Шу йил 10 декабрь куни Халқаро мусулмонлар форуми котибияти ва Россия мусулмонлари идораси ташаббуси билан Zoom платформаси орқали “Мулоқот маданияти: пандемия давридаги диний одоб-ахлоқ” мавзусидаги XVI халқаро мусулмонлар анжумани бўлиб ўтди. Унда халқаро диний ташкилотлар вакиллари, Европа, Марказий Осиё МДҲдаги давлатларнинг диний идоралар раҳбарлари иштирок этди. Форум Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди. Дастлаб Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнуддин сўзга чиқиб, коронавирус пандемияси даврида мўмин-мусулмонларнинг одоб-аҳлоқи, юзага келган руҳий ва иқтисодий қийинчиликларга бўлган сабр-бардошлари таҳсинга лойиқ экани тўғрисида нутқ сўзлади. Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Аллом эса анжуманда мана шундай мураккаб шароитда мусулмон уламолари ҳамкорликлари мустаҳкамланганлиги, мусулмон умматини ташвишга солаётган муаммоларни бирга ечишга ҳаракат қилингани, хусусан вабо каби касалликларга қарши биргаликда курашилгани тўғрисида сўз юритди. Онлайн халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пандемия даврида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ва унинг натижалари ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини сақлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилгани, МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан юртимизга тўғри келгани, шунингдек пандемия даврида Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилингани ҳамда ушбу синовли кунларда яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ишлари олиб борилаётгани тўғрисида алоҳида тўхталдилар. Муфтий ҳазратлари мусулмон дунёси турли муаммоларга дуч келаётган бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг мана шундай ҳамжиҳатликда ишлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани, диний идоралар ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, онлайн анжуманда Ҳамид Шаҳриёрий – Исломий ташкилотларнинг бирлаштириш халқаро ташкилоти раҳбари; Доктор Холид Эрен – Халқаро ИРСИКА ташкилоти раҳбари; Муҳаммад Хофиз – Париж марказий масжиди имом-хатиби; Науризбай Таганули – Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий; Доктор Аҳмад ал-Дубаян – Лондондаги ислом маркази раҳбари; Саидмукаррам Абдуқодирзода – Тожикистон Уламолар кенгаши раиси, муфтий; Мақсадбек Тохтамушев – Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий; Абдулвохид Ниязов – Европа мусулмонлари Форуми раҳбари; Рашад Алиярли – Кавказ мусулмонлари идораси раиси ўринбосари; Мурат Гул – Берлин ислом бирлашмаси раҳбари; Азиз Хасанович – Хорватия ислом уюшмаси раҳбари, муфтий кабилар ҳам сўзга чиқдилар. Мазкур сўзга чиққан нотиқлар томонидан пандемия давридаги диний одоб-ахлоқлар, бу борада халқоро ташкилотлар ва исломий идораларнинг мурожаат, баёнот, фатво ва тавсияларнинг таъсири ҳамда ҳамкорлик алоқалари натижалари тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, исломий ташкилотларнинг келгусидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 942
Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади. Ушбу хатарли ҳодиса динда чуқур ғулувга берилиб, мутаассиблик ва ботил ақидаларга эргашиш оқибатида вужудга келмоқда. Таъкидлаш жоизки, куни кеча Суриянинг жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтарилган 25 нафар аёллар ва 73 нафар болаларни Ватандан йироқда хору-сарсон бўлишларига сабабчи бўлган шахсларнинг йўлдан адаштирган ғоялар замирида бузғунчи такфирчилик ётади. Такфир арабчада “куфр” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “кофирга чиқариш”ни англатади. Истилоҳда дин ва Аллоҳни тан олмасликда, диндан чиқишда, кофирликда айблаш маъноларида ишлатилади. Ўз навбатида, Қуръони Каримда “куфр” сўзи “кофирлик”, айрим жойларида эса “ношукурлик” маъноларида келган. Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган. Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади. Мазкур ҳолатни таъкидлаб, 2019 йил 15-16-октябрь кунлари Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган “Фиқҳий ихтилофларни маданий бошқариш” мавзусидаги конференцияда сўзга чиққан Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом шундай деди: “Такфир масаласи шу даражада кенг авж олиб кетдики, алалоқибат Аллоҳ таоло ҳаром қилган ноҳақ қон тўкилишигача бориб етди. Ундай кучларнинг қадами қаерга етмасин, ўша ерда фитна тарқалди. … Фиқҳий ихтилофни бошқаришдаги қолоқ ва қотиб қолган бундай ҳаракатлар бизларнинг юртимиз ва халқларимизга яхшиликни истамайдиган баъзи бир давлатлар ва кучларнинг режасига жуда мос келди. Оқибатда, ана шундай қолоқликдан динимизга, халқимизга ва тинчлигимизга раҳна соладиган хатарлар пайдо бўлди. Ҳозирги кунда уламолар ва фуқаҳоларнинг зиммасида ана шундай бузғунчи фикрларга қарши туриш масъулияти бордир”. Дарҳақиқат, ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш саналади. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Шариатга кўра, қалбни фақат Аллоҳ билади. Шунга кўра, мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил бўлади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар”. (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис). Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асаридаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бирор киши ўз биродарига:...
10 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар учун Ҳазрати Имом мажмуасига пресс-тур уюштирди. Халқимиз маънавий меросининг узвий қисми бўлган Ҳазрати Имом (Ҳастимом) меъморий мажмуаси мусулмонлар оламида катта обрў-эътибор қозонган табаррук масканлардан бири ҳисобланади. Мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар халқимиз томонидан асрлар давомида асраб-авайлаб келинмоқда. Бу қутлуғ даргоҳ диёримизда муқаддас ислом дини ва унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ёйишда йирик илмий-маърифий марказ бўлиб хизмат қилаётир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири бўлган Усмон Қуръони, шунингдек, кўплаб ноёб қўлёзмалар жаҳон жамоатчилигининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Ҳазрати Имом мажмуасининг тарихимиз, маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, унинг асл тарихий қиёфасини тиклашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди, мажмуанинг инфратузилмаси ҳар томонлама такомиллаштирилди. Давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, уларга диний амалларни эмин-эркин бажариш учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Сўнгги йилларда ўнлаб масжидлар, диний ўқув юртлари очилди. Мажмуадаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди юртимиздаги энг йирик масжид ҳисобланади. Бу ерда айвони билан қўшиб ҳисобланса, бир пайтнинг ўзида 6 мингга яқин киши намоз ўқий олади. мадрасасигача чўзилган майдонда камида йигирма минг киши ҳайит намозларини адо этиши мумкин. Журналистлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти фаолияти билан ҳам таништирилди. Яқинда 50 йиллиги нишонланадиган мазкур даргоҳда ислом оламида катта обрў қозонган олимлар таълим олган. Институтнинг бешта кафедрасида 700 дан ортиқ талаба таълим олмоқда. Шундан кейин журналистлар Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон, Мўйи муборак мадрасалари билан танишди. – Тошкентга келган сайёҳ Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилмай кетмайди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Ҳозир мажмуада Қуръони каримнинг энг қадимий ноёб нусхаси сақланади. Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюрганида мажмуада Усмон мусҳафига яраша марказ қуриш кераклигини таъкидлаган эди. Ҳозирги кунда бу маскан ёнида Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Унинг ичида Усмон мусҳафи сақланадиган алоҳида катта музей ташкил этилади. Куни кеча Президентимиз туризм бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимиздаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш, алломаларимизнинг қадамжоларини зиёрат масканларига айлантириш, хориждан зиёратчиларни кенг жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ишлар юртимизда зиёрат туризми тарғиботини кучайтиришда муҳимдир. Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА Журналист 922
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти лаборатория мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, Бутунжаҳон фанлар академиясининг академиги Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси (Islamic World Academy of Sciences, IAS)нинг аъзоси этиб сайланди. 2020 йилнинг 1 декабрь куни Иорданиянинг Уммон шаҳрида Ислом дунёси фанлар академияси Бош ассамблеясининг 22-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги аъзолар, шу қаторда ўзбекистонлик олим Бобомурод Аҳмедов ҳам сайланди. Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Қарнаб қишлоғида туғилган Б.Аҳмедов бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти назарий астрофизика лабораторияси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. У асосан умумий нисбийлик назарияси, гравитация назарияси, релятивистик астрофизика ва компакт гравитацион объектлар физикаси соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради. У майдон назарияси, гравитацион ўзаро таъсир назарияси, релятивистик ва ядро астрофизикаси соҳасидаги илмий-тадқиқотлар ва педагогик тажрибага эга. У шу соҳаларда 200 дан ортиқ илмий нашрларнинг муаллифи ҳамда xалқаро Scopus ва Google маълумотлар базасида Xirsh индекси мос ҳолда 27 ва 32 га тенг бўлган мамлакатда илмий ишларига энг кўп ҳавола қилинган муаллифлардан биридир. “Йил олими – 2018” танлови ғолиби бўлган Бобомурод Аҳмедов бугунги кунда Деҳли марказий университетининг фаxрий профессори, Xалқаро назарий физика маркази (Италия)нинг релятивистик астрофизика ва гравитация фан йўналишлари аъзоси ва минтақавий координатори, Ҳиндистондаги Астрономия ва Астрофизика университетлараро маркази ва Тата фундаментал тадқиқотлар институти аъзоси. Шу билан бирга CNR, DAAD, TWAS, ICTP, Volkswagen, Erasmus+, KFUPM, PIFI, NATO каби халқаро грантлар раҳбари, «Arabian Journal of Mathematics» илмий журнали муҳаррири, “Ўзбекистон физикаси” журнали бош муҳарриридир. Б.Аҳмедов Ўзбекистонда релятивистик астрофизика бўйича янги илмий мактаб яратган. У юртимизда ва xорижий илмий масканларда фан докторлари ва фан номзодлари илмий даражаларига эга xалқаро миқёсда тан олинган ва истеъдодли ёш олимларнинг улкан жамоасини тарбиялаган. Ислом дунёси фанлар академияси (ИАС) Иорданиянинг Уммон шаҳрида жойлашган. Академия 1986 йилда Ислом мамлакатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фан ва теxнологияларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. ИАС академияси, шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИХТ) Илмий-теxникавий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси ҳисобланади. Унинг аъзоси бўлиш ҳар бир олимнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишини англатади. Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА. 1 038