8 апрель куни Ўзбекистонлик қорилар Кувайтда ўтказиладиган 9-халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар. Ушбу мусобақада “Ҳифз” йўналиши бўйича 2017 йилда Ўзбекистонда ўтказилган Қуръон мусобақасининг олий ўрин соҳиби, Тошкент Ислом институти 3-курс талабаси Абдулазиз қори Раҳмонберди, тиловат йўналишидан “Ҳазрати Имом” масжиди ноиб имоми Исмоил қори Қурбонов юрт шаънини ҳимоя қиладилар. Мусобақа 10 апрель куни бошланади. 690
Тўққиз буюк муҳаддиснинг китобларидан ўрин олган ҳадиси шарифларга кенг шарҳлар бериладиган “Олтин силсила” кўрсатувининг навбатдаги сони 5 апрель куни эфирга узатилди. Мазкур кўрсатувни “Ҳилол нашр” мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ олиб боради. Дастурда Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарида айтилган “Дин насиҳатдир…” ҳадиси шарҳланган. 573
7-8 апрель куни “Шайх Зайниддин” жоме масжиди мажлислар залида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” Республика босқичига йўлланма олган “Тиловат” ва “Ҳифз” йўналишлари бўйича иштирокчилар учун ўқув-тренинг машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда ЎМИнинг @muslimuzportal телеграм канали хабар бермоқда. Мусобақанинг ташкилий ҳайъат раиси А.Матқулов бошчилигидаги мазкур ўқув-тренинг машғулотларида иштирокчиларга мусобақанинг регламенти, тартиб-қоидалари ва муҳим жиҳатлари борасида зарурий кўрсатмалар берилди. Анжуманни Одилхон Юнусхон ўғли очиб берди ва иштирокчиларни қутлаб, уларга муваффақият тилади! Машғулот соат 8:30 да бошланди. Дастлаб, Ҳасанхон қори Абдулмажидов ва Шуҳрат Қаюмов кириш сўзи қилдилар. Шунингдек, улардан овоз ва тараннум борасида тавсиялар тингланди ҳамда устоз Зоҳиджон қори Азимбоев дуо қилиб бердилар. Иккинчи жуфтлик машғулотда Ҳасанхон қори Абдулмажидов ва Валихон қори Азимбоев мусобақа баҳолаш мезони ҳақида маълумотлар ва тажвид илми борасида зарур тавсиялар бердилар. Учинчи жуфтликда Жасурбек қори Қулбоев мақомот илми ва мусобақа жараёнида унга эътибор қаратиш ҳақида сўз юритди. Якуний тўртинчи жуфтликдаги машғулотда Абдулҳаким қори Матқулов мусобақа ташкилий ишларига оид масалалар билан таништирди. Дарсдан сўнг олинган назарий билимлар юзасидан амалий машғулотлар ҳам ўтказилди ва иштирокчиларга керакли маслаҳатлар берилди. Икки кунлик ўқув тренинг машғулотида қатнашган иштирокчилар мазкур дарслардан кўп манфаат олганликлари ва ундаги тавсиялар келгусида ҳам кўп асқотишини мамнуният билан қайта-қайта таъкидладилар. Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақанинг республика босқичида қорилардан “Ҳифз” йўналиши бўйича Тошкент ислом институтидан Йўлдошбой Нуриддинов ва “Таҳфизул Қуръон” кафедрасидан Муҳаммад Ҳожимирзо Сайдалиев, “Тиловат” йўналиши бўйича эса Тошкент ислом институтидан Муҳаммад Юсуф Абдураҳмонов ва “Таҳфизул Қуръон” кафедрасидан Ҳамидуллоҳ Нажмиддинов ҳамда қориялардан “Ҳифз” йўналиши бўйича Нажмиддинова Робия ва “Тиловат” йўналиши бўйича эса, Саъдуллаева Муфаззала иштирок этадилар. 563
Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат туфайли у зотнинг атрофларида турган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида Омина онамизга ким доялик қилган эди? Айрим ривоятларда Ийсо алайҳиссаломнинг оналари покдомон Марям билан золим Фиръавннинг қўлида Мусо алайҳиссаломни улғайтирган Осиёдек мукаррама зотларнинг ҳозир бўлганлари айтилган. Аммо “Марям ва Осиё оналаримизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётган пайтда ҳозир бўлганлари” ҳақидаги ривоятни имом Суютий “Ал-хасоисул кубро” китобида (1/47): “Жуда ҳам мункар”, деган. Ҳақ гап эса, Омина онамизга Шифо розийаллоҳу анҳонинг доялик қилганларидир.[1] Онасининг исми Салмо, эрининг исми Авф, ўғиллари Абдураҳмон розийаллоҳу анҳу ва Асвад розийаллоҳу анҳу, қизи Отика розийаллоҳу анҳолардир[2]. Оламлар сарварининг ёруғ дунёга ташрифида истиқболларига чиққан, бўлажак пайғамбарни илк кутиб олиш шарафига муяссар бўлган Шифо бинти Авф розийаллоҳу анҳони Аллоҳ таоло кейинчалик ҳам кўп яхшиликлар ила сийлади. Шифо ҳақ дин келганида уни қабул этди, байъатда қатнашди, бошқа мусулмонлар қаторида ҳижрат қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида вафот этди ва ўғли Абдураҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳу жаннати эканига башорат олди. Пайғамбаримизнинг, айтиш жоиз бўлса, динимизнинг дояси бўлган Шифодан, унинг қилган хизматларидан Аллоҳ рози бўлсин. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин [1] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/264), “Ас-сийратун набавия”(1/207); Шайх Муҳаммад Хузарий, “Нурул яқин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/5); Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Мавсуъатул хутабил минбария” (2/107); Муаррих Ҳасан ибн Умар, “Ал-муқтафо мин сийратил мустафо” (1/3); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/341); Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра), “Нурул басар”; Ҳасан ибн Муҳаммад Машшот, “Иноратуд дужо фи мағозий хойрил варо” (2/75); Иброҳим Ибёрий, “Ал-мавсуъатул Қуръония” (1/25). [2] Муҳаммад ибн Саъд, “ат-Табақотул-кубро” (8/248). 842