islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 13, 2018

Day

Тошкент ислом институтида “Қуръони карим ва тажвид” ўргатиш ўқув курси иккинчи давраси ўз ниҳоясига етди

Юртимизда турли соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Юртимиз мусулмонларининг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда Араб тили пуллик ўқув курслар ташкил этилган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига мувофиқ, Тошкент ислом институтида ташкил этилган Қуръони карим ва тажвид ўқув курсининг иккинчи давра тингловчилари ўқув машғулотларини тўлиқ тамомлади. Бугун, 13 декбрь куни Тошкент ислом институтида мазкур ўқув курсларининг иккинчи давра тингловчиларига билим юрти томонидан “Қуръони Карим ва тажвид курси”ни якунлаганини тасдиқловчи маълумотномалар топширилди. Тадбирда, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ёқубжон Бухарбаев ва мазкур курсда ўқув машғулотини олиб борган ўқитувчилар иштирок этди. Институт ректори битирувчи тингловчиларни табриклаб маълумотномаларни ўз эгаларига топширди. Эслатиб ўтамиз, ЎМИнинг 2018 йил 30 августдаги 01А/088-сонли буйруғи асосида институтда ташкил этилган ўқув курсларида ўқиш истагида бўлган 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсларига  ҳафтанинг ҳар шанба куни соат 09:00 дан 14:00 гача Тошкент ислом институти белгиланган тартибда жорий қилинган рўйхат асосида ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ўқув-услубий бўлими услубчиси Усмонхон Баҳодирхонов 366

Ҳамма гап қандай қарашда

Бир замонлар бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳ бўлган экан. Кунларнинг бирида у барча рассомларни чақиртириб ўз суратини жисмоний нуқсонларини яширган ҳолда чизишни буюрибди. Лекин рассомларнинг бирортаси бунга рози бўлмабди. Улар ўзаро “Бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳни соғлом кўз ва оёқли қилиб тасвирлаш ёлғон манзара бўлади, биз бундай ишга қўл урмаймиз”, дейишибди ва ҳар хил баҳоналар билан шоҳга ўз узрларини изҳор қилибди. Аммо бир рассом бунга рози бўлиб, барча мусаввирларни ҳайратга солибди. Ҳақиқатан, у подшоҳнинг нуқсонсиз расмини жуда ҳам чиройли тасвирлабди. Суратда подшоҳ ов милтиғини ушлаб кийикни нишонга олаётган ҳолатда эди. Бундай чоқда табийки, овчи бир кўзини юмиб олган ҳамда бир оёғини букиб ерга таяниб турган бўлади. Маҳоратли рассом суратда подшоҳнинг ғилай кўзи ва чўлоқ оёғини шу ҳолатда яшира олди. Бошқа ҳамкасблари унинг маҳорати ва зийраклиги олдида бош эгди ва тасаннолар айтди. Чунки у одамларга айблов кўзи билан эмас, балки ижобий кўз билан қараб, уни бенуқсон суратда тасвирлай олган эди. Бизнинг ҳам атрофимиздаги одамларнинг баъзи камчиликлари кўзга ташланиши мумкин. Лекин биз улар ҳақида гапирганимизда бу камчиликларни яширишимиз ва яхши тарафга йўйишимиз даркор. Чунки инсон хатодан холи эмас. Ундан ташқари, одамларнинг баъзи қилаётган ишларига унинг ҳақиқатини билмасдан, зоҳирига қараб баҳо бериш билан ноўрин айблаб қўйиб, сўнг пушаймон бўлишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин», деган (Ҳужурот, 12). Демак, ўзгалардаги аниқ кўриниб турган айбларни гапиришимиз ғийбат, аниқ бўлмаган камчилик ёки айбларни айтишимиз бадгумонлик, асли бўлмаган айбни айтиш эса бўҳтон ва туҳмат бўлар экан. Шундай экан, бошқалар ҳақида гапирганимизда тилимизга эҳтиёт бўлайлик ва фақат уларнинг яхши тарафини тилга олайлик. “Тиллар” кафедраси мудири Ш.Чўлпонов Манба 186

Ҳасад ҳақида

Обрўли инсонни обрўсиз, бахтли инсонни бахтсиз, соғлом инсонни ҳам жисмонан ва ҳам маънан касал бўлишига сабаб бўлувчи маззаматланган иш бу ҳасаддир. Халқимиз ҳасадгўйга нисбатан кўпроқ “кўра олмайдиган киши” деб, айтишади. Ҳасад бу: кишини ўзида бўлмаган нарсасини ўзгада ҳам бўлмаслигини хоҳлаши ёки нега унда бор-у, менда йўқ қабилида фикрлашдир. Кунларнинг бирида бир ҳасадчи подшога арз қилиб, подшоҳим қўшнимнинг сигири бор менда эса йўқ, ахир бу адолатсизлик эмасми дебди. Шунда подшоҳ унга бир сигир беринглар деб буюрибди. Ҳасадчи йўқ подшоҳим ахир қўшнимнинг сигирга қараб, унинг сутини соғиб берадиган болалари бор, менда эса ундай фарзанд йўқ дебди. Подшо адолат истаб унга сигир билан хизматкор берсам адолат қилган бўламанми, деб сўраса. Ҳасадгўй йўқ, деб жавоб қилибди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб унда нима қилишимни истайсан деса. Яхшиси унинг молини олиб қўйсангиз мен тинчийман деб, жавоб қилган экан. Ҳасад инсон жисмини ва ақлини еб битирадиган нафсий касалликдир. Ҳеч бир замонда ҳасад кишига яхшилик келтирмаган ва келтирмайди ҳам. Бунга тарих ёрқин мисолдир. Қуръондаги Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини бир эсланг! Ахир у зотнинг оталарининг кўзлари йиғидан кўр бўлиб қолишларига ва бир неча йил фарзандларидан жудо бўлишига нима сабаб бўлди? Юсуф алайҳиссалом акаларининг ҳасади эмасми? Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил ва Хобилнинг қиссасичи. Унда уларнинг бирининг эҳсони қабул бўлиб, иккинчилариники қабул бўлмаганида ҳасад қилиб, ўлдириб қўйганларичи. Бу жиноятга нима сабаб бўлди, ҳасад эмасми? Фаришталарга илм берган, олим бўлган шайтоннинг Аллоҳ таоло даргоҳидан лаънатланган холда қувилишига нима сабаб бўлганини бир эсланг! Шайтон мен оловдан яралганман инсон эса тупроқдан яралган бўлса, нима учун мен унга сажда қилишим керак экан дея, Аллоҳнинг Одамга сажда қил деган буйруғига итоат қилмаслигига унинг ҳасади, кибри сабаб бўлмадими? Шунинг учун ҳам Исломда ҳасад қилиш ҳаром дейилган. Бунга ушбу ҳадисни далил қилинади: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бир-бирингизга ғазаб ва ҳасад қилманг ҳамда бир-бирингиздан юз ўгирманг. Балки Аллоҳ таолонинг бир-бирига биродар бандалари бўлинглар. Ҳеч бир мусулмонга биродари билан уч кундан ортиқ ҳижрон қилиши ҳалол бўлмайди”. Муслим ривояти. Бошқа бир ҳадисда эса: “Бандада иймон ва ҳасад иккиси жам бўлмайди”, дейилган. Фақатгина исломда икки ишда ҳасад қилиш мумкин дейилади. Унинг номи ҳасад дейилса-да аслида бу арабларда “ғибто” яъни ҳавас деганидир. Бунга ушбу ҳадис далилдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Икки ишда ҳасад йўқ. Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё берса-ю, у банда тўғри йўлда ишлатса ва Аллоҳ таоло бир бандасига ҳикмат берса-ю, у банда ана шу ҳикмат ила ҳукм чиқарса ва уни ўргатса”. Муттафақун алайҳ Демак, бир банда бой-бадавлат бўлиб, топган дунёсини Аллоҳ ризолиги йўлида сарфласа, уни кўрган бошқа бир киши қани энди менда ҳам шундай дунё бўлса эди, мен ҳам саховатли бўлар эдим деб фикр қилса, ёки бўлмасам, бир банда олим бўлиб, ўрганган илми билан инсонларнинг муаммоларини ҳал қилиб ва илмини ўзгаларга ҳам тарқатаётганини бошқа бир киши кўриб, қани эди менда ҳам шундай илм бўлганида мен ҳам илм тарқатар эдим, инсонларнинг муаммоларини ҳал қилиб берар эдим деб, фикр қилса, бу ҳасад эмас аксинча ҳавас саналар экан. Аллоҳ таоло барчамизни бундай қабиҳ феълдан йироқ қилсин. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси, “Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби Яҳё Абдурахманов 497

Ал-Азҳар шайхи: “Ўзбекистон билан диний ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз”

Миср Араб Республикаси Ахборот агентлиги томонидан мамлакат Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййибнинг юртимизга амалга оширган ташрифи якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар берди Халқ сўзи газетаси. Унда меҳмоннинг Ўзбекистонда маърифий исломни ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг дин софлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини ўрганиш ва тарғиб этиш юзасидан амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида таассуротлари берилган. Жумладан, Аҳмад Таййиб Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани ва унда бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб қилиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини асраш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётганини қайд этди. Аҳмад Таййибнинг фикрига кўра, Ислом уммати ёшлари Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг бой маънавий мероси билан яқиндан танишишга катта эҳтиёж сезмоқда. Мақолада келтирилишича, Миср томони Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Шунингдек, меҳмон Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташрифи давомида қатор масалалар бўйича манфаатли келишувларга эришганидан мамнунлигини билдирди. “Ҳар йили Ўзбекистондан ўнга яқин талаба Ал-Азҳар университетида таълим олиш учун келади. Бундан ташқари, имом-хатиблар билимини ошириш ва ёт ғояларга қарши курашда тажрибасини мустаҳкамлаш мақсадида Мисрда малака оширади”, дея қайд этилади агентлик хабарида. Ўз навбатида, Ўзбекистонда сўнгги икки йил давомида турли соҳаларда, айниқса, диний-маърифий йўналишда улкан ўзгаришлар юз бергани эътироф қилинади. Хусусан, Ўзбекистонда туғилиб, дунёга илм-маърифат таратган буюк зотларнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш мақсадида илмий-тадқиқот марказлари, ислом таълим муассасалари таъсис этилди, дейилади. “Албатта, бу каби улуғвор ташаббуслар 130 дан ортиқ миллатлар ва элатлар вакиллари истиқомат қиладиган Ўзбекистонда ўзаро ҳурмат ҳамда ишонч тамойилларига асосланган мўътадил диний қарашларни янада мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди. Ўзбекистон бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу йўналишда Миср ҳамда Ал-Азҳар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашишга интилмоқда”. 142

Ўзбекистон муфтийси умматнинг биринчи галдаги вазифаси нима эканини айтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Парижда бўлиб ўтган XIV Халқаро мусулмон форумидаги чиқишида мусулмон умматининг биринчи навбатдаги вазифаси нима эканини айтди. Бу ҳақда Россия мусулмонлари кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда. Муфтий ҳазратнинг фикрига кўра, ҳозирда мўмин-мусулмонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, ўзаро мулоқотни таъминлаш каби глобаллашувнинг ижобий самаралари билан бирга, ёвуз кучлар томонидан ёшларни манфур мақсадларда ишлатиш учун ахборот кураши давом этмоқда. Ўзбекистон муфтийси ўз чиқишида ёшлар тарбияси мусулмон умматининг биринчи галдаги вазифаси эканини таъкидлаган ҳолда, ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қилишга катта урғу берди. Форум доирасида Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги нишонланиши муносабати билан Усмонхон Алимов ҳазратлари нақшбандия тариқати асосчиси ўз шогирдларига мерос сифатида қолдирган ва ўзи ҳам амал қилган муҳим тамойилларни ёдга солди. Нақшбандия тариқатининг “дил баёр, даст бакор” таълимоти “қалбинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин” деган маънони англатишини атрофлича изоҳлади. Бу мусулмон одамнинг жамиятнинг фаол аъзоси бўлиши билан бирга, қалби Аллоҳнинг ёдидан бир зум ҳам холи бўлмаслигини ушбу таълимотда ифода этилганини муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар, – дейилади Россия мусулмонлари кенгаши матбуот хизмати хабарида. Манба 138