Соч инсон зотига берилган катта неъматлардан бири ҳисобланади. Бош ва қошдаги туклар эркакка ҳам, аёлга ҳам баробар зийнатдир. Сочнинг саломатлик учун ҳам фойдаси бисёр. У ёзда бош терисини қуёшдан келадиган ва тери учун ҳалокатли таъсирга эга бўлган ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилса, қишнинг совуқ кунларида бошни совуқдан асрайди. Бугунги кунда турли-туман сабаб ва омиллар туфайли жумладан, атроф-муҳитнинг бузилиши, витамин етишмаслиги, кимёвий чиқиндилар таъсири, нотўғри овқатланиш, танада мавжуд бўлган паразитлар, доимий стресс, ирсий омиллар ва бошқа хил сабаблар туфайли кўплаб эркаклар ва баъзи аёллар соч тўкилиши ва калликдан азият чекмоқда. Сочнинг бошнинг маълум бир қисми ёки аксар қисми буткул кал бўлиб қоладиган даражада шиддат билан тўкилиши инсон руҳиятида салбий из қолдиради, уни ҳар хил асабий зўриқишларга дучор қилади. Шу билан бирга у инсоннинг ташқи кўринишига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, уни хунуклаштиради. Замонавий тиббиётнинг тараққий этиши натижасида соч тўкилишини даволаб, калликка барҳам берадиган турли хил воситалар пайдо бўлди. Улардан бири бемор танасидаги сочдан холи бўлиб қолган жойларга жарроҳлик йўли билан соч экиш амалиётидир. Бунда беморнинг энса қисмидан керакли миқдорда соч илдизлари (пиёзчалари) олиниб, касалланган ҳудудга тегишли жарроҳлик усулида ўтқазилади. Хўш, бу ишнинг шаръий ҳукми нима? Жоизми, ножоизми? Жавоб шуки, соч тўкилиши ва калликни даволаш мақсадида соч эктириш жоиз. Мазкур амалиёт муваффақиятли амалга оширилса, бошнинг кал бўлиб қолган қисмида сочлар қайтадан ўсиб чиқади. Бинобарин, бу даволаш ва муолажа қилиш қабилидан бўлиб, асло Аллоҳ яратган шаклу шамоилни ўзгартириш бобига кирмайди. Балки, Аллоҳ яратган гўзал хилқатни аслига қайтариш ҳисобланади. “Дарҳақиқат, инсонни энг гўзал суратда (хушбичим қилиб) яратдик” (Тийн сураси, 4-оят). Саҳиҳайнда Бани Исроил қавмида яшаган уч нафар баданида айби бўлган кишилар ҳақида ибратли бир ривоят келтирилади. Улар мохов, кал ва кўзи ожиз кишилар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни синаш мақсадида олдиларига инсон қиёфасидаги бир фариштани юборади. Фаришта юқоридаги мажруҳ кишиларнинг ҳар бирига йўлиқиб, нимани хоҳлашини сўрайди. Уларнинг ҳар бири одамларнинг улардан жирканишига сабаб бўлаётган ўзларидаги айбдан халос бўлиш истагида эканлигини билдиради. Фаришта уларнинг баданини масҳ қилганда улардаги хилқий айблар барҳам топади. Жумладан, калнинг баданини силаганда унинг каллиги йўқолиб, бир зумда чиройли соч ато этилади. Ривоятнинг мавзуимизга тааллуқли жойи шундаки, кал бўлиб қолган киши қайтадан соч ўстиришга ҳаракат қилиши ножоиз бўлганда фаришта бу ишни қилмаган бўларди. Агар бу иш ўтган қавмларда жоиз бўлиб, бизнинг умматга ножоиз бўлган тақдирда ҳам Набий алайҳиссалом шу ҳадисни айтган вақтларидаёқ буни баён қилган ва асло маъқулламаган бўлардилар. Зеро, “баённи эҳтиёж вақтидан кечиктириш жоиз эмаслиги” мўътазила мазҳабига хилоф ўлароқ жумҳур уламолар томонидан баён қилинган ва иттифоқ қилинган бир масаладир. Яъни, усулул фиқҳ уламоларига кўра, шариатни жорий қилувчи тараф (яъни Аллоҳ ва Унинг Расули) бирор масаланинг ҳукми ёки кайфиятини баён этмасдан туриб, ўша масаланинг кайфияти тақозо қилган ҳолат бўйича амал қилишни талаб қилмайди, чунки бу тоқатдан ташқари нарсани талаб қилиш бўлиб қолади ва бу эса динимиз моҳиятига зид бўлган ишдир. Ҳанафий мазҳаби усулул фиқҳ (фиқҳ асослари) мактабида машҳур бўлган шарҳут талвиҳ алат тавзиҳ китобида шундай дейилади: “وَلَا يَجُوزُ تَأْخِيرُ الْبَيَانِ عَنْ وَقْتِ الْحَاجَةِ ؛ لِأَنَّهُ تَكْلِيفٌ بِمَا لَا يُطَاقُ” Яъни, “тегишли ҳукм баёнини амал қилишга эҳтиёж туғилиш вақтидан кечиктириб юбориш мумкин эмас. Чунки, бу тоқатдан ташқари нарсага буюриш бўлиб қолади” (2-жилд: 412-саҳифа). Машҳур муҳаддислардан Абу...
Буюк бобомиз, саркарда, давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур таваллудинг 682 йиллиги муносабати билан Тошкент ислом институтининг 2-босқич талабалари “Темурийлар тарихи давлат музей”ига ташриф уюштирдилар. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан 1996 йилда барпо этилган ушбу музей Тошкент шаҳрининг қоқ марказида, Амир Темур ҳиёбонинг ёнгинасида жойлашган. Музей экспозисиясидан ўрин олган экспонатларни қизиқиш билан томоша қилдик. Кўрганларимдан завқландим. Биз қудратли давлатнинг, буюк аждодларнинг авлодлари эканлигимдан фахрландим. Мен ҳам келажакда етук шахс бўлишни ўз олдимга улкан мақсад қилиб олганман. Мана шу мақсадга эришиш учун астойдил интиламан, – дейди 2-курс талабаси Нейматов Муҳаммад Юсуф. Музейнинг кўргазмалар залидаги миниатюра услубида яратилган деворий суратни кўриб, мен тарихимизнинг узоқ ўтмишини ўқигандай бўлдим. Уч қисмдан иборат ушбу тасвирларда Темур бобомизнинг Ватан равнақи йўлида кўрсатган жасоратлари ўз ифодасини топган. Шундай экан биз ёшлар – мана шундай аждодларимиз қолдирган меросини асраб авайлашимиз керак – дейди, 2-курс талабаси Бобораҳимов Зикриё. Музейга қилинган экскурсия давомида талабаларга музейда сақланаётган 10-14 асрларда Темурийлар сулоласига оид бўлган бир қанча осори-атиқалар ва Амир Темур томонидан Самарқанд шаҳрига олиб келинган ва ҳозирда ушбу музейда сақланаётган “Усмон Мусҳафи” китоби нинг нусхаси кўрсатилди. Талабалар музейда Темурийлар сулоласига тегишли сопол буюмлар, кўзалар, қозонлар, ўша даврдаги қурол-аслаҳалар, от абзарлари, кийим-кечаклар, кандакорлик намуналари, Темурийлар сулоласига ишланган турли хил миниатюралар ва бошқалар билан яқиндан танишишди. Шунингдек, музейда сақланаётган бошқа қадимий китобларни томоша қилишди. Булардан “Темур тузуклари”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Курагоний” каби асарларнинг асл нусхалари билан танишиб чиқишди. Шунингдек, талабаларга Темур ва Темурийларнинг Ўрта Осиё маданияти ва ҳатто жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилиб берилди. Хусусан, Темурнинг мардликлиги, адолатлилиги ҳамда ҳорижий мамлакатлар билан олиб борган сиёсати талабаларда янада фаҳр ҳиссини уйғотди. Талабалар ушбу музейда ўзларига керакли бўлган маълумотларни олишди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир СОБИРОВ 848
Бугун, 9 апрель куни Тошкент ислом институтида Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб “Амир Темур дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда маърузачи Ўзбекистон Давлат санъат музейи “Ўзбек халқ амалий санъати бўлими” мудири О.Тангиров, ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири А.Тошпўлатов, “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи Ў.Собиров, бўлим услубчиси Ғ.Баратов ҳамда ТИИнинг 3-4 курс талабалари иштирок этди. Маърузачи О.Тангиров Амир Темур ўз вақтида Осиё ва Европада рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлади. О.Тангировнинг маълумот беришича, Евросиё ҳудудида улкан салтанат барпо қилган Амир Темур шахси ва фаолиятига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормоқда. У ҳақда шарқ ва ғарб тилларида 1,5 мингдан ортиқ асар битилган. Бугун дунёнинг қарийб 50 мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. Давра суҳбатида иштирок этган талабаларнинг Амир Темур ҳақидаги билим ва тушунчалари янада кенгайди. Тадбирни “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири А.Тошпўлатов йиғилганларга миннаддорчилик билдирди. Сўнгра талабалар томонидан Қуръони карим тиловат қилиниб, савоби саркарда А.Темур ва бошқа ўтган мўъмин мусулмонларнинг руҳониятларига бағшида қилинди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир СОБИРОВ 564
Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган. Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди. Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Мовароуннаҳр мўғуллар истибдоди остида бўлиб, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган, Чингизхон Мовароуннаҳрни ўзининг иккинчи ўғли Чиғатойхонга суюрғол сифатида инъом қилган эди. Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади. 1360-йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг, Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, 1370 йилда Мовароуннаҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади. Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ерларни, Тошкент вилоятини, Фарғона водийсини, Хоразмни ўз ҳукмронлиги остига киритди. Натижада, Мовароуннаҳр ва Хуросонда йирик марказлашган давлат вужудга кедди. Соҳибкирон сўнгги йилларда Эрон, Ироқ, Закавказье мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда – Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди. Темур фаолиятида муайян сиёсий йўл – майда феодал ҳукмронлигини тугатиш, муҳим халқаро карвон йўлларида устунлик қилиб турган Олтин Ўрда, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг рақобатини енгиб, Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий қувватини таъминлай оладиган марказлашган давлат ташкил этиш эди. Амир Темур авваламбор мамлакатда давлат тизимини мустаҳкамлаш, бошқаришдаги тартиб-интизом, қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунар-мандчиликни кенгайтиришга имконият яратиш, солиқларни тартибга солиш, мамлакат ҳимоясини таъминлаш йўлида қўшиннинг қудратини ошириш кабиларга катта эътибор берди. Амир Темурнинг ҳар бир ҳарбий юришига туртки бўларлик сабаб бор эди. Бу сабаблар – ўз давлатининг чегараларини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш, карвон йўлларини турли йўлтўсарлардан тозалаш, хиёнатчи, сотқин, алдамчиларни жазолаш, бўйсунмаганларни итоат эттириш, ўзининг сиёсий таъсирини кенгайтириш кабилардан иборат бўлганлигини тарихий манбалардан билиб олиш мумкин. Масалан, Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши юришини олсак, Темур Тўхтамишхонга кўп илтифотлар, ёрдамлар кўрсатиб, 1379 йилда Урусхонни енгиб, Оқ Ўрда тахтига Тўхтамишхонни ўтқазган эди. Аммо Тўхтамишхон Амир Темурнинг умидларини пучга чиқарди. У Мовароуннахрга бир неча бор талончилик ниятида бостириб кирганидан сўнг, Темурда ҳам унга қарши курашиш мажбурияти вужудга кедди ва 1395 йил 15 апрелда қундузчада Амир Темур билан Тўхтамишхон ўртасида ҳал қилувчи ҳаёт-мамот жанги бошланди. Жанг фақат Тўхтамишхоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяқолмай, балки бутун Олтин Ўрда тақдирини ҳам ҳал қилди. Тарих Темур зиммасига Олтин Ўрдадек қудратли мўғул империясининг асосини емиришдек улкан вазифани қўйган экан, Соҳибқирон бу вазифани ҳам буюк жасорат билан адо этиб, Рус князликлари ва Шарқий...
Аввал хабар берганимиздек, 7 апрель куни Тошкент ислом университетида «Диншуносликнинг долзарб муаммолари» номли анъанавий республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Бу ҳақда ТИУ расмий сайти хабар бермоқда. Конференцияда турли ташкилот вакиллари, республикадаги соҳа мутахассислари, турдош олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходим ва магистрантлари, жумладан институтимиз ректори У.Ғафуров ҳам иштирок этди. Илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов сўз олиб, бугунги глобаллашув жараёнида динларнинг маърифий жиҳатларини тадқиқ этиш ҳар жиҳатдан аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Илмий-амалий анжуманда «Ўзбекистон таълим тизимида диншуносликка оид фанлар ўқитилишининг долзарб масалалари», “Тошкент ислом университетида диний бағрикенглик соҳасида эришилган ютуқлар”, «Ўзбекистон мустақиллиги ва ислом манбашунослиги фанининг ривожи», «Ёшлар тарбиясини юксалтиришда ислом маданиятининг ўрни», “Ўзбекистонда «Диншунослик» фанини ўқитишдаги янгича ёндашувлар”, “Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришда «Етти пир зиёратгоҳи» сайти аҳамияти”, “Болалар – «ИШИД» террорчи ташкилоти тарғиботининг муҳим мавзуси”, «Проблемы преподования предмета религоведение на современном этапе образовательных реформ» каби мавзулар маърузачилар томонидан муҳокама қилинди. Университет нашриёти томонидан илмий-амалий анжуман материаллари тўплам ҳолида чоп этилди ва иштирокчиларга тақдим этилди. Шунингдек, университет Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази томонидан 2017-2018-йиллар давомида нашр этилган янги китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. 567