Жорий йилнинг 15 январь куни Бош прокуратурада Бош прокурор раислигида Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2018 йилдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5542-сонли Фармони ижроси юзасидан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 12 нафар фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим этилган мурожаатлари кўриб чиқилди. Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари, яъни Олий суд раиси ўринбосари, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Республика маҳаллар кенгаши раиси ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари, Мусулмонлар идораси, ДХХ, ИИВ ва Бош прокуратуранинг тегишли бошқарма ва тармоқ бошлиқлари ҳамда масъул ходимлари қатнашдилар. Йиғилишда комиссия аъзолари бир овоздан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 11 нафар фуқароларни жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида хулосалар қабул қилинди, 1 нафар фуқаронинг мурожаатини қўшимча ўрганиш учун ишчи органга қайтариш ҳақида овоз берилди. Маълумот учун: Комиссияга жорий йилнинг 1 январь кунига қадар жами 70 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 18 таси Фармон талабларига мос келмаган, 20 таси комиссияда муҳокама қилинган (10 таси жавобгарликдан озод этиш ва 4 тасини рад этиш ҳақида хулоса қилинган, 6 таси қўшимча ўрганишга қайтарилган), 32 таси қолдиқда қолган. Жиноий жавобгарликдан озод қилинган 11 нафар фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳақида топшириқлар берилди. Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзоларининг келгуси вазифалари белгилаб олинди. Манба: @uzbprokuratura 754
Сўйилган жонлиқнинг ҳалол бўлиш шартларидан бири Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган бўлишидир. Бунга уламолар қуйидаги оятни далил қилганлар: فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ “Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг исмини зикр қилинг” (Ҳаж сураси, 36-оят). Ушбу оятдан жонлиқни сўйиш пайти назарда тутилган. Чунки оятнинг давомида “ёнлари ерга текканида” дея сўйилган ҳолати баён қилинган. Шунга кўра қайси жонлиқ қасддан Аллоҳнинг исми айтилмасдан сўйилган бўлса, унинг гўштини ейиш ҳалол бўлмайди. Чунки Қуръони каримда бундай гўштни ейишдан қайтарилган: وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ “Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир” (Анъом сураси, 121-оят). Яъни, сўйиш чоғи “бисмиллаҳ” айтилмаган жонлиқнинг гўштини еманглар. Бундай гўштни ейиш фисқдир, яъни шариат кўрсатмасига риоя қилмасликдир. Бошқа бир оятда Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган жонлиқнинг ҳаром экани хабар берилган: وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ “Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни ҳаром қилди” (Наҳл сураси, 115-оят). Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйиш деганда қуйидаги икки ишдан бири тушунилади: Аллоҳдан бошқанинг исми билан сўйиш. Бунда сўювчи бирор бутнингми ёки ўзи муқаддас ҳисоблайдиган хаёлий бирор шахснингми муҳаббатига эришиш ва унинг ғазабидан сақланиш учун жонлиқни унинг исмини айтиб сўяди. Бундай ишни қилган кимса ширк гуноҳини содир этган бўлади ва ушбу сўйилган жонлиқ ҳам ҳаром ҳисобланади; Бирор шахснинг ҳурматини бўрттириб кўрсатиш учун жонлиқ сўйиш. Яъни, гўшт билан сийлаш мақсадида эмас, балки жонлиқ сўйишнинг ўзи билан бировни улуғлашни қасд қилса, агарчи Аллоҳнинг исмини айтиб сўйган бўлса ҳам, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйиш бўлиб қолади. Бундай ишни қилган кимса ҳам ширк гуноҳини содир этган бўлади ва сўйилган жонлиқ ҳам ҳалол бўлмайди. Аммо жонлиқ сўйишдан илтифот кўрсатишни масалан, меҳмон қилишни қасд қилган бўлса бундай бўлмайди. Балки бу иш шариатга риоя қилгани учун, Аллоҳни улуғлаш ҳисобланади ва савобли ишга айланади. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Шурайҳ Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ (Меҳмоннинг ҳаққи) бир кеча ва кундуз (унга иззат икром кўрсатилиши)дир. Зиёфат эса уч кундир”, дедилар”. Ушбу ҳадиснинг шарҳида Абу Убайд раҳматуллоҳи алайҳ: “Меҳмондорчиликнинг биринчи куни мезбон одатий кунидан ортиқроқ ҳаракат қилади ва илтифот кўрсатади. Иккинчи ва учинчи кунлари эса ўзида бор нарсани тортиқ қилади” деган. Шунга кўра биров меҳмонга иззат икром кўрсатиш учун жонлиқ сўйса ва бу билан меҳмоннинг ҳаққини адо этишни қасд қилган бўлса савобга эришади. Зеро, улуғ пайғамбарлардан бири бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг меҳмон учун жонлиқ сўйгани Қуръони каримда хабар берилган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 823
Хўп, мазҳабда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмас экансан, “мазҳаб” сўзини эшитсанг, энсанг қотар экан. “Қуръон ва Суннатга эргашаман” деб бор овозинг билан бақирар экансан. Қани менга айтчи, сен ўқиётган намознинг шаклини қаердан олгансан? Суннатдан деб шошқалоқлик қилма! Алдама! Сен фалончининг китоби ёки аудио суҳбатини эшитиб, ўшани бажаряпсан. Демак, мазҳабни тан олмаганинг билан барибир кимнидир мазҳабига, йўлига эргашяпсан-ку! Ўша одам айтган кўринишда намоз ўқияпсан-ку! Энди савол: сен аудиосини эшитаётган, видеосини кўраётган ёки китобини ўқиётган киши илмлироқми ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган даврда яшаган, саҳобаларни кўрган инсон илмлироқми? Бунинг жавобини қалбингни тўрида бериб турибсан. Аммо кибринг, қайсарлигинг ўша жавобни тилга чиқаришга қўймаяпти. Кўзингни каттароқ оч! Ҳаёт фақат фейсбукдан иборат эмас. Атрофингдаги маслакдошларингнинг “биродар”, “рижол” деган гаплари сени алдаб қўймасин! Агар устоз муҳим бўлмаганда, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил қилиб қўйиб, бандаларга ўзлари ўқиб, тушуниб олишларини амр қилган бўларди. Лекин ундоқ қилмади. Ўша инсонларнинг ичидан бир инсонни танлаб олиб, унга бандаларига айтмоқчи бўлган амр ва наҳйларини юборди. Ўша танлаб олинган Пайғамбар Аллоҳ таолонинг бандаларига Аллоҳ таолонинг муродини, рисолатини етказиб, устозлик қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима амал қилганларини энг яхши билувчилар саҳобаи киромлардир. Саҳобаи киромларнинг амалларини энг яхши билувчилар тобеинлардир. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса ўша тобеинларнинг бир вакилидирлар. Савол: Ким илмлироқ? Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Ибн Таймиями? Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Ибн Қаййимми? Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Албонийми? Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Ибн Бозми? Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Усайминми? Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Фавзонми? Бу саволнинг жавоби яна қалбинг тўрида деб ўйлайман! Қайсарликни бас қилиб, эътироф этилган уламолар, мужтаҳидлар йўлига эргаш! Талашиб-тортишишни, бир-бирини ҳақорат қилиб, ерга уришни бас қил! Аллоҳ таоло барчамизни уламоларга нисбатан беписандлик қилишдан асрасин! Барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин! Нозимжон Ҳошимжон Манба: http://muslim.uz 875