Маълумки, айни пайтда Ислом диёрларида, хусусан юртимизда Роби ул-аввал – Мавлид ойи кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўрганиш, Ислом тарихига оид билимларни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий илмларни кенгроқ тарғиб этиш мақсадида жорий йилнинг 19 ноябрдан 29 ноябргача Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг @islaminstitutuz номли телеграм каналида “Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танийсизми” номли тезкор савол-жавоб мусобақаси танлови эълон қилинган эди. Ушбу 10 кунлик савол-жавоб танлови 28 ноябрь куни ўз ниҳоясига етди ва ҳакамлар ҳайъати энг юқори балл тўплаган қуйидаги иштирокчиларни ғолиб деб топдилар: Тошкент ислом институти талабаларидан: 1. Рўзматов Муҳаммад Мустафо (Mustafo Hofiz)-91 балл; 2. Исҳоқжонова Муҳсина (IMI)-90 балл; 3. Аҳмедова Муаттар (Ummu Maryam)-89 балл. Телеграм каналининг ташқи фойдаланувчиларидан: 1. Достон Мустафоев (Doston Mustafoyev)-88 балл; 2. Абдулмўмин Абдулаҳадов (Abdulmo’min)-86 балл, Дийдор Аскаров (Diydor)-86 балл; 3. Хонзода Мадалиева (Bintu Abdulvohid)-85 балл. Ғолибларни тақдирлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бўлиб ўтадиган “Сийрат мусобақаси”га таклиф этамиз. Тадбир бугун 29 ноябрь куни соат 13:30 да бошланади. Эслатиб ўтамиз, мусобақа шартига кўра, 10 кун мобайнида ҳар куни соат 19:30 да 10 та савол каналда эълон қилиниб, жавоблар 20:30 га қадар @islaminstitutbot телеграм боти орқали қабул қилинган. Саволларни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Сийрат фани ўқитувчилари Абдул Азим Зиёуддин ва Шавкат Алибоев тузган эдилар. 273
28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар, деб хабар бермоқда ЎМИ Матбуот хизмати. Муфтий ҳазратлари талабаларнинг мутахассислик фанлари ҳисобланган “Ақида”, “Фиқҳ”, “Қуръони карим”, “Ҳадис” бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. Айниқса, талабаларнинг Қуръони карим, ҳадиси шарифларни ҳифз қилиш қобилиятлари ва арабча матнларни мутолаа қилиш салоҳиятларига алоҳида аҳамият қаратдилар. Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари суҳбат ўтказиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, диний ва дунёвий илмларни мустаҳкам эгаллаш, келгусида халқимиз ва динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидладилар. Айниқса бугунги кунда дин номидан жиноят қилаётган тоифаларга қарши курашиш учун ақида илмини пухта ўрганиш ва уларнинг нотўғри даъволарида раддия бериш қобилиятига эга бўлиш энг долзарб вазифалардан эканини алоҳида қайд этдилар. Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, ушбу билим даргоҳидаги меҳнат қилаётган мударрислардан ва таълим олаётган талабалардан хурсанд эканларини билдириб, уларнинг келажакда забардаст олиму уламолар бўлиб етишишларини Яратган Парвардигордан сўраб, дуою ҳайрлар қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳомийлигида 2018 йил апрель ойида туғма юрак хасталиги билан Тошкент кардиология марказида амалиёт қилиниб, ҳозирда билим юртининг 4-курсида таълим олаётган талаба Пармонов Бобошер билан учрашиб, унинг соғлиги ва ўқишлари бўйича суҳбатлашиб, келгусидаги ўқиш ва ишларида муваффақиятлар тиладилар. Муфтий ҳазрат билим юртидаги талабалар ва устозлар учун яратилган шароитлар, ўқув хоналари, кутубхона ва ётоқхонадаги шароитлар билан танишиб чиқдилар. 274
Тошкент ислом институти талабалари 2018 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Илмга эътибор келажакка эътибор” номли олий таълим муассасаларининг 145 нафар талабаларига жами 1 244 000 000 сўм тўлов-шартнома пулларини тўлаб бериш бўйича ўтказилган хайрия акциясининг тақдимот тадбирида иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиснинг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулализ Мансур, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Одил Абдурахмонов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, талаба-ёшлар қатнашди. Тақдимот тадбирида “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов сўзга чиқиб, “Илмга эътибор – келажакка эътибор” номли хайрия акцияси ва унинг амалий аҳамияти борасида йиғилганларга батафсил маълумот бериб ўтди. Фонд томонидан ўтган давр мобайнида диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун 298.631.000 сўм, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабаларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 165.650.000 сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар талаба фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун 1.243.200.782 сўм, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун 1.170.867.159 сўм, “Мурувват карвони” хайрия тадбири доирасида 388.903.100 сўм, жами бўлиб 3.343.956.041 сўмдан зиёд маблағлар хайрия қилингани ҳақида маълумотлар бериб ўтилди. Эслатиб ўтамиз, “Вақф” хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида ташкил этилган. Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилат ва қадриятларни давом эттиришга кўмаклашиш, фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларни қўлаб-қувватлаш, профессор ўқитувчилар, тадқиқотчилар, мутахассислар ва ўқувчи-талабаларни моддий ва ижтимоий қўллаб қувватлаш ишларини амалга ошириш Фонднинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. “Вақф” фонди томонидан амалга оширилаётган муҳим тадбирлардан бири республикадаги олий таълим ва диний таълим муассасаларида таълим олаётган боқувчиси йўқ, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба ёшларнинг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тадбирларини алоҳида қайд этиш зарур. Ўтган давр мобайнида ушбу Фонд томонидан диний таълим муассасалари, хусусан Тошкент ислом институтининг бир гуруҳ талабаларига моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойиларида Фонд томонидан “Илм йўлида кўмак берамиз” номли акцияси эълон қилинган эди. Акциянинг биринчи босқичи якунлари кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар ҳам рағбатлантирилади. Шунга асосан, диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Тошкент ислом институтининг 9 нафар талабаси ҳамда Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ва пул мукофотлари билан тақдирлан иқтидори талабалари ҳам жой олган. Вақф фондининг кенг кўламда олиб бораётган бу каби кўмаги ва қўллови учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров 323
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 27 ноябрь куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Жўрабоев Ҳабибуллоҳ домланинг 201-гуруҳга фиқҳ фанидан “Саҳв саждаси” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди. Мазкур очиқ дарсга “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедранинг катта ўқитувчиси, Я.Раззақов, С. Жўраев, Ҳ. Низомиддинов, Сифат комиссияси раиси С. Арипов, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири М. Насриев, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси А.Тошпўлатов, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи ҳамда сифат комиссияси раиси ўринбосари Ё Бухорбоев қатнашиб, таҳлил қилишди ва уни юқори баҳолашди. Жўрабоев Ҳабибуллоҳ домла очиқ дарсда янги мавзуни Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир фиқҳий масалани ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтириб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди. Маълумки ибодатлар, хусусан мусулмон киши зиммасидаги энг буюк ибодат намознинг ҳам ўз фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаблари бор. Уларнинг барчасига амал қилган ҳолда намозни адо этиш намозхонга улкан ажрларни тақдим этади. Бироқ ушбу амаллардан биронтасини тарк қилиш ўз даражасига қараб турли ҳукмларни келтириб чиқаради. Масалан намознинг фарзларидан бири қасддан ёки унутиб тарк этилса, ушбу намозни қайта ўқиш фарз, суннат тарк этилганда намозни қайта ўқиш суннат ҳисобланади. Вожибни тарк қилиш эса бу иккисидан бироз фарқ қилади. Чунки вожиб қасддан тарк этилса, намозни қайта ўқиш вожибдир. Лекин намоздаги вожиб амаллардан бири унутиб қолдирилса ёки тарк этилса, намознинг охирида саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Қуйида ушбу сажда ҳақидаги баъзи маълумотларни келтириб ўтилади. “Саҳв” сўзи луғатда “унутиш” маъносини англатади. Намозда маълум бир амаллар унутилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш билан тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам ислом енгиллик дини экани ҳамда Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибонлигининг ёрқин далили ҳисобланади. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқиб ўтирмай икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан уни тўғрилаш ва тузатиш имкони бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингизда қачон шундай ҳолат рўй берса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин” дедилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари мана шу ривоятдаги “сажда қилиш”, деган амр эътиборидан саҳв саждасини қилиш вожиб деганлар. Уламоларимиз яна қўйидагиларни айтадилар: Саждаи саҳв лозим бўлганда уни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди. Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намоз ўқиётган инсонга ҳам вожиб бўлади. Лекин имомга иқтидо қилиб намоз ўқиётган инсон хатога йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса, имом қилмаган ишни қилган ҳисобланади. Бу эса ўз имомига хилоф қилишдир. Агар имом саҳвга йўл қўйса, унга иқтидо қилган шахс ҳам ҳам, иқтидони қачон бошлаганидан қатъий назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар ушбу ўринда имом саждаи саҳв қилмаса, муқтадий ҳам қилмайди. Мавзуга доир баъзи фиқҳий масалалар: 1. Хато билан саждаи саҳв вожиб бўлиши борасида фарз ва нафл, жума ва ҳайит намозлари баробардир. Бироқ катта жамоат йиғилган жамоатларда фитнани олдини олиш учун саждаи саҳв тарк қилинади. (“Дуррул Мухтор” ва “Раддул Муҳтор”). 2. Имом шакка тушган ўринларда қавмнинг ҳаракатларини кузатиб ҳолатни тўғрилаб олишда ҳеч шак йўқдир (“Раддул Муҳтор”). 3. Зам сура ўқимай рукуга кетса, рукудан қайтиб зам сура қилади ва рукуни қайтадан бажаради ҳамда охирида саждаи саҳв қилади. 4. Аввалги қаъдада ташаҳҳудга “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад” сўзини зиёда қилиш билан саждаи саҳв вожиб бўлади (“Фатавои ҳиндийя”). 5. Биринчи қаъдада ташаҳҳудни такрор ўқиш билан саждаи саҳв вожиб бўлади, иккинчи қаъдада эса йўқ (“Фатавои ҳиндия”). 6. Намоздаги турли тасбеҳ ва зикрларни, ҳатто ташаҳҳудни жаҳрий ўқиб қўйиш билан саждаи саҳв вожиб бўлмайди (“Раддул Муҳтор” ва “Фатавои ҳиндийя”). Саҳв...
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибнинг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси, элчи Абдураҳмон Муса Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи тарихий муҳим воқеа бўлганини таъқидлади, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. – Миср бош имоми анчадан бери ислом илмий ва маданий меросининг рамзи бўлмиш Ўзбекистонга ташриф буюриш, бу ердаги кенг миқёсдаги ислоҳотларга шахсан гувоҳ бўлишни мақсад қилиб юрган эдилар. Бош имомнинг Ўзбекистонга ташриф дастури расмий учрашувлар ва воқеаларга жуда бой бўлди. Ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Бош вазир Абдулла Арипов, Диний ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди. Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райхон ал-Беруний номидаги шарқшунослик институти фаолияти билан яқиндан танишди, бу ерда ушбу таълим ва илмий муассасалар билан келгуси ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди. 295