حدثنا عبد الله بن مسلمة عن مالك عن بن شهاب سالم بن عبد الله عن أبيه أنَ رسول الله كان يرفع يديه حذو منكبيه إذا افتتح الصلاة Абдуллоҳ ибни Маслама Моликдан у ибн Шиҳобдан у Солим ибн Абдуллоҳдан у эса отасидан ривоят қилади: “Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар намозга киришсалар икки қўлларини елкалари баробарида кўтарардилар”. Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган фойдаларининг биринчиси намозга киришаётганда қўлни елкалар баробарида кўтариш. Ибни Мунзир айтадилар: “Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришаётган пайтларида қўлларини кўтарганликлари борасида ҳеч қандай ихтилоф қилмаганлар”. Шарҳул Муҳаззаб асарида: “Мусулмон уммати биринчи такбир айтилаётганда қўлларни кўтаришликка ижмо қилишган”– дейилган. “Фатавои Қаффол” китобида: “Абул Ҳасан Аҳмад ибни Сайёр Марвазий шундай деган: Агар намозхон намозга киришаётган пайтда қўлларни кўтармаса намози дуруст бўлмайди. Чунки бу такбир вожибдир. Шунга мувофиқ қўлларни кўтариш ҳам вожиб бўлади. Қолган такбирлар эса бундай эмас (яъни вожиб эмас). Шунинг учун уларда қўллар кўтарилмайди.” Ибни ҳазм айтадилар: “Намозни аввалида қўлларни кўтаришлик фарздир. У амалсиз намоз дуруст бўлмайди”. Бу гап имом Авзаъийдан ҳам ривоят қилинган. Уламолар қўлларни қўтаришни кайфияти борасида турлича йўналишга юрганлар. Имом Таҳовий бу борада: “Қўлларни бармоқларини ёзиб кафтининг ички тарафини қиблага юзлантирган ҳолатда кўтаради”– деганлар. “Муҳит” китобида: “Бармоқларнинг орасини очиб юбормайди”– дейилади. Имом Мовардий: “Ҳар иккала кафтнинг ички тарафларини бир–бирига қаратади”–деган. Саҳнун раҳимаҳуллоҳдан кафтларнинг ташқи тарафини юқорига, ички тарафини эса пастга қаратишлиги ривоят қилинган. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бармоқларнинг орасини бир–бирига ўта ёпиштириб, ёки уларни бир–биридан ўта узоқлаштирмайди. Балки уларни ўз ҳолича қўяди”. Шунингдек, қўлларни кўтариш вақти борасида ҳам турлича фикрлар мавжуд. Уларнинг энг машҳури имом Бухорийнинг ривоятлари бўлиб, у қўлларни такбир билан бир вақтда кўтаришдир. Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳ: “Аввал қўлларни кўтариб, сўнг такбир айтади” – деганлар. У кишидан келган бошқа бир ривоятда эса: “Аввал такбир айтиб, сўнг қўлларни кўтаради” – дейилган. Тавзиҳ асарининг соҳиби айтади: “Асҳобларимиздан ривоят қилинган бу кўринишларнинг барчаси жоиз. Бироқ уларнинг энг тўғриси қўлни такбир билан бир вақтда кўтаришдир”. Имом Аҳмад ва Имом Моликлар ҳам шу фикрни тасдиқлаганлар. Қўлларни такбир вақтида қайси миқдорда кўтарилиши борасида ҳам уламоларнинг қарашлари турличадир. Юқоридаги ҳадиснинг зоҳиридан келиб чиқиб, имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳумуллоҳлар қўлларни елка баробарида кўтаради деганлар. Имом Моликдан келган бошқа бир ривоятда эса қўллар кўкрак баробарида кўтарилиши айтилган. Имом Таҳовий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини бармоқлари қулоқларининг юмшоқ жойига яқинлашгунига қадар кўтарганликларини ривоят қилган. Бу ривоятларнинг барчаси қўлни кўтаришликда кенгчилик берилганлигига далолат қилади. Ҳанафий мазҳабидаги машҳур ривоят Имом Таҳовийдан келтирилган ривоятдир. Бадруддин Айнийнинг. “Умдат ал–қорий шарҳ Саҳиҳ ал–Бухорий”. (Cаҳиҳ ал–Бухорийни шарҳлашда ўқувчини таянчи) асари асосида тайёрланди. Тошкент ислом инстиути ҳодими Асроров Козимхон 731
Жорий йилнинг 28 октябрь – 1 ноябрь кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ананавий «INFOLIB UZBEKISTAN-2019» VIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бўлиб ўтади. Ҳафталик олдидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигини ўтказишдан кўзланган мақсад – республикамизда ахборот-кутубхона соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига ахборотлар олиш манбаи, шакл ва методларини етказиш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш, соҳага жорий қилинган замонавий, илмий-методик ишланмалар билан таништириш, китобхонлик ва китоб мутоаласини тарғиб қилиш, ёшларни интеллектул билими ва савиясини оширишга қаратилган тадбирлар орқали уларнинг кутубхоналарга қизиқишини янада кучайтиришдан иборат. Ҳафталик доирасида «Бетгерхонлик-2019», «Кутубхоначилик соҳасидаги ислоҳотлар – янги давр кутубхоналари», «Ахборот-кутубхона муассасининг энг яхши мутахассиси-2019», «Болалар ва ёшларни мутолаага жалб қилиш бўйича энг яхши услубий ишланма/лойиҳа», «Ахборот-кутубхона таҳлили танлови» танловларининг республика босқичи бўлиб ўтади. Шунингдек, ахборот-кутубхона муассалари мутахассислари учун UzNEL дастуридаги модулларида ишлаш тартиби бўйича назарий ва амалий машғулотлар, «Илмий маълумотлардан фойдаланиш ва нашр эттириш фаоллиги» IV Миллий илмий-таълимий форуми, Россия Федерациясидан Халқаро эксперт, профессор Н.И.Гендина иштирокида «Мактаб ўқувчиларининг ахборот маданияти» медиасаводхонлик семинар-тренинг, «Ахборот-кутубхона марказлари нодир фондларини сақлаш ва реставрация қилиш: муаммо ва ечимлар» мавзусида семинар, «Китобхон она – китобхон бола» рукни остида туркум тадбирлар, «Китоб сеҳри» мавзусида китобхонлик байрами, «Китоб қалб гавҳари» мавзусида шеърхонлик каби тадбирлар ўтказилиши режалтирилган. Манба: Xabar.uz 745
عن أبي هريرة رضي الله تعالى عنه قال قال رسول الله إذا أدرك أحدكم سجدة من صلاة العصر قبل أن تغرب الشمس فليتم صلاته وإذا أدرك سجدة من صلاة الصبح قبل أن تطلع الشمس فليتم صلاته Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аср намозининг саждасини қуёш ботишидан олдин топса намозининг қолганини ўқиб тугатсин ва кимки бомдод намозидан бир саждани қуёш чиқишидан олдин топса у намозни ҳам ўқиб тугатсин”. Шарҳ: Демак намозхон аср намозининг бир ракатини топса, намозини ўқиб тугатсин дейилишидан мақсад намози намоз бўлиши ва вақтини топганлигидан дарак. Бомдод намозининг бир ракатини ўқишга улгурса, уни ҳам ўқиб тугатсин. У намоз вақтини топган саналади. Зикри келган ҳадиси шарифдан олинган аниқ ва равшан далил шу. Аср намозини масаласи тўрт мазҳаб олимлари томонидан иттифоқ қилинган. Аммо Бомдод намозида Имом Шофеъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар наздида шундай, яъни матнда келган фиқҳий ҳукм сингари. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида “Субҳи намози” қуёш чиқиши билан ботил бўлади, чунки бу ўринда бу намознинг масаласи аср намозининг хилофида намоз ўқишдан қайтарилган вақт эканлигидир. Мусанниф айтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш чиқаётганида намоз ўқишдан қайтарганлари ҳақида мутовотир ҳадислар бисёр, лекин ана шу вақтда намоз ўқиш мубоҳлиги тўғрисида ҳадислар саҳиҳ бўлсада мутовотир эмас. Шундан келиб чиқадики, агар бир ўринда қайтарилган (ҳаром қилинган) ва мубоҳ (рухсат этилган) ҳукмлар рўбарў келса, қайтарилган ҳукм кўпдан–кўп хабарлар мутовотир ҳадислар билан келса, мубоҳлиги мутавотир бўлмаган ҳукм мансухга (ҳукми тўхтаган) айланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳужжат қилиб келтирган ҳадислардан бири, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Субҳи намозини” то улардан фавт (бутунлай вақти ўтган) бўлиб, қуёш кўтарилгунча кечиктирдилар ва қуёш кўтарилишидан олдин у намозни ўқимадилар”. Шундай қилиб ушбу ҳадиси муборак умумий ҳолда фарзларни, нафл ва хос нафл намозларини ўқишдан қайтарилганлигига далилдир. Матндаги ҳадис “Сизлардан бирингиз” дея якка шахсга қарата айтилган ва ҳанафийлар учун далил бўлган ҳадиси шарифда эса оммага (бир қанча, балки эллик кишидан ортиқ) саҳобаларга қарата айтилгани бу ривоятни аввалгисидан ҳукм жиҳатидан кучлироқ эканлигини англаймиз. Бадруддин Айнийнинг. “Умдат ал–қорий шарҳ Саҳиҳ ал–Бухорий”. (Cаҳиҳ ал–Бухорийни шарҳлашда ўқувчини таянчи) асари асосида тайёрланди. Тошкент ислом институти ҳодими Асроров Козимхон 770
Қозоғистонда қозоқ тилида фаолият кўрсатувчи «IOA» ислом онлайн-академияси иш бошлади. Академияда «Нур Муборак» ислом университети устозлари дарс ўтади. 120 видеодарсдан кейин курсни тугатганлик ҳақида сертификат берилади. Энг яхши талабага эса умра сафарига бориш имконияти тақдим этилади. Онлайн-академияда ўқиш бир йил давом этиб, олти ойлик икки модулдан иборат бўлади. Биринчи модуль тугагач, талаба имтиҳон топширади ва истагига кўра иккинчи модулни давом эттиради. Биринчи модулда ҳадис, ақида, фиқҳ, усул фиқҳ, ислом психологияси дарслари, иккинчи модулда имом Мотуридий ақидаси, террология ва конфликтология, ҳадис, ислом иқтисодиёти дарслари ўтилади. Ўқиш – пуллик. Манба: Muslim.uz 553