Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда. Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ: 1. Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш; динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш; жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш; глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш. 2. Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этилсин. Марказ Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш фаолиятини амалга оширадиган ахборот-таҳлилий тузилмаси ҳисобланади. 4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Ўзбекистон халқаро ислом академияси: Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит...
Аввал хабар берганимиздек, 2018 йил 16 апрель куни Тошкент ислом университетида “Имом Термизий халкаро илмий-тадқиқот маркази” ва Саудия Арабистонининг “Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази” ҳамкорлигида “Имом Термизий илмий меросининг ислом тамаддуни ривожидаги аҳамияти” мавзусидаги илмий семинар бўлиб ўтди. Тадбир Ҳабибуллоҳ Термизийнинг Қуръон тиловати билан бошланди. “Имом Термизий халкаро илмий-тадқиқот маркази” директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов кириш сўзи қилиб, семинар мавзусининг аҳамияти ва “Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази” билан “Имом Термизий халкаро илмий-тадқиқот маркази” ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорлик натижалари тўғрисида маълумот берди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов нутқ сўзлаб, илмий семинар ишига муваффақият тилади ҳамда Имом Термизий илмий меросига катта қизиқиш билдирган Саудиялик тадқиқотчиларга ўз ташаккурларини изҳор қилди. Тадбирда соҳа ходимлари, илмий изланувчилар, ўқитувчилар ва талабалар, жумладан Тошкент ислом институти вакиллари ҳам иштирок этишди. Семинарда “Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази”дан марказ раиси доктор Мажид ибн Абдулазиз ат-Туркий модераторлик вазифасини бажарди. Дастлаб, “Мажлис аш-Шўро” собиқ аъзоси, ҳадисшунос олим Шайх Доктор Фолиҳ ибн Муҳаммад ас-Сағийр “Имом Термизий илмий-маънавий меросининг хадис илми ривожида тутган ўрни” мавзусида маъруза қилди. Шундан сўнг, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Жўрабек Чўтматовнинг “Имом Термизий асарларининг ислом тамаддуни ривожида тутган ўрни” мавзусида ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Жалолиддин Мирзаевнинг “Имом Термизий маънавий меросининг мустақиллик йилларида ўрганилиши” мавзусида маърузалари тингланди. Тадбир давомида устоз шайх Сомий ибн Абдуллоҳ ал-Мағлус “Ўзбекистонлик муҳаддис олимлар атласи” асарини тақдимот қилиб берди. 384
«Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» ташкилий ҳайъат раиси Абдуҳаким қори Матқуловнинг хабар беришларича, 25-26 апрель кунлари Қуръон мусобақаси Республика босқичининг аёл-қизлар ўртасидаги беллашувлари Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасида жойлашган “Ёшлар иттифоқи” анжуманлар уйи (ЎзМУ собиқ маданият саройи)да бўлиб ўтиши белгиланди. Шунингдек, “Наврўз” қабуллар уйида катта мониторлар қўйилиб, томошабинлар учун минглаб ўринлар ҳозирланмоқда. Эркаклар ўртасидаги баҳслар ҳам 21, 22, 23 ва 24 апрель кунлари юқорида зикр қилинган манзилда бўлиб ўтиши кўзда тутилган. “Минор”, “Шайх Зайниддин” (Кўкча) ва “Ҳазрати Имом” (Хастимом) масжидларига томоша учун мониторлар қўйилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги марказий масжидларга ўрнатиладиган катта экранлар орқали ҳам мусобақа жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш мумкин. Беллашувда вилоятлардан 41 та (13 та ҳифз, 28 та тиловат йўналиши бўйича) ва ЎМИ тасарруфидаги Ислом билим юртларидан эса 7 та (3 та ҳифз, 4 та тиловат йўналиши бўйича), жами 48 нафар қория қизлар ўзаро мусобақалашиши кутилмоқда. Манба: quran.uz телеграм канали 306
14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ўзбекистон – диний маърифат ва қадриятлар юрти” мавзусида дин соҳасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎМИ матбуот хизмати хабар бермоқда. Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар раҳбар ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Анжуманда мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда диний таълим йўналишида амалга оширилаётган ижобий ишлар юзасидан маълумотлар берилди. Сўзга чиққан нотиқлар бугунги кунда халқимизнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, диний саводхонлигини ошириш, Ислом таълимотини кенг тарғиб этиш, ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр билдирдилар. Матбуот анжумани ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз. 334
2018 йил 16 апрель куни соат 10.00 да Тошкент ислом университетининг “Б” бино 212-аудиториясида “Имом Термизий халкаро илмий-тадқиқот маркази” ва Саудия Арабистонининг “Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази” ҳамкорлигида “Имом Термизий илмий меросининг ислом тамаддуни ривожидаги аҳамияти” мавзусидаги илмий семинар бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Имом Термизий халкаро илмий-тадқиқот маркази” директори Убайдулла Уватов 14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. Семинарга “Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази”дан марказ раиси доктор Мажид ибн Абдулазиз ат-Туркий, “Мажлис аш-Шўро” собиқ аъзоси, ҳадисшунос олим Шайх Доктор Фолиҳ ибн Муҳаммад ас-Сағийр ва шайх Сомий ибн Абдуллоҳ ал-Мағлуслар ташриф буюришади. Семинарда қуйидаги мавзуларда маърузалар тингланади: – Шайх Доктор Фолиҳ ибн Муҳаммад ас-Сағийр: “Имом Термизий илмий-маънавий меросининг хадис илми ривожида тутган ўрни”; -Жўрабек Чўтматов (Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари): “Имом Термизий асарларининг ислом тамаддуни ривожида тутган ўрни”; Устоз, шайх Сомий ибн Абдуллоҳ ал-Мағлус (Ўзбекистонлик муҳаддис олимлар атласи муаллифи): “Ўзбекистонлик муҳаддис олимлар атласи” асарининг тақдимоти; -Жалолиддин Мирзаев (Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими): “Имом Термизий маънавий меросининг мустақиллик йилларида ўрганилиши”. Мазкур илмий семинарда Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабалари ҳам иштирок этишади. 328