Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг http://parliament.gov.uz веб-сайтида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Жамоатчилик фикрини олиш, жамиятимизнинг турли қатламлари хоҳиш ва истакларини қонунда акс эттириш мақсадида сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига Қонун лойиҳасининг жойлаштирилиши диний бағрикенглик сиёсатининг ёрқин намунаси ва тўлиқ ифодаси деб баҳолаш мумкин.
Қонунда ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини уй шароитида диний таълим бериш, ўргатиш ҳуқуқи ҳам белгилаб қўйилди.
Фуқаролик жамияти кишилар ўртасидаги муносабатларнинг юксак маданий савия ва теран маънавий заминга асослангани билан ажралиб туради. Бундай жамиятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги, уларнинг мўътабар ва ҳатто, муқаддас саналиши барқарор бўлмоғи шарт.