islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Ўзбекистон қорилари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига жўнаб кетди

Бугун 3 октябрь соат 08-20 да Ўзбекистон қорилари – Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, институтнинг 4 курс талабаси «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018» мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Нуриддинов ҳамда “Кўкалдош” ўрта маҳсус ислом билим юрти талабаси Абдурраҳмон қори Сўфиев Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро мусобақада иштирок этиш учун жўнаб кетдилар. Мазкур мусобақада Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида жами 82 давлатдан 115 киши иштирок этади. Ушбу мусобақа Масжидун-Набавийда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бу Саудия Арабистони тарихида илк бор ташкил этилмоқда. Шундай қилиб бу мусобақада юртимиздан икки нафар қори Й.Нуриддинов (30 порани ёддан ўқиш йўналиши), А.Сўфиев (15 порани ёддан ўқиш йўналиши) бўйича иштирок этса, устоз Ж.Неъматов баҳоловчи ҳакам сифатида иштирок этади. Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда. Мусобақа 6-11 октябрь кунлари – олти кун мобайнида бўлиб ўтади. Вакилларимизнинг қайси куни иштирок этиши қуръа йўли билан аниқланади. Қори юртдошларимизнинг илмига Аллоҳдан барака сўраб қоламиз. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 1 055

Қадрият миллат кўзгуси

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот – бу устоз ва мурраббийлардир. Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент Ислом институтининг талаба қизлари иштирокида “Қадрият миллат кўзгуси“ деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга Тошкент шаҳар вакиллигидан, Нуроний хайрия жамғармаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан вакиллар таклиф қилинди, шунингдек институтнинг аёл устоз-ходимлари ва талаба қизлар иштирок этди. Тантанали байрам тадбири Тошкент ислом институти раҳбарияти томонидан ЎМИ раиси муфтий У.Алимов ҳазратларининг  устоз ва мураббийларга йўллаган табрикномасини ўқиб эшиттириш билан очилди. Тадбирда нуроний онахонларимиз институт аёл устоз-ходимлари ва талаба қизлар билан дилдан суҳбат қилишди. Олий қадрият ҳисобланган миллий урф-одат ва анъаналаримизни ўзида акс эттирган давра суҳбатидан бошланиб, сўнгра институтнинг 1-курс талаба қизлари томонидан тайёрланган “1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни”га бағишланган байрам тадбирига уланиб кетди. Тадбирда устозларни мадҳ этувчи шеър ва ҳикматли сўзлар ҳамда қизиқарли саҳнавий  кўринишлар намойиш этилди. ТИИ Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи  З.Суярова 990

Сиз қандай юрасиз?

Инсон ўзининг эҳтиёжи сабабли доимо бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб туради. Гоҳида ухласа, гоҳида ўтиради, гоҳида юрса, гоҳида югуришга тўғри  келади. Баъзида ибодатга машғул бўлса, баъзида касбу ҳунар билан машғул бўлади. Мўмин киши қайси ҳолатда бўлмасин, албатта, ўша ҳолатга тегишли динида кўрсатилган одобларга риоя қилиши лозим бўлади. Зеро, динида унинг ҳаётидаги ҳар бир ҳолатига тегишли одоблар баён қилиб қўйилгандир. Шу маънода эътиборингизга  пиёда юришга тааллуқли одобларни ҳавола этамиз. Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Мўмин киши барча ҳолатларида дастлаб эзгу ният қилиши лозим бўлади. Агар бир дўстини зиёрат қилишга борса, ушбу зиёрати билан Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлайди. Агар масжидга йўл олса, ибодатни адо этишга ният қилади. Агар касбу кор учун йўлга отланса, аҳли оиласига ҳалол ризқ топиш ниятини қилади. Агар бирор-бир ўйин ўйнамоқчи бўлса, ушбу ўйиндан олдин у билан соғлигини тиклашни, ибодатга қувватли бўлишни ният қилади. Шу маънода пиёда юришда ҳам мусулмонларга манфаат келтириш сингари эзгу ниятлар қилади. Иккинчи одоб –  ҳаром қилинган жойга бормаслик. Мусулмон киши ҳаромга олиб борувчи ҳар бир қадамга гуноҳ ёзилишини, ҳаромдан сақланиб, ҳалолга юрилган ҳар бир қадамга эса савоблар ёзилишини билиши лозимдир. Учинчи одоб  – кибр билан юришдан сақланиш.  Такаббурлик қилиб юриш ёмон оқибатга олиб борувчи қаттиқ қайтарилган ишдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар берилган: وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ “Ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас”[1]. Ушбу оятни Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай тафсир қилган: “Ер юзида ўзига бино қўйган мутакаббир бўлиб юрмагинки, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб қоласан. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас”, – деган. Оятда келган مُخْتَالٍ калимаси “ўзига бино қўйган” маъносини, فَخُورٍ калимаси “бошқага мақтанувчи маъносини англатади”. Тўртинчи одоб – ўртача тезликда юриш. Юришда ҳаддан зиёд тез ҳам, ниҳоятда секин ҳам бўлмасдан, ўртача ҳаракатланиш ҳам пиёда юриш одобидан ҳисобланади. Бешинчи одоб – юришда орқасига алангламаслик. Юриб кетаётган киши агар орқасига аланглайдиган бўлса, бошқаларда у ҳақида турли гумонлар юзага келиши, ёки бирор нарсага қоқилиб кетиши каби турли нохуш ҳолатларга дучор бўлиши мумкин. Шунинг учун мўмин киши тўғрига қараб виқор билан юриши лозим. Олтинчи одоб  – юришда сохта қўрқоқлик қилмаслик. Бошқаларнинг эътиборини тортиш учун ўзини қўрқиб кетгандек қилиб кўрсатиш ёки ўзини касалликка солиш каби сохтакорликлар Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ишлар ҳисобланади. Шунинг учун мўмин киши судралмасдан шахдам юриши лозим бўлади. Умар розияллоҳу анҳу кўчада касалмандга ўхшаб юрган бир йигитни кўриб: “Касалмисан”, – деб сўради. У: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни дарралари билан бир уриб: “Бўлмаса дадил юргин”, – деб буюрди. Еттинчи одоб –  дадиллик билан юриш. Дадиллик билан юриш ҳам юриш одобларидан ҳисобланади. Дадиллик билан юриш деганда оёқларини судрамасдан шахдам қадамлар билан юриш тушунилади. Юришда пилдираб(жуда майда қадам билан) юриш, касалмандаларга ўхшаб “зўрға” юриш юришдаги одобсизлик ҳисобланади. Мусулмон киши виқор билан, ўзидаги куч-қувватни намоён қилиб юриши лозим. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра севимлидир”. Саккизинчи одоб – ман қилинган юришлардан сақланиш. Мусулмон кишининг одоби уни қуйидаги юришлардан қайтариб туради: – мутакаббирлик билан юриш; – хавотир билан атрофга аланглаб, довдираб юриш; – ўлиб бораётган касалманддек судралиб юриш; – нозланиб юриш; – бирор заруратсиз йўрғалаб юриш....

Узтозларга эҳтиром!

Устоз, муаллим, мураббийлар биз учун нечоғлик яқин ва қадрли зотлардир. Инсон жаҳолат ботқоғидан халос бўлиб, илму маърифат нури сари одимлашида устозларнинг ўрни бениҳоя катта. Киши бирор илм ёки касбни моҳир мутахассиси бўлишни орзу қилар экан, албатта, бирор етук устозни ўзига муқтадо қилмоғи лозим. Бўлмаса, бунинг ортидан турли кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Зеро, халқимизда ҳам: «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деган пурҳикмат сўз бор. Нима учун ҳар бир нарсани устоз билан ўрганиш керак? Чунки илм нур бўлиб, у қалбдан қалбга фаришта воситасида ўтади. Устозсиз ўрганилган илмда фойда бўлмайди. Катта уламоларнинг бу борада айтган сўзларига эътиборимизни қаратайлик. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга масжидда илмдан мунозара қилаётган ҳалқа ҳақида айтилди. Шунда у зот: –“Уларнинг  боши (устози) борми?”, деди. –“Йўқ”, дейишди улар. –“Унда ҳаргиз фақиҳ бўла олмайдилар”, деди. Демак, ҳар қандай илм ёки касбни устоз билан ўрганиш даркор экан. Дарҳақиқат, шундай масалалар борки унга фақат тажрибали устоз, моҳир олимнинг изоҳи билангина етилади. Улуғларнинг ҳам бир гапи бор: “Ким илмга ёлғиз кирса, ундан ёлғиз чиқади”. Яъни: ҳаракати бефойда бўлади. Бир форсий байтда устоз кўрмай ўтган умрни бефойда экани айтилади: Агар шумори умрат фузун зи ҳаштод аст, Надида хидмати устод лағву барбод аст. Яъни, сенинг ёшинг саксондан ўтган бўлса-да, устоз хизматини кўрмаган бўлсанг, бу умр бефойда ўтибди. Демак, илмга устоз орқали етилар экан. Шундай экан устозларга доимо ҳурмат ва одоб кўрсатишимиз лозим. Мўътабар китобларимизда талабанинг ўз устозга кўрсатадиган одоблари гўзал баён қилинган. Жумладан: кўрганда салом бериш, ҳол сўраш, олдида юрмаслик, кўп савол бермаслик, жойига ўтирмаслик, малолланиб турганда кўп вақтини олмаслик, ҳузурида изн олиб гапириш, ҳақларига дуо қилиш ва бошқалар. Устозга қанчалик ҳурмат кўрсатилса, талабанинг илмига шунча барака киради. Юқорида айтганимиздек, устозларга одоб кўрсатиш билан бир қаторда уларга беодоблик қилиб қўйишдан сақланиш лозим. Машойихлар: «Беодоб бенасиб», дейдилар. Муаллимлик энг олий касбдир. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бу дунёга муаллим ўлароқ юборилгани бу касбни не чоғлик улуғлигини кўрсатади. Динимизда устоз, муаллимларнинг ўрни юқори баҳоланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Ердаги ва осмондаги барча нарсалар инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллимга истиғфор айтади». Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?! Устозлар ҳурмати, уларнинг фазилатлари ҳақида бир суҳбатда ёки бир мажлисда бу мавзуни батафсил баён қилишни иложи йўқ. Хулоса ўрнида айтар сўзимиз, Аллоҳ барча устозу муаллимларни аввало тану жонларини саломат, умр ризқлари ва хонадонларига барака, илм-маърифат йўлида олиб бораётган ишларида Аллоҳ мададкор бўлсин. Яратган барчаларини ҳар хил ёмонликлардан паноҳида асрасин! Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабаси Равшанбек Уринбаев 1 258

Барча дардларга шифо ва бойлик келтирувчи хислатли дуолар китоби нашрдан чиқди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод тариқатсевар биродарлар истак талабаларига биноан  тасаввуф илмига доир “Нажот йўли” номли китоб таълиф этди. Китобни манфаати барчага баробар бўлиши учун инсонларнинг бошига тушадиган барча дардларга шифо бўладиган оятлар, дуолар ва уларни қанча миқдорда ўқиш йўллари кўрсатилган. Масалан, бепуштлик дардига 762 марта “Ал-Холиқ” деса, фарзанд кўради. Юқори қон босимига учраганлар 1512 марта “Ал-Ҳафиз” деса, қон босими меъёрига келади. Простатит касалига чалинганлар 545 марта “Ар-Рашид” деса, дарддан халос бўлади. Қандли диабет касалига чалинганлар 245 марта “Ал-Борий” деса, шифо топади. Шунга ўхшаш барча дардларни шифоси бўлиб, таржибадан ўтгандир. Қарздан қутилиш, бой бўлиш, сеҳри жодуни йўқ қилиб юборадиган дуолар ҳам бор. Мазкур дуолар тўплами Чорсудаги китоб дўконларида сотилмоқда. Улгуржи олмоқчи бўлганлар +998998320302 рақамли муаллиф телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин. 2 701
1 1 368 1 369 1 370 1 371 1 372 1 536