islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Динимиз аҳкомлари

Бўлимлар

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – РИЗҚ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ (биринчи мақола)

Ризқ сўзи луғавий жиҳатдан “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади. Дунёдаги ҳамма жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло олдиндан белгилаб қўйган. Белгилаб қўйилган ризқ зиёда ва кам бўлмайди, барча халойиқ ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса, ўшани олмасдан қолмайди, албатта тўлиқ олади. Чунки бу унинг олдиндан белгилаб қўйилган насибасидир: “Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз” (Зухруф сураси, 32-оят). Қуръонда эса ўрмалаган жонзот борки, барчасининг ризқи Аллоҳ таоло томонидан ато қилиниши баён қилиб қўйилган: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят). Яъни инсонларнинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, умуман барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир. Шу ўринда ҳаром ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан, нега уни еган одам жазо олиши керак, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: ҳаромни еган одам ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларга уни ҳалол йўл билан топишга буюрган: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз” (Бақара сураси, 168-оят). Агар банда шайтонга ва нафсу ҳавосига эргашиб, Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан топишга уринса, Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор қилади. Шунга кўра, ҳаром еган банда Аллоҳ таолонинг берган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруғини бажармасдан шайтонга эргашгани учун жазоланади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 184

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – ДУО ВА САБАБИЯТ ҚОНУНЛАРИ (иккинчи мақола)

Шунингдек, банда фойдали нарсаларга эришиш ва зарарли нарсалардан сақланиш учун имкониятидаги зоҳирий сабабларни, яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир. Шу маънода сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирларига алоқасини уч турга ажратиш мумкин: 1. Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш беодобликдир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса, мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади. 2. Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир. Масалан, модомики, мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккул, деган тушунчада бўлиш шариатнинг кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат, сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир. Бу ҳақда Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “Кимки ҳаракатни (сабабларни рўёбга чиқаришни) ҳақир санаган бўлса, суннатни ҳақир санаган бўлади, кимки таваккулни ҳақир санаган бўлса, иймонни ҳақир санаган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”. 3. Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади. Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб боради. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 156

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – ДУО ВА САБАБИЯТ ҚОНУНЛАРИ (биринчи мақола)

Дуо луғатда, “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши дуо деб аталади. Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай баён қилганлар: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ قَالَ: « لَيْسَ شَىْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللَّهِ تَعَالَى مِنَ الدُّعَاءِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Чунки дуо қилувчи ўзининг ожизлигини ва Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодирлигини эътироф этаётган бўлади. Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 121

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – Саҳобаларнинг энг сўнгги вакиллари ва улар вафот этган жойлар

Қуйидаги зотлар ёшлик пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига сазовор бўлишган ҳамда узоқ умр кўрган саҳобалар саналадилар: – Абу Туфайл Омир ибн Восила розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 110 йилда Маккада вафот этган; – Маҳмуд ибн Рабиъ розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 99 йилда Мадинада вафот этган; – Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 93 йилда Басрада вафот этган; – Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 86 йилда Куфада вафот этган; – Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 96 йилда Шомда вафот этган; – Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдий розияллоҳу анҳу ҳижрий 86 йилда Мисрда вафот этган. Шу ўринда айтиш мумкинки, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ушбу саҳобалардан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдийларни ва булардан ташқари Жобир ибн Абдуллоҳ, Оиша бинти Ажрад сингари саҳобаларни кўриб, улардан ҳадис ривоят қилганлари ҳақида саҳиҳ қавллар келган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 176

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – Саҳобаларнинг табақалари

Ҳоким Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни Исломни биринчи қабул қилганлари ва кўплаб улуғ ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганлари эътиборидан ўн икки табақага ажратганлар: 1. Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси; 2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломга келганидан кейин исломни қабул қилганлар табақаси; 3. Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар “Ҳабашистон муҳожирлари” деб аталадиган алоҳида бир табақа саналади; 4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи Ақаба байъатида қатнашган саҳобалар табақаси; 5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган иккинчи Ақаба байъатида қатнашган саҳобалар табақаси; 6. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси; 7. Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси; 8. Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси; 9. Ҳудайбия ғазотидаги “Байъатур ризвон”да қатнашган саҳобалар табақаси; 10. Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси; 11. Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси; 12. “Фатҳ куни” ва “Ҳажжатул вадоъ”да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 137
1 31 32 33 34 35 41