёни мушкилул Осор”. Бу китоб ат-Таҳовийнинг ҳадис бўйича ёзилган сўнгги асаридир. “Мухтасари ат-Таҳовия” номи билан машҳур фиқҳ бўйича мухтасар китоб бўлиб, бир қанча шарҳлар ёзилган. “Шарҳи жомиъус- сағир”, “Шарҳи жомиъул-кабир”, “Шурутул-кабир”, “Шурутус-сағир”, “Ал- Васаё ва-л-фароиз”, “Маноқибу Аби Ҳанифа” – Абу Ҳанифа ҳақида ёзилган, “Ан-Наводирул-фиқҳия” ва бошқа асарлардан иборат. Шубҳасиз ҳар...

Арабистон ярим ороли

Ислом динининг бешиги бўлган Арабистон ярим ороли арабларнинг илк ватанидир. “Араб” калимасининг луғавий маъноси чўллар, саҳролар, гиёҳ унмайдиган сувсиз, қурғоқ ерлар деганидир. Бу калима қадим замонлардан бери Арабистон ярим оролига нисбатан ишлатилган бўлиб, кейинчалик шу ерда яшаган ва уни ўзлари учун ватан қилиб олган халққа ҳам худди шу ном берилган. Осиё қитъасининг жануби-ғарбида жойлашган бу замин ғарбдан Қизил денгиз ва Синай ярим ороли билан, шарқдан Форс ва Уммон кўрфазлари, жанубдан Араб денгизи ва Адан кўрфази билан, шимолдан Ироқнинг катта қисми ва Шом дашти билан чегараланган. Жўғрофия олимлари Арабистон ярим оролини табиий жойлашишига қараб, беш қисмга бўлганлар: Тиҳома (التهامة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) ҳолда жойлашган узун пасттекислик бўлиб, шимолда Янбуъ шаҳридан то жанубда Нажронгачадир. Бу минтақада иссиқ қаттиқ бўлиб, шамол эсмагани учун “Тиҳома” деб номланган. Тиҳома “жазирама иссиқ” маъносидаги (تهم) сўзидан олинган. Саро тоғ тизмаси (سلسلة جبال السراة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) баландликлар бўлиб, Тиҳома пасттекислигининг шарқий тарафида жойлашган. Шимолда Ақаба кўрфазидан то жанубда Ямангача чўзилган Арабистон ярим оролининг умуртқасини ташкил қилувчи бу тизма ярим оролни иккига – ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Тизманинг шимолий қисми Мадян тоғлари, жанубий қисми Асир тоғлари, ўртаси эса Ҳижоз деб номланади. Ҳижозда Макка, Мадина, Жидда, Тоиф, Табук каби шаҳарлар бор. Бу ҳудуд Тиҳома пасттекисликлари билан Нажд тепалиги орасини тўсиб-ажратиб тургани учун Ҳижоз (баланд девор, тўсиқ) номини олган. Нажд тепалиги (هضبة نجد): Нажд ўлкаси Арабистон ярим оролининг ўртасидаги баланд ерлардир. Шунинг учун бу ерга баланд ясситоғлик маъносидаги “Нажд” номи берилган. Жанубда Ямангача, шимолда Ироққача, шарқда эса Аруз минтақасигача бўлган катта ҳудуддир. Яман (اليمن): Арабистон ярим оролининг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган тоғли минтақа. Шарқда Ҳазрамавт, Маҳра ва Уммон билан боғланади. Арабистон ярим оролидаги энг баланд тоғлар айнан Яманда жойлашган бўлиб, Санъо шаҳрининг жануби-ғарбида 3750 метрга етадиган чўққилари бор. Аруз (العروض): Бу ҳудуд Ямома, Уммон ва Баҳрайн давлатларини ўз ичига олади. Саратон доираси экваторнинг шимолий тарафида Арабистон ярим оролини 23,5 даражада кесиб ўтгани туфайли, бу ерда иссиқ қаттиқ бўлади, айниқса, ёз фаслида. Ҳозир Арабистон ярим оролида еттита давлат мавжуд. Уларни майдонининг катта-кичиклиги эътиборига кўра қуйидаги тартибда баён қиламиз: Саудия Арабистони. Майдони: 2,248,000км2. Яман жумҳурияти. Майдони: 472,099км2. Уммон султонлиги. Майдони: 306,000км2. Бирлашган араб амирликлари. Майдони: 83,000км2. Қувайт. Майдони: 17,818км2. Қатар. Майдони: 11,437км2. Баҳрайн. Майдони: 694км2. Арабистон ярим оролининг умумий майдони: 3,139,048км2. Тошкент Ислом институти Диний фанлар кафедраси ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин 972

Илоҳий ироданинг рўёби

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келганларидан сўнг Омина онамиз қайноталари Абдулмутталибга одам жўнатиб, набирали бўлгани хабарини етказади. Абдулмутталиб бу хушхабардан беҳад қувонади, чақалоқни олиб келиб, Каъбанинг ичига киради, Аллоҳга дуолар қилиб, шукроналар айтади ва шу ерда муборак набирасига “Муҳаммад” деб исм қўяди. Қизиқ, ота-боболарининг урфида бўлмаган бу исмни Абдулмутталиб нимага асосланиб қўйди эди? Бу борада иккита асос бор: 1. Абдулмутталиб тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан олдин бир учи осмонда, бир учи ерда, яна бир учи шарқда ва бир учи ғарбда бўлган мисоли бир кумуш занжирнинг белидан чиққанини кўради. Кейин ҳалиги занжир мисоли бир дарахтга айланади, ҳар бир япроғида нур бўлиб, машриғу мағриб аҳолиси ўша дарахтга осилишаётган ва уни тинмай мақташаётган эди. Кўрган тушини таъбирчиларга айтиб берганида, улар унинг пушти камаридан бир фарзанд дунёга келишини, бутун машриғу мағриб аҳолиси унга эргашишини ва еру осмон аҳли уни мақташларини таъбир қилишади. Абдулмутталиб мана шу тушга асосланиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга “Муҳаммад” деб исм қўйган.[1] 2. Омина онамиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳомиладорлик пайтида бир туш кўради. Тушида муборак ўғил кўриши башорат қилинади ва туғилганида “Муҳаммад”[2] деб исм қўйиши буюрилади. Вақт-соати келиб, Омина онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дунёга келтирганида, бу тушини Абдулмутталибга айтиб беради. Абдулмутталиб тушларнинг бежиз эмаслигини тушунади[3]. Дарвоқе, Замзам қудуғининг қаерга кўмилгани ҳам, уни очиш ҳам Абдулмутталибга тушида билдирилган эди! Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра қўчқор сўйиб, Қурайш улуғларини чақириб, зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: “Бу набирангнинг шарофати ила бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?” деб сўрашади, у: “Муҳаммад деб исм қўйдим”, дейди, улар: “Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?” деб ажабланишганида, у: “Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим”, деган жавобни беради”[4]. Аслини олганда, Аллоҳ таолонинг ўзи сўнгги пайғамбарининг исми “Муҳаммад” бўлишини ирода этган ва бу илоҳий ироданинг рўёбини Абдулмутталиб билан Омина онамизга туш орқали илҳом қилиб, юзага чиқарган. Ушбу ишнинг хабари асл Тавротда “Муҳаммад” деб, асл Инжилда “Аҳмад” деб келган эди[5]. [1] Имом Олусий, “Руҳул маъоний” (4/73); Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибн Ҳишом” (1/182); Шайх Муҳаммад Тоййиб Нажжор, “Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/84). [2] Барча ровийлар Омина онамизнинг тушида Пайғамбаримизга “Муҳаммад” деб исм қўйиши буюрилган, деганлар. Фақат Ибн Саъдгина “Муҳаммад”нинг ўрнига “Аҳмад” деб ривоят қилган. [3] Муаллифлар Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Воқидий каби сийрат уламоларининг ривоятларига асосланишиб, китобларида ушбу маълумотни баён қиладилар. [4] Бу маълумотни Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад Байҳақий “Далоилун нубувваҳ” (1/40) ва Ибн Асокир “Тариху Димашқ” (3/81) китобларида ривоят қилишган бўлиб, барча муаллифлар китобларида мана шунга асосланишади, натижада бу маълумот жуда ҳам машҳур бўлиб кетади. [5] Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Қаййим Жавзия, “Жалоул афҳом” (4/55); Қози Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий “Раҳматун лил оламийн” (1/31); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/418); “Иқоматул ҳужжати ъалал оламийн би нубуввати хотамин набиййин” (2/194). Тошкент Ислом институти Диний фанлар кафедраси ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин 473

Ҳанафий мазҳаби фақиҳларининг хронологияси

Фиқҳий китобларни мутолаа қилишда фақиҳларнинг қайси асрда яшаганларини билиш ҳам муҳим ўрин тутади. Масалан, Ибн Обидиннинг китобларини ўқиганимизда матнда “Лубоб” китобига ҳавола бериб кетилганини кўришимиз мумкин, лекин ушбу “Лубоб” китоби Ибн Обидиннинг ўз шогирди Абдулғани Ғунаймий томонидан ёзилгани ҳаёлимизга ҳам келмаслиги мумкин. Баъзан, бир хил исми шарифли, лекин бошқа-бошқа асрда яшаган олимлар учрайди. Ҳудди шу гапни китоблар борасида ҳам айтишимиз мумкин. Қуйидаги рўйхатда Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳдан бошлаб то бугунги кунимизгача ҳанафий мазҳаби ривожига ҳисса қўшган машҳур алломаларнинг номлари ва яшаб ўтган даврлари ҳамда яшаб, ижод қилган жойлари келтирилган. Шуни таъкидлашимиз лозимки, бу рўйхатга аслида ҳанафий фиқҳига катта ҳисса қўшган бўлсада, асосан илмнинг бошқа соҳаларида машҳур бўлган олимларни киритмадик, акс ҳолда рўйхат жуда ҳам узун бўлиб кетарди. Шартли белгилар: ҳ.й. – ҳижрий йил в.э. – вафот этган таҳ. – таҳминан Ҳижрий иккинчи аср (719-816 милодий йиллар) Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит (80-150 ҳ.й.) Кўфа. “Фиқҳул Акбар” Абу Юсуф Ёқуб ибн Иброҳим (113-182 ҳ.й.) Кўфа, Боғдод. “Амолий” Муҳаммад Шайбоний (132-189 ҳ.й.) Восит, Кўфа, Боғдод, Ракка. “Асл”, “Жомеи кабир”, “Жомеи сағир”, “Зиёдот”, “Сияри сағир”, “Сияри кабир” Зуфар (110-158 ҳ.й.) Куфа, Басра Ҳижрий учинчи аср (816-913 милодий йиллар) Ҳасан ибн Зиёд (204 ҳ.й. в.э.) Куфа. “Мужаррад” Абу Сулаймон Мусо Жузжоний (200 ҳ.й. в.э.) Боғдод. “Наводир” Муалло ибн Мансур (таҳ. 150-211 ҳ.й.) Боғдод. “Наводир” Абу Ҳафс Кабир Бухорий (150-217 ҳ.й.) Бухоро Исо ибн Абон (211 ҳ.й. в.э.) Басра. “Хужаж” Муҳаммад ибн Самоа (130-233 ҳ.й.) Боғдод. “Адаби қози” Аҳмад ибн Амр Ҳассоф (таҳ. 185-261 ҳ.й.) Боғдод. “Аҳкаму авқоф” Муҳаммад ибн Шужаъ (181-266 ҳ.й.) Боғдод. “Маносик” Ҳижрий тўртинчи аср (913-1010 милодий йиллар) Абу Жаъфар Таҳовий (239-321 ҳ.й.) Тоҳо. “Шарҳи маонил осор”, “Мухтасар” Абу Мансур Мотрудий (333 ҳ.й. в.э.) Самарқанд. “Тавҳид”, “Таъвилоти аҳли сунна” Муҳаммад Ҳоким Шаҳид (334 ҳ.й. в.э.) Бухоро. “Кофий” Абул Ҳасан Кархий (260-340 ҳ.й.) Боғдод. “Мухтасар” Абу Бакр Жассос (305-370 ҳ.й.) Рай, Боғдод. “Аҳкамул Қуръан” Абу Жаъфар Ҳиндувоний (300-362 ҳ.й.) Балх. “Шарҳи жомеи сағир” Абу Лайс Самарқандий (373 ҳ.й. в.э.) Самарқанд. “Навозил”, “Уюнул масоил” Ҳижрий бешинчи аср (1010-1107 милодий йиллар) Қудурий (362-428 ҳ.й.) Боғдод. “Мухтасар”, “Тажрид” Абу Зайд Даббусий (367-430 ҳ.й.) Бухоро. “Тақвимул Адилла” Абу Аббос Аҳмад Нотифий (446 ҳ.й. в.э.) Рай. “Жумалул аҳком” Абдулазиз Ҳалвоний (448 ҳ.й. в.э.) Бухоро. “Мабсут” Абул Ҳасан Али Сўғдий (461 ҳ.й. в.э.) Бухоро. “Нутаф фи фатво” Абу Наср Аҳмад (474 ҳ.й. в.э) Рамхурмоз. “Шарҳи мухтасари Қудурий” Аҳмад ибн Мансур Исфийжобий (480 ҳ.й. в.э.) Самарқанд. “Шарҳи жомеи сағир” Фахрулислом Баздавий (таҳ. 400-482 ҳ.й.) Самарқанд. “Усул” Муҳаммад Хохарзода (483 ҳ.й. в.э.) Бухоро. “Мабсут” Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий (490 ҳ.й. в.э.) Сарахс, Ўзган. “Мабсут” Ҳижрий олтинчи аср (1107-1204 милодий йиллар) Заҳириддин Кабир Марғиноний (506 ҳ.й. в.э.) Али Исфийжобий (454-535 ҳ.й.) Самарқанд. “Шарҳи мухтасари Таҳовий” Содруш Шаҳид (483-536) Бухоро. “Воқеот”, “Шарҳи адаби қози” Нажмиддин Умар Насафий (461-537) Насаф. “Тилбатут толаба” Алоуддин Муҳаммад Самарқандий (539 ҳ.й. в.э.) Самарқанд, Бухоро. “Туҳфатул фуқаҳо” Маҳмуд Замахшарий (467-538 ҳ.й.) Замахшар. “Руъус масоил” Аҳмад ибн Мусо Кеший ( таҳ. 550 ҳ.й. в.э.) “Мажмаун навозил” Носириддин Муҳаммад Самарқандий (556 ҳ.й. в.э.) Самарқанд. “Мултақот” Рукниддин Кирмоний (565 ҳ.й. в.э.) “Жавоҳиру фатава” Сирожиддин Али Ўший (таҳ. 569 ҳ.й. в.э.) Ўш. “Фатава”, “Бадъул амолий” Абу Музаффар Асъад Каробисий (570 ҳ.й. в.э.) “Фуруқ” Алоуддин Косоний (571 ҳ.й. в.э.) Косон, Ҳалаб. “Бадоеус саноий” Ҳасан ибн Мансур Қозихон (592 ҳ.й. в.э.) “Фатава” Бурҳониддин Марғиноний (593 ҳ.й. в.э.) Риштон, Марғилон, Самарқанд. “Ҳидоя”, “Тажнис” Жамолиддин Аҳмад Ғазнавий (593 ҳ.й. в.э.) Ҳалаб. “Ҳави қудсий” Ҳисомиддин Али Розий (598 ҳ.й. в.э.) Ҳалаб. “Хулосату далоил фи танқиҳи масоил” Ҳижрий еттинчи аср (1204-1301 милодий йиллар) Тоҳир ибн Аҳмад Бухорий (600 ҳ.й. в.э.) Бухоро. “Хулосатул фатава” Бурҳониддин Маҳмуд Бухорий (616 ҳ.й. в.э.) Марғилон, Бухоро. “Муҳити Бурҳоний”, “Заҳираи Бурҳония” Заҳириддин Муҳаммад Бухорий (619 ҳ.й. в.э.) Бухоро. “Фатаваи Зоҳирия” Мажидуддин Муҳаммад Устуршоний (633 ҳ.й. в.э.) Устуршона. “Фусул” Муҳаммад ибн Абдусаттор Кардарий (559-642 ҳ.й.) Бухоро. “Шарҳи мунтаҳаб” Абдураҳим Марғиноний (651 ҳ.й. в.э.) Марғилон. “Фусули имодий” Алоуддин Таржумоний (654 ҳ.й. в.э.) Урганч. “Ятимматут даҳр” Нажмиддин Мухтор Зоҳидий (658 ҳ.й. в.э.) “Ҳовий”, “Куня”, “Мужтабо” Зайнуддин Муҳаммад Розий (610-666 ҳ.й.) Рай. “Туҳфатул мулук” Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубий (673 ҳ.й. в.э.) “Виқоя” Жалолиддин Карлоний (676 ҳ.й. в.э.) Хоразм. “Кифоя шарҳи ҳидоя” Абулфазл Абдуллоҳ Мўсилий (599-683 ҳ.й.) Мўсул, Дамашқ. “Ихтиёр”, “Мухтор ли фатава” Музаффаруддин Аҳмад ибн Саатий (694 ҳ.й. в.э.) Боғдод. “Мажмаъул баҳройн” Ҳижрий саккизинчи аср (1301-1398 милодий йиллар) Умар ибн Муҳаммад Санномий (7-8 асрлар) “Нисобул иҳтисоб” Ҳофизиддин Насафий (таҳ. 620-710 ҳ.й.) Насаф. “Манор”, “Канзуд дақоиқ” Абу Аббос Аҳмад Саружий (637-710 ҳ.й.) “Алғоя шарҳул ҳидоя” Ҳисомиддин Ҳусайн Сиғноқий (714 ҳ.й. в.э.) Сиғноқ. “Ниҳоя”, “Кофий шарҳи усули Баздавий” Фахриддин Усмон Зайлаъий (743 ҳ.й. в.э.) Қоҳира. “Табйинул ҳақоиқ” Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий (747 ҳ.й. в.э.) Бухоро. “Нуқоя мухтасари виқоя”, “Шарҳи виқоя” Қивомиддин Муҳаммад Кокий (749 ҳ.й. в.э.) Қоҳира. “Меърожуд дироя” Амир Котиб Итқоний (685-758 ҳ.й.) “Ғоятул баён” Иброҳим ибн Али Таросусий (721-758ҳ.й.) Дамашқ. “Анфа васоил” Жамолиддин Зайлаъий (762 ҳ.й.в.э.) Қоҳира. “Насбур роя” Сирожиддин Умар Ғазнавий (704-773ҳ.й.) “Зубдатул аҳком” Олим ибн Алаа Татархоний (786 ҳ.й.в.э.) Деҳли. “Фатвои Татархония” Акмалуддин Бобартий (710-786 ҳ.й.) Қоҳира. “Иноя”, “Тақрир” Шамсиддин Муҳаммад Қунявий (788 ҳ.й. в.э.) Қуня. “Дурарул биҳар” Ҳижрий тўққизинчи аср (1398-1495 милодий йиллар) Абу Бакр ибн Али Ҳаддод Сирожулваҳҳож (720-800 ҳ.й.) “Жавоҳирун наййира” Муҳаммад Баззозий Кардарий (827 ҳ.й. в.э.) “Фатвойи Баззозия” Сирожиддин Абу Ҳафс Қори Ҳидоя (750-829 ҳ.й.) Қоҳира....

ҲАШАР ЭЛГА ЯРАШАР!

“Ҳашар – элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади. 2018 йил 18-19 августь кунлари Қурбон ҳайити ва мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами муносабати билан Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти биносида ҳам ҳашар ташкил этилди. Ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи хизматчилар ҳамда 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган талабалар фаол иштирок этди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди, ҳовлидаги узум ишкомлари тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва қуриган шохлари кесилди ҳамда ҳовлидаги мавжуд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари қайта жиҳозланиб, бўялди. Ҳашар кунлари институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳудудида ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган аёл-қиз талабалари томонидан барча дераза ойналари артилиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилди. Хулоса ўрнида Тошкент ислом институтида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари орасида кўтаринки кайфият билан ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ректор в.в.б У.Ходжаев 603
1 1 363 1 364 1 365 1 366 1 367 1 517