Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсол ҳисобланади. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этади. Маълумки, 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кундир. Шундай экан, мақолада бу муҳим кун муносабати билан байроқ ва байроқдорлик тарихи тўғрисида сўз юритишни маъқул топдик. Тарихга назар ташласак, байроқдорлик масаласи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг эътибор қаратган ишларидан бири бўлган. Хусусан, Ислом дини учун олиб борган ғазотларида (курашларида) албатта байроқ билан чиқардилар ёки байроқдор тайинлаб қўшин жўнатардилар. Ушбу шарафли ишни бажаришни барча саҳобалар орзу қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи боғлаган байроқлари мелодий 623 йилнинг март ойига тўғри келувчи ҳижрийнинг 1-йили Рамазон ойида бўлган. Ул Зот Ҳамза ибн Абдулмутталиб бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл ибн Ҳишом бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар. Ҳамза розияллоҳу анҳу учун тикилган бу байроқнинг ранги оқ бўлиб, уни Абу Марсад Канноз ибн Ҳусойн ал-Ғанавий кўтариб олган эди. Бу тарихда “Сайфул-баҳр сарияси” деб аталган. Энг дастлабки катта ғазотлардан ҳисобланган Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бош қўмондонлик байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Қураший ал-Абдарийга бердилар, байроқ оқ рангда эди. Муҳожирлар байроғини Алий ибн Абу Толибга бердилар, бу байроқни “Уқоб” дейиларди. Ансорлар байроғини Саъд ибн Муозга бердилар. Ҳар икки байроқ қора рангда эди. Уҳуд ғазотида муҳожирлар байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарийга бердилар, ансорларнинг Авс гуруҳи байроғини Усайд ибн Ҳузайрга бердилар ва ансорларнинг Хазраж гуруҳи байроғини Ҳубоб ибн ал-Мунзирга бердилар. Байроқнинг вазифаси қўшинни жипслаштириб, олдинга ундаш бўлган ва аксинча байроқ йиқилса қўшин тарқалиб кетган. Масалан, Уҳуд жангида мушриклар байроғи йиқилганида барчалари тумтарақай ортга қочишган. Мусулмон камончилари ўз жойларини тарк этгани сабабли душман отлиқлари орқадан ҳужум қилишди ва шундан сўнг мушриклардан Амра бинт Алқама ал-Ҳорисия исмли бир аёл шошиб келиб, ерда ётган байроқларини баланд кўтарди, шундан сўнг мушриклар байроқ атрофида жипслашиб, бир-бирларини чорлай бошладилар. Ва натижада мусулмонлар катта талофатга учрадилар. Румликларга қарши бўлган Мўъта ғазотида байроқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари тарбиялаган Зайд ибн Ҳорисага бердилар. Сон жиҳатдан тенгсиз бўлган бу жангда байроқни навбат билан тутган Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳалар шаҳид бўлдилар. Чунки, душман қўшини икки юз минг, мусулмонлар эса уч мингтагина эдилар. Аллоҳнинг қиличи лақабли Холид ибн Валид байроқни олгач, ҳарбий ҳийла ишлатиб қўшинни қутқариб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайбар куни Муҳаммад ибн Масламага: “Эртага байроқни шундай бир одамга тутқазаманки, у Аллоҳ ва Расулини жон-дилдан севади. Бундай одамни Аллоҳ ва Расули ҳам яхши кўради”, дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар ўша суюкли киши ўзлари бўлиб чиқишини орзу қила-қила уйқуга кетдилар. “Ўша кечаси байроқдорлик лавозимига эришишни орзу қилдим”, дея эслайди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Тонг отганда Расулуллоҳ Али ибн Абу Толибни йўқладилар. Одамлар унинг кўзи оғриб ётганини айтишганда, барибир олиб келишни буюрдилар ва Али розияллоҳу анҳунинг кўзига дам уриб, туфлаб қўйдилар, беморнинг кўзи шу заҳоти дарддан фориғ бўлиб, чарақлаб очилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқдорликка энг ишончли ва шижоатли саҳобаларни қўярдилар ва улар ҳам У зотни ишончларини оқлардилар. Байроқдорлик энг шарафли вазифа...
Мукаммал ва гўзал хулқларни ўзида жамлаган мусаффо Ислом динимиз ўзгаларга озор беришдан, дилозорликдан қаттиқ қайтаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисда шундай дейдилар: “Мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир” (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон одамга қисқа ва лўнда таъриф бермоқдалар. Яъни, ким Исломни дин деб рози бўлса ва ўзини мусулмонман деб даъво қилса, мана шу даъвосининг ҳужжати ва исботи сифатида битта хунук сифатдан сақланади. Бу сифат эса – ўзгаларга озор беришликдир. Озор бериш эса икки хил кўринишда бўлади: 1) Тил орқали. Яъни, кишиларга қўпол ва дағал гапириш, уларни камситиш, мазах қилиш, хақорат қилиш, алдаш ва ғийбат қилиш, шаъни ва обрўсига нолойиқ сўзларни гапириш ёки шундай ишларга далолат қилиш сабабли озор бериш. 2) Қўл орқали. Яъни, гарчи инсонларга қўпол муомалада бўлмаса-да, лекин қилаётган қайсидир амали билан уларга машаққат туғдириш орқали озор беришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ушбу: “Эй инсонлар! Албатта, молларингиз, жонларингиз, шаънингиз ва обрўларингиз бир-бирингиз учун ҳаромдир”, деган муборак васиятлари ила юқоридаги ҳадисни тасдиғини кучайтириб, мусулмонга озор етказадиган барча моддий ва маънавий зарарларни мутлақ ҳаром қилдилар. Юқоридагилардан маълум бўладики, инсон ўзгаларга озор берадиган сўз ёки амаллардан барчасидан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки, озор сабабли банда билан банда ўртасидаги ҳақ суистеъмол бўлади. Айниқса, бу ҳолат кўпчиликнинг мулки ҳисобланган, ҳамма инсонларнинг фойдаланиши мумкин бўлган жамоат йўллари билан боғлиқ бўлган озорларда кўп учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлнинг ҳаққи тўғрисида ниҳоятда эҳтиёткор эдилар. У зот бу эҳтиёткорликни ўз саҳобалари ва келажак умматларига ҳам қаттиқ тайинлар эдилар. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўтирмасликка иложимиз йўқ, чунки у ерда гаплашиб ўтирамиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққини беринглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳаққи нима?” дейишди. У зот: “Кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш”, дедилар (Муттафақун алайҳ). Шунга кўра, киши аввало беҳуда ва бесабаб жамоат жойларида, хусусан йўл бўйларида ўтиришдан сақланмоғи керак. Агар зарурат юзасидан шундай вазиятга тушиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мувофиқ кишиларга озор берадиган барча амаллардан сақланиши шарт қилинди. Демак, инсонларга озор бериш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, энди бу озорни четлатиш эса аксинча, жуда ҳам савоби ва ажри улуғ амаллар сарасидандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда ҳузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ривоятда: “Бир киши йўлдан ўтаётиб, ўртадаги дарахт шохини (кўриб), “Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга азият бермаслиги учун четлатираман”, деганида, у жаннатга киритилди”, дейилган. Икковларининг бошқа бир ривоятларида: “Бир киши кета туриб, йўлда тиканли шохни кўриб, уни четга олиб қўйди. Аллоҳ ундан мамнун бўлиб, гуноҳини кечирди”, дейилган. Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилмаслик натижасида кўча-кўйда, хусусан, қатнов йўлларимизда бир қанча дилхираликлар содир бўляпти. Бунинг натижасида эса, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаққи поймол бўлмоқда. Яна қанча одамлар эса озор кўрмоқда. Илмсизлик ва эътиборсизлик сабабли ўз чегарасидан ташқари ҳисобланган йўл бўйларига дарахтлар экиб, панжаралар қилиб, ёки тўхташ мумкин бўлмаган жойларга транспорт қўйиш орқали кишиларнинг ҳаракатини қийинлашишига сабаб бўлаётган, қурилиш баҳонасида кўча тарафга бир неча ойлаб қурилиш материалларини тахлаб қўйганча бемалол юрган кишилар шубҳасиз кишиларга озор бермоқдалар. Бу озорлар эса албатта, кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қиладиган сабаблардандир. Аллоҳ таоло барчамизни ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан ва инсонларга озор бериб қўйишдан сақласин. Тошкент ислом институти сиртқи бўлим 1-курс талабаси, “Мевазор” масжиди имом-хатиби Раҳимжон Марҳумов 468
Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур” Мунавварқори Абдурашидхонов Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг катта мўъжиза қилиб ўз каломи Қуръони каримни берган ва унда барча илмларни жамлаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва ҳар бир сўзлари бугунги кунгача мўъжизакорлигини кўрсатиб келаётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин. Қуръони каримнинг мўъжизакорлигини биз қанча ҳаракат қилмайлик барчасини идрок қила олмаймиз. Бунга сабаб бизнинг ақл чегарамизнинг чекланганлигидир. Қуръони каримнинг ҳар бир сураси, ҳар бир ояти, лафзан, маънан, ҳукуму-хабарлари жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Бу эса, Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар буюк эканлигига далилдир. Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган эдилар. Ўша вақтда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассасалар бўлмаган, аммо, юқорида айтиб ўтилганидек, Қуръони каримда инсонлар онгни ожиз қоладиган даражадаги илмий масалалар зикр қилинганида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ дин элчиси, башарнинг сўзи эмаслигига очиқ ойдин далил бордир. Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уларнинг сирини ўша вақтда ҳам, ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат илм-фан тараққий этган бизнинг давримизга келиб, у нарсалар аён бўлмоқда. Қуръоннинг балоғат, фасоҳат ва тилдаги эъжозини айтадиган бўлсак, араб тили уламолари хоҳ наҳв илми, хоҳ сарф илми, хоҳ баён илми, хоҳ бадиъ илми бўйича мутахасис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъий назар, Қуръони каримга мурожаат қиладилар. Чунки, Қуръони карим араб тилининг улкан мўъжизаси ҳисобланади. Ислом динининг иккинчи мўътабар манбаси бўлмиш набавий ҳадислар ҳам бугунги кунда ҳар соҳада ўзининг мўъжизакорлигини кўрсатиб келмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалий суннатларини бажариш тиббий жиҳатдан инсон саломатлигига жуда кўп фойдалари борлиги тасдиқланмоқда. Мисол учун: Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим”. Мисрда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, новдаларнинг ишлатилиши нафақат тиш карашларидан тозалайди, балки мисвоқнинг қолдиқлари икки кундан сўнг ҳам бактериялардан тозалаб турар экан. Мисвоқ тортилган оғиз бир чайилса, бир турдаги бактериялар сони 75% га камаяр экан. Мусулмонлар нафақат тозаликда, кийиниш, овқатланиш маданияти соҳасида ҳам оврупаликларга ўрнак бўлишган. Биргина овқатланиш хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. Бунга бир неча мисолларни далил қилишимиз мумкин: У зоти бобарокот умматни кўп таом ейишдан қайтарганлар. Бунинг зарарлари ва оқибатларини бугунги кунда ҳозирги фани ҳам, инсонлар ҳам яхши тушуниб қолишган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни, синиқ, дарз кетган идишларни ишлатмасликни буюрганлар.Ўша жойларда турли зарарли нарсалар (микроблар) бўлишини ҳали заррабин кашф этилмасдан аввал кўра билганлар. У зот овқат олдидан ва кейин қўл ювиш, овқатга пуфламаслик, хотиржам ўтириб овқатланиш, таомни иссиғича истеъмол қилмасликка ҳам тарғиб қилганларки, буларнинг ҳаммасида ҳам ҳикмат бор. Бу нарсаларни бугунги тиббиёт тажрибаларга суяниб аста секин тасдиқламоқда. Аммо Аллоҳнинг элчиси бўлган Расули Акрам мўминларга буларнинг барчасини XIV аср аввал ўргатиб, суннат қилиб қолдириб кетганлар… Бу эса барча соҳада мўмин мусулмонлар илғор бўлганликлари ва Аллоҳнинг Расули ҳақ дин элчиси эканлиги ва Қуръони карим ожиз қолдирувчи, башардан бўлмаган улуғ Робнинг мўъжизакор каломи эканлигига далолат қилади. Албатта бугунги кунда инсонлар аста секинлик билан хоҳ у тиббиёт соҳасида бўлсин, хоҳ астрономия ва бошқа соҳаларда бўлсин илмларни кашф қилиб келмоқдалар, ваҳоланки ислом замона илмида вужудга келган ва келмаган илмларни ўша даврда...