islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Асрга татигулик умр

ХIХ асрда яшаб самарали ижод қилган буюк аллома Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ибн Муҳаммад Абдуҳалим Ансорий Лакнавий ал-Ҳиндий Ҳанафий 1264/1447-йил зулқаъда ойининг йигирма олтинчисида Ҳиндистоннинг Банда шаҳрида уламолар оиласида дунёга келган. Отаси мавлоно Муҳаммад Абдулҳалим ўз асрининг йирик олимларидан бўлиб, бир қанча машҳур китоблар муаллифидир. Алломанинг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абу Айюб Ансорийга бориб тақалади. Абдулҳай Лакнавийнинг болалик чоғларидан зеҳни ўткир, ёдлаш қуввати кучли эди. Ўн ёшида Қуръони каримни мукаммал ёдлаб, одатга кўра таровеҳ намозида имомликка ўтди. Каломуллоҳни ёдлаш асносида форсий китоблар, ҳаттотлик, иншо ва бошқа зарурий илмларни ўрганди. Сўнгра сарф, наҳв, маъоний, баён, мантиқ, ҳикмат, тиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, илмул калом, ҳадис, тафсир ва бошқа кўплаб шариат илмларини мукаммал ўзлаштирди. Шунингдек, ҳисоб, риёзат, астрономия, тиб, аъруз илмларидан ҳам сабоқ олди. Натижада у барча илмларда юксак даражаларга эга бўлди. Абдулҳай Лакнавийнинг устозлари жуда кўп бўлиб, улардан Аҳмад ибн Зайн Дихлан Маккий, Шайх Муҳаддис Абдулғаний ибн Абу Саид Деҳлавий, Шайх Али ал-Ҳаририй Малик Башилий Маданийларни эслаб ўтишимиз мумкин. Аллома икки бор Аллоҳнинг байтини тавоф этиш ва Набий соллаллоҳу алйҳи васалламнинг равзаи шарифларини зиёрат қилишга мушарраф бўлди. Алломанинг илмий йўлини давом эттирувчи шогирдларидан Аллома муҳаддис шайх Муҳаммад Абдулбоқиял-Маданий (1364-ҳижрий санада вафот этган), Аллома Муҳаммад Ҳафизуллоҳ ал-Бандавий (1342-ҳижрий санада вафот этган), Шайх Абулбақо Абдулҳаким ибн шайх Мулла Абдурроб ибн Малик ул-Уламо, Баҳрул-улум аллома Абдул Али ал-Лакнавийларни санаб ўтиш мумкин. Аллома 18 ёшидан китоблар ёза бошлаган. У 39 йиллик қисқа умри давомида 120 га яқин асарлар таълиф этган. Улардан 7 таси сарф ва наҳв, 12 таси мантиқ, 17 таси мунозара, 70 дан ортиғи фиқҳ, сийрат ва ҳадис илмларига оид. Шайх Абдулҳай Лакнавий Ҳанафий мазҳабининг асоси бўлган “Жомеъул кабир” ва “Жомеъус сағир” асарларини кенг ва муфассал равишда шарҳлаб берган. Алломанинг “Табақотул Ҳанафия”, “Фавоидул баҳийя фи тарожими Ҳанафийя” асарлари ушбу мазҳаб уламоларининг даражаларини ва мўътамад манбаларини ўрганишда асосий қўлланмалардан бирига айланган. Абдулҳай Лакнавийнинг “Нафъул-муфтий вас саил бижамъи мутафарриқоти масаил” асари турли масалаларни ўз ичига олган фойдали манбадир. Ушбу асарда ибодатларнинг афзали бўлмиш намоз, шунингдек, мусулмон киши бажариши жоиз бўлган ва жоиз бўлмаган амалларга оид масалалар ёритилган. Муаллиф ушбу асарда Ҳайдарободда истиқомат қилган вақтида ўзидан сўралган саволларни ва уларнинг жавобларини жамлаган. Муаллиф асарни 1287-ҳижрий йилнинг зулҳижжа ойида таълиф этган. “Нафъул-муфтий” асари савол-жавоб усулида ёзилган. Муаллиф ушбу савол-жавобларни бобларга ажратган ва мўътабар матн китоблари тартибида келтирган. Асар 4 китоб ва унинг таркибига кирувчи 35  бобдан иборат. “Нафъул-муфтий” асари ҳанафий мазҳабида муҳим манбалардан ҳисобланиб, унда мазҳабдаги энг афзал кўрилган қарашлар ва фатволар жамланган. Мана шу жиҳатдан асар ҳанафий мазҳабида муҳим аҳамият касб этади. “Нафъул-муфтий” асари алоҳида амалий аҳамиятга ҳам эга. Ҳанафий фиқҳидаги таҳорат, ғусл, намоз, эр-хотин, ота-оналар, болаларнинг ўзаро ҳуқуқ ва бурчлари, бола тарбияси, қариндошларнинг ўзаро муносабатлари каби масалаларнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш ва унинг ижобий ютуқларидан амалиётда фойдаланиш мумкин. “Нафъул-муфтий” асарини ўрганиш натижасида ҳанафий фиқҳи, ҳуқуқшунослик мактаблари яратилишига сабаб бўлган фиқҳий услублари, уламолар ва уларнинг асарлари ҳақида муфассал маълумотларга эга бўлинади, ҳанафий фақиҳларининг бу соҳадаги Беназир илмий хизматлари ва қолдирган илмий мерослари билан танишиш имконини беради. “Нафъул-муфтий” асари фиқҳ китобларида тарқоқ ҳолда бўлган кучли қарашларни бир шаклда тасниф этиш ва тартибга келтириш, натижада барчага Ҳанафий фиқҳини осонлаштириб, мусулмонларнинг бирлигини сақлаш мақасадида кўзга кўринган, забардаст уламолар томонидан ёзилган асарлар асосида таълиф этилган. Асарни ўқиб, ўрганиш натижасида муаллиф қанчалик илғор салоҳият эгаси эканини ва ўз замонасининг буюк уламоси бўлганига гувоҳ бўламиз. Зеро, асарда ниҳоятда долзарб ва мунозарали масалаларни ёритишда ҳанафий мазҳабига оид 100 дан ортиқ манбалардан, мазҳаб уламоларининг энг саҳиҳ фатво ва сўзларидан фойдаланилган. Шайх Абдулҳай Лакнавий 1304/1887-йил робиул аввал ойининг охирги кечасида вафот этган. Буюк аллома Абул Ҳасонот Абдулҳай Лакнавий ҳаёт йўли ва илмий ижоди, илм талабидаги саъй-ҳаракатлари, таҳсил олиш жараёни, ибодати, зуҳд ва тақвоси, эътоқоди мустаҳкам ва суннатни маҳкам ушлаши, ҳамиша яхшиликка чорлаб бидъатларга қарши курашиши каби хислатлари билан барча...

Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувондаги мадрасалари ўз даврида ўзига хос университет вазифасини бажарган

Мирзо Улуғбек буюк Соҳибқирон Темурнинг бунёдкорлик ишларини давом эттирди у кўплаб мадрасалар, масжид ва хонақолар қурдирди, Мовароуннаҳрни илм-маърифат марказига айлантириш йўлида улкан ишларни амалга оширади. Жумладан 1417 – 1430 йиллар орасида Улуғбек Самарқанд маркази Регистон майдонида улкан мадраса, хонақоҳ, муқаттаъ масжиди ва ҳаммом қурдиради. Шунингдек, 1417 йилда Бухорода ва 1433 йилда Ғиждувонда ҳам мадраса қурдирган. Мазкур мадрасаларда диний илмларга нисбатан математика, геометрия, фалакиёт, табиёт, жуғрофия ва тарих каби дунёвий илмлар кўпроқ ўқитилган ва ўз даврининг энг нуфузли илм-фан маскани бўлиб ҳисобланган. Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси ўз даврининг мукаммал олий таълим маскани бўлиб, ўз даврида ўзига хос университет вазифасини бажарган. Бухородаги мадраса катталиги жиҳатидан Мовароуннаҳрдаги иккинчи нуфузли мадраса бўлиб, унинг эшигига Улуғбек томонидан «Илм олишга интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир» деган ҳадис битилган. Мадрасада билим олиш муддати 8 йил давом этган. Шу муддат давомида талабаларга ойлик маош ва «Улфа» деб аталган махсус тўлов пули бериб борилган. Улуғбек Гўри Амир мақбарасига ҳам айрим қурилишлар билан ўзгача файз тароват бағишлайди. Самарқанддаги Афросиёбнинг жанубида улкан қабристон марказида жойлашган Шоҳи Зинда обидаси меъморчилик санъатининг камёб дурдоналаридан ҳисобланади. Мазкур ёдгорлик асосан XI асрдан бошлаб қурилиб келинаётган бўлса-да, Амир Темур ва Улуғбек замонасида ниҳоясига етказилган. Улуғбекнинг саъй-ҳаракати билан бу ерда ҳам меъморчилик ишлари олиб борилади. 1434 – 1435 йиллар мобайнида Шоҳи Зинданинг асосий дарвозаси ранг-баранг кошинлар билан зийнатланиб, қайтадан қурилганлиги ҳам Улуғбек замонасининг меъморчилик санъатидан нишонадур. 1424-28 йилларда қурилган Мирзо Улуғбек расадхонаси XV аср меъморчилигининг нодир намуналаридан бўлган. Бобур Мирзонинг ёзишича расадхонанинг сирти кошин ва чиройли безаклар билан зийнатланган бўлган. Мирзо Улуғбек расадхонасида квадрантдан ташқари бир неча кузатиш асбобларидан ҳам фойдаланилган. Уларнинг орасида армиляр сфера, триквер каби асбоблар мавжуд эди. Мирзо Улуғбек мактабига мансуб олимларнинг аниқлаган маълумотлари улардан бир неча аср олдин яшаб ўтган буюк алломалар эришган натижалар билан солиштирилганда ўта аниқлиги билан ажралиб турар эди. Эклиптика оғмалиги, юлдуз йилининг хисоби, сайёраларнинг йиллик ҳисобини аниқлаш, каби масалалар алоҳида ўрин тутган. Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар каталоги 1690 йили Поляк олими Ян Гавелийнинг (1611-1687) «Астраномия даракчиси» номли асарида нашр этилган ва бу асарда Мирзо Улуғбек беш астроном Птолемей, Тихо Браге, Жавани Риччиоли, Вильгелм IV ва Ян Гавелий даврасида, тўгарак стол атрофида астрономия музаси (маъбудаси) Ураниянинг ўнг томонида биринчи бўлиб ўтирибди. Унинг ўриндиғи орқасида «Ўз ишимни муносиб авлодларимга қолдирдим» деган сўзлар битилган. ЎМИ Матбуот хизмати 759

Тошкент ислом институти ректори ўзи таълим олган мактабга китоблар совға қилди

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббуси ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидладилар. Дарҳақиқат, китоб тўпласак, бахт-саодат тўплаган бўламиз, қанча кўп китоб ўқисак, узоқни кўрамиз, бугун китоб ўқисак, эртага унинг ёғдусида яшаймиз! Зеро, китоб зулматда нур, ёлғизликда ҳамроҳ, энг содиқ дўст ва энг яхши суҳбатдошдир. Шу муносабат билан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ўзи таълим олган Олмазор туманида жойлашган 1-сонли мактабга диний-маърифий мазмундаги китобларни совға қилди. Ушбу ташаббус ўсиб келаётган ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини, меҳрини ва интилишини ошириш, китобхонликни оммавийлаштириш, улуғ боболаримизга муносиб авлодни вояга етказишда муҳим ҳаётий аҳамиятга эгадир. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 930

Китоб жонсиз варақлар тўплами эмас, токчаларда яшаётган ақлдир

Ҳикматларда айтиладики: «Китоб жонсиз варақлар тўплами эмас, токчаларда яшаётган ақлдир». Дарҳақиқат, китоб тўпласак, бахт-саодат тўплаган бўламиз, қанча кўп китоб ўқисак, узоқни кўрамиз, бугун китоб ўқисак, эртага унинг ёғдусида яшаймиз! Қўлимизда китоб бўлса, ҳеч қачон ўзимизни ёлғиз ҳис қилмаймиз. Эдисондан ҳаётининг охирида «Муваффақиятларингизнинг сабаби нима?» деб сўрашганда: «Узлуксиз, бардавом китоб мутолаа қилиб, ноумид бўлмасдан ишлаганим», деб жавоб берган экан. Жамиятнинг ривожи, инсонларнинг ўзлигини, динини, инсонлигини англаши китоб орқали бўлади. Бугун юртимизда кенг жамоатчиликни китобҳонликка қизиқтириш, китоб ўқишни оммалаштиришга алоҳида эътибор берилиши, келгусида ўзининг яхши мевасини беради, иншааАллоҳ. Шу маънода Шайх Зайниддин жоме масжиди имом хатиби, Тошкент ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов домла ҳам шаҳримиздаги 40-мактаб кутубхонасига диний-маърифий мазмундаги фойдали китобларни ҳадя қилди. 774

Шавкат Мирзиёев: Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуаси маърифат маркази бўлиши керак

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди, хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб сайти. Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.Давлатимиз раҳбари мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди. – Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. Ўтган йил 16 февраль куни вилоятга ташриф чоғида Президентимиз «Етти пир» мақбараларини обод қилиш, уларни боғловчи туризм йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Абдухолиқ Ғиждувоний мазкур етти пирнинг биринчиси саналиб, Хожагон тариқати асосчисидир. Кейинчалик Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол бу маънавий йўналишни давом эттириб, Баҳоуддин Нақшбанд уни юксак босқичга олиб чиққан. Шу боис бу тариқат Нақшбандия номи остида танилган. Қўшни мамлакатлар, ғарбий ва жанубий Шарқ давлатлари, ҳатто бутун дунёда бу азиз авлиёлар қадамжоларини келиб кўриш истагидагилар кўп. Шу ерда мазкур зиёратгоҳларда амалга оширилган ва давом этаётган таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади. – Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин.Мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар мақбараларини обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Президентимиз бу санага юқори даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди. 710
1 554 555 556 557 558 732