Қалблар қўлида бўлиб бизларга Исломдек улуғ неъмат берган ва қалбларимизни Ўзининг динида собит қилган Аллоҳга ҳамд-у сано. Қалб ниятларнинг маскани эканлигида ва уни доимо пок сақлаш лозимлигини айтиб, суннати санияларида қалбга доимо озуқа беришлик ила, поклаш лозимлигини намуна қилиб ҳидоятга чорлаб ўтган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар. Инсоннинг илми, маънавияти, маданияти-ю дунё қараши қалбга бориб тақалади. Чунки қалб жасаднинг бошқарувчисидир. Қалбнинг буйруғисиз, розилигисиз, истак-хоҳишисиз бошқа аъзоларимиз ҳаракатга келмайди. Қалбда инсоннинг хулқи ҳам – у хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, дунёқараши ҳам, умуман, инсоннинг борлиғи аслида қалбда жойлашган. Қалб бу – Аллоҳнинг инсонга берган энг катта неъмати, мўъжизасидир. Қалб инсон танасининг энг муҳим бўлаги, ҳамда подшоҳидир. Шу сабабдан тана аъзолари унинг буйруғига мувофиқ иш юритади. Буни ҳам жисмонан, ҳам маънан тушуниш мумкин. Жисмоний жиҳатдан биламизки, юрак тананинг маркази бўлиб, усиз инсон ҳаётини тасаввур этиб бўлмайди. Юрак барча аъзоларимиз учун энг муҳим бўлган қонни етказиб бериб туради. Маънавий жиҳатдан, қалб инсон руҳиятини бошқаради, маънавиятининг ўрнидир. Агар қалб тоза, яхши бўлса, тана шунга мувофиқ иш қилади. Бу ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деб марҳамат қиладилар: “Жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхшидур, агар у ёмон бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузилур”. Қалб гўзаллиги, поклиги инсон учун қанчалар муҳим? Қалбнинг маънавиятли эканлиги нимада акс этади? Биз баъзи инсонларни қаттиқ яхши кўрамиз, баъзиларни ёмон кўрамиз, баъзида эса бирор киши ҳақида минг ҳаёлларга бориб юрамиз. Хуллас ичимиздан нималар ўтаётгани ёлғиз Роббимизга аён. Келинг, бироз тафаккур қиламиз. Биз нега қалб ҳақида тўхталиб, шунча гапни гапирдик. Ахир қалбимиз ҳақида бошқалар билан баҳслашишга, у ҳақида бошқаларга ҳисобот беришга мажбур эмасмиз-ку. Аммо! Қанча яширмайлик, қалбимиздаги барча сир-асрорларимиздан хабардор зот Роббимиз Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб туради. Роббимиздан ҳеч нимани яшира олмаймиз!? Ҳа, азизлар! Бизни шундай фитрат узра яратган, фақат ўзигагина муҳтож қилиб қўйган Зотга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида шундай марҳамат қилади: “(Эй, инсонлар) сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар, (барибир) У қалблардаги сирларни ҳам билувчидир”. Мулк сураси, 13. Биз киммиз ўзи? Нима қиляпмиз? Кейин нима қилмоқчимиз? Қаерга қараб кетяпмиз? Нима учун яратилдик? Бу дунёда бирор камчилик бормидики, биз уни тўлдирган бўлсак? Ушбу саволларни ўзимизга берайлик. Ва жавобимизга қараб ҳаракат қилайлик! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ суратларингизга ва мол-у дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”. Қалб ҳис-туйғулар макони, инсон ҳис-туйғулари ўта нозик бўлгани учун қалб тез ўзгариб туради. Уни ўзгаришлардан сақлаш учун эса кучли маънавият, эътиқод керак бўлади. Маънавиятнинг макони ҳам қалбдир. Шундай экан, биз қалбга энг яхши, энг соф, эзгуликка олиб борадиган маънавиятни, хулқни, маърифатни солиб, уни тўлдиришимиз зарур, шундагина у қалб эгаси иродали, кучли ва мустақил фикрга эга бўлади. Шуни бошқачароқ қилиб айтсак, қалбга маънавиятни солиш керак. Маънавият инсоннинг бутун умри давомида унинг кучига куч қўшишга, ақл, идрок ва заковатини кенгайтириб, мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маънавият ва маънавий бойликлар, қадриятлар, давлат, миллат, шахснинг бебаҳо хазинаси ва тараққиёт манбаидир. Маънавиятни маъносига қарайлик, маъно-мазмундир, унинг аҳамияти нима? Демак, маънавиятли инсоннинг ҳаёти маъно-мазмунли бўлади, у ўзининг ҳаёти фақат ейиш-ичиш, фаровон яшаш эмас, балки ҳаётнинг асл мазмун-моҳияти имтиҳон дунё эканлигини билади. Қалбаки, кўзбўямачи, сохта эмас, аксинча, ҳақиқий бир мазмунга, моҳиятга эга бўлган ишларни амалга оширишга ундаб, Ватанга, келажак авлодга фойдали ишлар қилиб, ўзидан яхши ном, из қолдиришга ва шу йўл билан керак бўлса, кейинги дунёсини ҳам обод қилишга чорловчи ғоя...
Ўзининг Каломи шарифида ҳалолликни амр қилиб берган, инсонни бекорчиликдан кўра ер юзи бўйлаб ҳалол касб қилишни амр этган, мўмин киши шу ҳалол касби билан ҳам жаннатга кириши мумкинлигини айтган, чунки ўз аҳлини ҳаромдан асраб ҳалол едириб-ичирса, ҳалолдан улғайтириб илм олдирган ота-онага Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб отасига садақаи-жория ўлароқ қолишини мадҳ этган Аллоҳга ҳамд-у-санолар бўлсин. Ўз суннати санияларида касб-ҳунар қилиб биз умматларига энг олий ўрнак бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва касб қилишни мерос қолдирган барча пайғамбарларга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Барча ёмон ва бемаъни ишлар ҳам аслида бекорчилик ва ишсизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир киши мустақил касб-ҳунар соҳиби бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Касб-ҳунари қайси соҳага оид бўлишидан қатъий назар. Муқаддас динимиз ислом дини ҳам бу муҳим жиҳатни эътиборсиз қолдирмаган. Ўтган барча пайғамбарлар ҳам ўзлари мустақил касб-ҳунар билан шуғулланиб, ўз умматларига ҳалол касб қилиш борасида чиройли намуна бўлишган. Хусусан, Одам алайҳиссалом деҳқон бўлганлар ва шу билан бирга биринчи мураббий хамдирлар. Нуҳ алайҳиссалом кема ясашни ўрганганлар, Довуд алайҳиссалом моҳир темирчи бўлиб, мустаҳкам совутлар ясаганлар, Мусо алайҳиссалом саксон йил қўй боққанлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар бўлмасликларидан аввал қўй боққан ва тижорат билан шуғулланганлар. Қуръони Каримда ҳалол касб қилиш ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У (Аллоҳ) сизларга ерни хокисор (бўйсунувчи ) қилиб қўйган зотдир. Бас у Ернинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳ) берган ризқлардан тановул қилингиз, (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”. Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳалол касб ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Мен Маккаликларнинг қўйларини боқар эдим” Имом Бухорий ривояти. “Дарҳақиқат, Аллоҳ касб билан шуғулланувчи кишини яхши кўради”. Имом Термизий ривояти. “Шубҳасиз сизларнинг бирингиз арқон олиб, елкасида ўтин кесиб келиши одамлардан сўрашидан – сўраган нарсасини берсалар ҳам, бермасалар ҳам – яхшироқдир”. Имом Бухорий ривояти. “Ҳеч ким ўз қўли билан ишлаб топган таомдан ҳам яхшироқ таом емаган”. Ибн Можжа, Аҳмад ва Бухорий ривояти. “Ҳалол касб фарздан кейинги фарздир”. Табароний ва Байҳақий ривояти. Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам Шомга икки бор тижорат учун сафар қилганлар. Динимиз касб-ҳунарни қадрлайди ва кишининг ўз қўли билан қилган касбини Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал ва шарафли амал деб ҳисоблайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ишламайдиган одамларни учратиб, улардан нега ишламайсизлар деб сўрабдилар. Шунда улар: “Биз Аллоҳга таваккул қиламиз”, – деб жавоб берибдилар. Умар ибн Хаттоб уларга: “Йўқ, ёлғон, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи киши аввал ерга дон экиб қўйиб, сўнг Аллоҳга таваккул қилади. Ҳеч бирингиз эй Аллоҳ менга ризқ бер дея, ризқ изламай ўтириб олмасин. Ҳолбуки осмондан на олтин ва на кумуш ёғилур” – деб айтган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу камбағалларни садақаларга суяниб ишламай қўйишликларидан қайтариб шундай деганлар: “Эй камбағаллар, яхшиликларда мусобақалашинг, мусулмонларга боқиманда бўлиб қолманг”. Саид ибн Мансур Ибн Масъуддан ривоят қилади, у киши деди: “Мен на дунё ва на охират иши билан машғул бўлмаган бекорчи кишини кўришни ёмон кўраман”. Яна халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Мен бир кишини кўраман, у менга ёқади, сўнг ундан ҳунаринг борми деб сўрайман. Агар у йўқ деса ўша киши назаримдан қолади” – деган. Демак, динимиз касб-ҳунар эгаллашга, жамиятга фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишга катта эътибор берган, бекорчиликни эса қаттиқ танқид қилган ва касб-ҳунар ўрганиш, илм олишга нафақат ундаган, балки буюрган. Бу мақсадга эришиш йўлида ота-она фарзандига боланинг салоҳияти ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда ёшлигиданоқ керакли кўрсатмаларни бериб, илм олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериши лозим. Ёшларни бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, ўз касбининг...
Қаноат истеълоҳда ўзига тақдир қилинган нарсага рози бўлишдир. Қаноат иймоннинг мукаммаллигидан ҳамда исломнинг гўзаллигидан далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, мени ризқлантирган нарсаларингда қаноатли қилгин ва барака ато қилгин”, дер эдилар. Бундан ташқари Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон келтирган бўлса, етарли ризқи бўлса ва Аллоҳ унга берган нарсага қаноат қилса, батаҳқиқ, нажот топибди”, дедилар. Қаноат саодатни асосидир. Мусулмон агар қаноат ва ризони ҳис қилсагина иймон ҳаловатини топа олади. Қаноатнинг фойдалари жуда кўп. Қаноат билан мусулмон ризо ва саодатга ва яхши ҳаётга етади. Инсон дунё ва уни ичидаги нарсаларни яхши кўришга мойил бўлади. Саодат инсоннинг барча хоҳлаган нарсаларга эришиши эмас, ўзини ҳузуридаги нарсага қаноат қилган инсон ундан бахтлироқ ҳисобланади. Саид ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўғлига: “Эй ўғлим, агар бойликни талаб қиладиган бўлсанг, уни қаноат билан талаб қил. Агар қаноат бўлмаса, мол-дунё сени тўйдирмайди”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким сизлардан қалби хотиржам, танаси соғ-саломат, ҳузурида бир кунлик таоми бўлса, дунё уники бўлибди” маъносидаги ҳадислари бор. Албатта, бу мақомга қаноат қилиш билан эришилади. Яна бир ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло тақводор, бой, холис бандасини яхши кўради”- дедилар. Бу ҳадисда келган “бой” сўзидан мурод – нафснинг тўқлигидир. Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “бойлик- нафснинг тўқлигидадир”, деганлар. Ибн Баттол бу ҳадис борасида шундай деганлар: “Бу сўзнинг маъноси: бойлик аслида молнинг кўплигида эмас. Чунки, Аллоҳ таоло мол-дунё берганларнинг кўпчилиги ўзига берилган нарсага қаноат қилмайди. У янада мол-дунёси кўп бўлиши учун ҳаракат қилади. Унга мол-дунё қаердан келаётганини фарқи йўқ. У инсон ҳирси кучлилиги сабабли, худди, камбағал инсон каби бўлади. Албатта, бойликни асл моҳияти нафснинг тўқлигидадир. Инсон ўзига берилган нарсага рози бўлиб, қаноат қилиши ҳамда мол-дунёга ҳирс қўймагани сабабли, у худди бой инсон кабидир. Ҳадисда “нафснинг тўқлиги” деб сифатланиши Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага қаноат қилиши, бирор ҳожатсиз мол-дунёга хирс қўймаслиги ва Аллоҳ таоло унга тақсим қилган нарсага рози бўлишлигидир. Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй бани Одам, Аллоҳ сизга тақсим қилган нарсага рози бўлинг, одамларнинг энг бойи бўласиз” деганлар. Аллоҳ таоло барчамизни қаноатли бандалардан бўлишимизни насиб қилсин! 1-курс талабаси Муниса Маҳмудова 425