islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Намозда қўлларни киндик остига қўйиш ва унинг илмий асослари

Дин иши ҳассос масала саналади. Унга аҳл бўлмай, илмсиз равишда бир оғиз сўз айтмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Мана шу қоида бузилди турли кўнгилсизликлар бошланади. Ҳар бир инсон ўз ҳаддини билиб яшаган вақтлар тарихга зарҳал ҳарфлар билан муҳрлангани ҳеч кимга сир эмас. Кейинги вақтларда диний масалаларга енгил қараш эътибориданми уларни мустақил ўрганиб, ҳаммани ташвишга солаётган, ихтилофга сабаб бўлаётган ҳолатлар киши дилини хира қилмоқда. Ана шундай масалалардан баъзилари: оминни жаҳрий айтиш,  намозда оёқларни кериб туриш, қиём қўлни кўкси устига қўйиш, имом билан бирга Фотиҳа сурасини ўқиш ва ҳаказолар. Мана шу шахслар айтиб ўтганимиздек динни ҳадислардан ўрганиш кераклигини даъво қилиб, раҳмат ҳисобланган мазҳаблар ўртасидаги фуруъий масалаларни рўкач қилиб, ўзларини ҳам ўзгаларни ҳам аташтирмоқдалар. Бугун биз ўрганмоқчи бўлган ҳукм намозда қўлни қўйиш масаласидир. Олдиндан айтиб қўяйлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада турли ривоятлар келган. Одатда у зот ибодатларни таълим бераётганларида эркак ва аёлларнинг ажратмай амал қилганлар. Илло, истисно ҳолларда бундай бўлмаган. Бу ҳадисларни чуқур ўрганган мужтаҳид олимлар эркакларга хушуга муносиб ҳолат киндик ости, аёлларга эса сатри аврат маъносида кўкрак усти дея ҳадисларда келган турли ривоятларни мувофиқлаштирдилар. عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ أَنَّ عَلِيًّا رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مِنْ السُّنَّةِ وَضْعُ الْكَفِّ عَلَى الْكَفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ. Абу Жуҳайфадан ривоят қилинади. Али розияллоҳу анҳу айтади: “Намозда киндик остига кафтни кафт устига қўйиш суннатдир”. Абу Довуд, Аҳмад ва Дорақутний ривоят қилган. عَنْ أَبِي وَائِلٍ قَالَ: قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: أَخْذُ الأَكُفِّ عَلَى الأَكُفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. Абу Воил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Намозда кафтларни кафтлар устига, киндик остида ушлаб турилади”. Абу Довуд ривояти. Ривоятлар заиф бўлсада бир-бирини қувватлаб ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилади ва ҳужжат сифатида қабул қилинади. Мусталоҳул ҳадис илмидан воқиф бўлганлар буни жуда яхши билади. Аллома Саҳаранпурий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Базлул мажҳуд шарҳу сунани Аби Давуд» китобида шундай дейди: (Намозда қўл қўйиш масаласида тўрт мазҳаб) уч йўлга-мазҳабга чекланган. Биринчи мазҳаб: киндик ости, иккинчи мазҳаб кўкрак ости, киндик усти, учунчи мазҳаб ирсол-икки ёнга ташлаб туриш. Балки қўл боғлаш икки кўриниш: кўкрак ости ва киндик остига чекланади. Қўлни кўкрак устига қўйишни айтган бирорта мусулмонлар мазҳаби йўқ. Қўлни кўкрак устига қўйиш ҳақидаги гап мусулмонлар мазҳабидан ташқари ва уларнинг келишилган ижмосини бузишликдир. Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълолус сунан” китобида юқоридаги ҳадисларни келтириб, унга қуйидагича изоҳлайди: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ икки қўлни киндик остига қўяди, деган. Молик ва Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳлар икки қўлни кўкрак остига,  киндик устига қўяди, деганлар. Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан уч хил ривоят бор. Уларнинг энг машҳури ҳанафий мазҳаби кабидир…”. Энг қизиғи, эркаклар учун икки қўлни кўкрак устига қўйиш ҳақида Ибнул Қаййим ва Ибн Ҳазм раҳматуллоҳ алайҳлардан ривоятлар бор. Ибнул Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ «Бадоиъул фавоид» китобида айтади: «Икки қўлини кўкси устига қўймоғи макруҳ бўлади». Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ икки қўлни қўйиш ҳақида ҳадисларни ривоят қилиб, уларни кўкрак устига қўйишни зикр қилмаган. Масаланинг фиқҳий ҳукми. Мўътабар китоблардан саналган  «Мухтасарул виқоя»да қиёмда қўл тутиш борасида шундай дейилади: ويضع يمينه على شماله تحت سرّته فى كلّ قيام فيه ذكر مسنون ويرسل فى قومة الركوع وبين تكبيرات العيدين “Суннат қилинган зикр мавжуд бўлган ҳар бир қиёмда киндик остига ўнг қўлини чап қўлининг устига қўйиб...

Янги лойиҳа: Ақида дарслари «Фиқҳи акбар китоби» 1-қисм (Аудио)

Muslim.uz сайти ижодкорлари томонидан ҳар бир мўмин-мусулмон киши билиши ва эътиқод қилиши лозим бўлган илм – ақида илмини ақоидга оид мўътабар манбалар асосида тушунарли қилиб, овозли шаклда баён этишни режалаштирилди. Аллоҳ таборака ва таоло ушбу хайрли ишни муваффақиятли ва мўмин-мусулмонларимиз учун манфаатли қилсин. 1 013

Бугундан халқаро динлараро бағрикенглик ҳафталиги бошланди

World Interfaith Harmony Week Ушбу халқаро ҳафталик тадбири БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 20 октябр, 2010 йилда қабул қилинган резолюцияга мувофиқ ўтказиб келинади. Ҳужжатда қайд этилишича, барча дин вакиллари ва тарғиботчиларининг маънавий бурчи- инсонларни тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро тушунишга чақиришдан иборатдир. Ушбу таклиф Иордания қироли Абдуллоҳ II ташаббуси билан киритилган ва маъқулланган. Таъкидланишича, ушбу Ҳафталикка диний етакчилар, турли диний ташкилотлар ва алоҳида шахсларни диний эътиқод ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушунишга қаратилган саъйи ҳаракатларга дунё халқлари эътиборини қаратиш мақсадида асос солинган. Илк маротаба жаҳон динлараро бағрикенглик ҳафталиги 2011 йилда ўтказилган эди. Бирлашган Миллатлар ташкилоти барча давлатларни ушбу ҳафта давомида ихтиёрий асосда динлараро уйғунлик ва яхши ният ғояларини тарқатилишини қўллаб- қувватлашга чақиради. Жараён марказлари эса бутун дунёдаги масжидлар, черковлар, синагоглар ва бошқа ибодатхоналар бўлади. Юртимиз Ўзбекистонда ҳам турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилади. Алоҳида қайд этиш лозимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ялпи мажлиси томонидан муҳим бир ҳужжат – “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббусини 2017 йил сентябрь ойида Бош Ассамблеянинг 72- сессиясида илгари сурган эди. Ташаббуснинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 193 та давлат кенг қўллаб-қувватлагани жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо ва эътирофдир. https://t.me/grandtalim 756

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ

Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири деб белгиланди. Жумладан, жорий йилда Олий Мажлисга мурожаатномада таъкидланганидек: “Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”. Дарҳақиқат, бугунги кунда коррупция иллати баъзи жамиятлар тараққиётига катта тўсиқ бўлаётгани, тарихда эса, айрим давлатлар шу бало туфайли инқирозга юз тутгани маълум. Шу сабабдан, коррупцияга қарши курашиш дунё миқёсида глобал муаммолардан бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам Коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари доирасида жорий йил 30 январь куни Олий маъҳад профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимлари учун “Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз!” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбирнинг юқори савияда ва мазмунли ўтиши учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси қошидаги Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Баҳодир Исмаилов таклиф этилди. Соҳа мутахассиси тадбир қатнашчиларига коррупциянинг хавф-хатарлари, ушбу иллатга имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароитлар ва оқибатларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, маърузачи ўз чиқишида аҳолининг барча қатлам вакиллари, хусусан, келажак эгалари бўлган ёшларнинг коррупцияга қарши муросасиз руҳда таълим-тарбия олиши муҳим аҳамиятга эгалигини ҳамда ушбу иллатга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз эканини алоҳида таъкидлади. Ҳозирда коррупцияга қарши курашиш мақсадларига фақат ташкилий-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, жамият кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашда нафақат давлат ташкилотлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдир. Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”. Шундай экан, давлат ва жамоат ташкилотлари бу балони олдини олиши ва унга қарши курашда ҳамжиҳат бўлиши самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади. Ж.Мелиқўзиев, ТИИ проректори 704

БАХТЛИ ОИЛАДА – БАХТЛИ АВЛОД УЛҒАЯДИ

2019 йил 27 декабрь куни муҳтарам президентимиз бошчиликларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар маънавиятини юксалтиришга бағишлаанган йиғилишда баркамол авлод таълим-тарбияси борасида қилинаётган кенг кўламли ишлар баробарида ҳал этилиши лозим бўлган масалар тўғрисида ҳам сўз борди. Айниқса, ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш масаласига алоҳида тўхталинди. Шу муносабат билан, ёшларни оилага тайёрлаш, оилавий ажримларнинг олдини олишдаги ишларни янада такомиллаштириш борасида тизимли вазифаларни йўлга қўйиш мақсадида таълим муассасалари мударриса ва талабалари ўртасида мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш мақсадида Тошкент ислом институти талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова, устозлар Н.Саидакбарова ва Ҳ.Зоирова ҳамда 1-курс 103-гуруҳ талаба қизлари билан Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, оила илмий амалий марказига ташриф буюрди. У ерда марказ раҳбари М.Маҳмудхўжаева билан “Бахтли оилада – бахтли авлод улғаяди” мавзусида суҳбат бўлди. Ҳар қандай инсонда энг аввало, оила тинч бўлса, кайфияти яхши бўлади, иши унумли, бошлаган ишининг натижаси кўнгилдагидек бўлади. Чунки инсон ҳақиқий халоватни биринчи навбатда ўз оиласидан олади. Оиладаги катталар орасидаги муносабатлар унда вояга етаётган фарзандларга жуда катта таъсир кўрсатади. Носоғлом муҳитга эга оиладан носоғлом, тарбиясиз фарзандлар етишиб чиқади. Оила катталари, эр-хотин фарзанд тарбиясидек масъулиятли ишга ҳар томондан жиддий қарасаларгина, ўз оилаларида доимо тинч, хотиржам турмушни таъминлашга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун эр ҳам, хотин ҳам ўзининг оиладаги ўрнини яхши билиши, ўз масъулиятини ҳис қилиши керак. Ахир, бежизга айтишмайди, оилани тарбия ўчоғи деб. Мана шундай рисоладагидек оилаларнинг кўпайиши бугунги кунда оила қуриш ёшида бўлган ёш йигит-қизларимизнинг олган таълим-тарбияси, уларнинг оила ҳақидаги билимларни қай даражада билишларига, оилавий муносабатларга қай даражада жиддий қарашларига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ушбу давра суҳбати мана шундай долзарб мавзу юзасидан бўлиб ўтди. Марказ раҳбари М.Маҳмудхўжаева ёшларимизни оилавий муносабатларга тайёрлаш, оиланинг оғир-енгилига жиддий қараш, сабр-тоқатли, кези келганда бардошли бўлиш нақадар муҳим эканлигини давра суҳбати иштирокчиларига қизиқарли тарзда тушунтиришга ҳаракат қилди. Суҳбатнинг ўта жиддийликдан бироз чекланиб, эркак ва аёл, қиз ва йигит орасида бўладиган ҳаётий муносабатларга тааллуқли турли ривоят-афсоналар билан ҳамоҳангликда олиб борилиши ёшларни қизиқтириб қўйди. Суҳбат марказ раҳбари М.Маҳмудхўжаева ва талаба қизларнинг қизғин савол-жавоби тарзида якунланди. Суҳбатда иштирок этган институт ҳодимлари қизиқарли суҳбат учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Тошкент ислом институти талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 941
1 447 448 449 450 451 732