Жорий йилнинг 18 апрель куни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган “Имом Термизий илмий меросининг Ислом тамаддуни ривожидаги аҳамияти” номли илмий семинарда иштирок этган Риёздаги Имом Муҳаммад ибн Саъуд номидаги Ислом университети Ҳадис фани устози Шайх Доктор Фолиҳ ибн Муҳаммад ас-Суғаййир, “Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази” ходими Муҳаммад Холид ва бўлим мудири Муртазо Сайдумаров Тошкент ислом институтига ташриф буюрдилар. Тадбирда маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедра ўқитувчилари С.Масайитов, М.Сайдалиев, М.Джангиров, У.Мустанов, Ф.Хомидов, Б.Азамов, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухарбаев, Мониторинг бўлими бошлиғи М.Насриев, Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров, Ахборот-ресурс маркази мудири К.Маҳкамов ҳамда 1-3 курс талабалари иштирок этдилар. Суҳбатни маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев очиб бериб, ташриф буюрган меҳмонларга институт раҳбарияти номидан самимий миннатдорчилик билдирди. Сўнгра, институт фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида сўзни “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси С.Масайитовга берди. С.Масайитов Тошкент ислом институтининг ўқув фаолияти, диний фанларнинг ўқитилиш тартиби ва талабаларнинг дарсларга бўлган муносабати ҳақида меҳмонларга батафсил сўзлаб берди. Шунингдек, ҳадис илми бўйича дарсликлар “Сунан Термизий”, “Маониул-осор” каби асарлар ўқитилётганини таъкидлаб ўтди. Суҳбат жараёнида 3-Д гуруҳ талабаси Ҳ.Нурбоев Араб тилида меҳмонларни мазкур зиёратлари билан табриклаб, ташаккур изҳор этди. У “Мажлис аш-Шуро” собиқ аъзоси, ҳадисшунос олим Шайх доктор Фолиҳ ибн Муҳаммад ас-Суғаййирдан ҳадис китобларни ўқишдаги тартиб ҳақида сўради. У аввало, бу талабанинг Араб тилида равон гапирганидан ҳурсандлигини таъкидлаб, саволига: “Кўп олимлар биринчи бўлиб “Сунани Термизий” китобини ўқитишдан бошлашади, бу ерда ҳам ўтилаётган дарсликлар орасида бу китобнинг борлиги ҳам талабаларнинг аждодларга муносиб авлод бўлаётгаликларидан далолат беради” – дейди Фолиҳ ибн Муҳаммад ас-Суғаййир. Илмий савол-жавоб шаклида ўтган давра суҳбати барчада илиқ таасурот қолдирди. Эслатиб ўтамиз, 16 апрель куни “Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази” ва “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази” ҳамкорлигида илмий семенар бўлиб ўтган эди. 291
Мусулмон инсоннинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, адабий ва бошқа амаллари барчаси, агар қалбидаги ниятини тўғри қила олса, ибодат бўлиши мумкин. Ният амалнинг руҳи ҳисобланади. Машҳур уламолар шогирдларига энг аввало ниятингни тўғрила, уни холис Аллоҳ учун қил, деб эслатишлари ҳам бежиз эмас. Чунки ботин тўғри бўлса, зоҳир ҳам тўғри бўлади. Ботини ҳам, зоҳири ҳам тўғри бўлган амал эса, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Аллоҳнинг розилиги сабабли икки дунё саодатига эришилади. Жорий йилнинг 16 апрел куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Илмнинг аввали ниятдир” мавзусида суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбатга “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Абдулҳамидов Файзуллоҳ домла ташриф буюрди. Домла талаба қизларга амаллар ниятга боғлиқлиги ҳақида маъруза қилди. Ҳар бир ишнинг оқибати ниятга боғлиқ бўлади. Қайси бир амални бошламоқчи бўлган банда аввало бевосита ниятни қалбдан, гўзал тарзда қилса тўғри бўлади. Банда ниятини холис қилиш билан мубоҳ ишлари учун ҳам савобга ноил бўладилар. Нияти гўзал инсон ҳар бир ибодатини чин ихлос билан қилади. Чунки ихлоссиз қилинган ибодатнинг оддий ишдан фарқи қолмаслигини устоз суҳбат давомида таъкидлади. Бу борада ворид бўлган бир неча оят ва ҳадислардан мисоллар келтирди. Суҳбат қизиқарли, долзарб ва манфаатга бой бўлди. 315
Аввал хабар берганимиздек, 2018 йил 16 апрель куни “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди. Унга кўра диний-маърифий соҳа фаолияти бўйича бир қатор муҳим янгилик ва ўзгаришлар кузатилмоқда. Фармоннинг 4-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети таклифлари маъқулланиб университет негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилган эди. 2018 йил 18 апрель куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси (Шайхонтаҳур тумани, А.Қодирий кўчаси 11-уйда жойлашган собиқ Тошкент ислом университети биноси)да мажлис ўтказилган. Ташкил этилган академияга Ўзбекистон ислом академияси ректори академик Неъматуллоҳ Иброҳимов тайинланган. Навбатда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинади. Эслатиб ўтамиз, фаолияти тугатилган Тошкент ислом университети бу йил 7 апрель куни “19 ёш”га тўлган эди. 358
Аввал хабар берганимиздек, 2018 йил 16 апрель куни “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди. Унга кўра диний-маърифий соҳа фаолияти бўйича бир қатор муҳим ўзгаришлар бўлмоқда. Фармоннинг 14-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш ва унинг янгиланган тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори эълон қилиниши кўрсатилган эди. 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари буйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ–3668) қабул қилинган. Қарор билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 51 кишидан иборат янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Қўмита раисига, зарур ҳолларда, Қўмита тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди. Қўмитанинг Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази Қўмита томонидан тасдиқланадиган низом асосида фаолият олиб боради ва унга Қўмита раисининг ўринбосари – Марказ раҳбари бошчилик қилиши, Марказ ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича разрядлари Қўмита марказий аппаратининг тегишли ходимлари учун белгиланган разрядларга тенглаштирилиши белгилаб қўйилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Марказ сўровига кўра унга юклатилган вазифалар билан боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар, статистик ва бошқа маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотлар бепул тақдим этилишини таъминлайди. Шунингдек, Қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари буйича кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланди. Кенгаш Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланади. Қўмита раиси лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади. Кенгаш аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради. Кенгаш ўз мажлисларида республика ҳудудлари ва хорижий давлатлардаги диний-ижтимоий жараёнларнинг жорий ҳолатини, шу жумладан Марказ томонидан тайёрланган ахборот-таҳлилий материалларнинг тегишли қисмини доимий равишда муҳокама қилиб боради ва натижасига кўра Қўмитага тавсиялар беради. Кенгаш Қўмита томонидан тасдиқланадиган низом асосида фаолият олиб боради. Қўмита Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй манзилидаги бинога жойлаштирилди. 316
18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси этиб Жасур Акромов тайинланди. Шунингдек , раис ўринбосарлари таркибида ҳам ўзгаришлар бўлди. Музаффар Комилов ҳамда Нурман Абдулхасан Қўмита раиси ўринбосари этиб тайинланди. Эслатиб ўтамиз, шу давргача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси вазифасида О.Юсупов фаолият юритиб келаётган эди. muslim.uz 531