Жорий йилнинг 27 март куни Самарқанд вилоятида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги диний соҳа ходимларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тадбир Қуръони карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари илмий-амалий семинарни кириш сўзи билан очиб, шундай сўзларни айтдилар: – муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий ва илмий-ижодий соҳаларда катта тарихий воқеалар юз бермоқда. Жумладан, қўлёзма асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Миср, Туркия ва Татаристон каби мамлакатларда хизмат сафарларида бўлишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан бири – Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асаридир. Ушбу асарни ҳар томонлама ўрганиш ва аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида, ушбу илмий-амалий сайёр семинар ташкил этилди. Илмий-амалий семинарда Диний идора Котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов Маҳмуд аз-Замахшарий улуғ муфассир, Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида чуқур илмга эга бўлган олим, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан ва илм-фаннинг кўплаб соҳаларида шуҳрат қозонган забардаст уламо экани тўғрисидаги маълумотларни келтирди. – Маҳмуд аз-Замахшарий тафсир, фиқҳ, қироат, тилшунослик, адабиёт, жўғрофияга оид олтмишга яқин асар таълиф этган. Унинг энг машҳур асари “ал-Кашшоф”китобидир. Имом Замахшарий ижодларининг энг мўътабари “ал-Кашшоф” номли тафсир ҳисобланади. Ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқит-танзийл фи вужуҳит-таъвил” деб номланади, дея ушбу асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида нутқ қилди Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков. Шунингдек, илмий-амалий семинарда Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов “Маҳмуд аз-Замахшарийнинг маънавий мерослари”, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Пардаев “Имом аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши” мавзуларида маърузалар ўқишди. Семинар якунида мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 742
Аҳли сунна вал жамоанинг икки имомидан бири бўлган улуғ бобомиз Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тоифалар кўпайиб, бир-бирлари билан тортишган, ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солиб турган бир пайтда, Аҳли сунна ҳимоясига бел боғлаб, ақида масалаларини тўғри баён қилиб берганлар. У зот Мотуридия мазҳабига асос солганлар. Бу мазҳабнинг ривожланиб, тараққий этишига жуда кўплаб уламолар хизмат қилганлар. Камол ибн Ҳумом, Нуриддин Собуний Бухорий, Абу Ҳафс Нажмидин Умар Насафий, Абул Юср Паздавий ва бошқалар шулар жумласидандир. “Март ойи – Ақоид фани ойлиги” муносабати билан 2019 йил 27 март куни соат 13:30да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти аёл-қиз талабалари ўртасида “Тўғри эътиқод – саодат калитидир” мавзуcида мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари З.Тўраев, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедра ўқитувчилари Я.Раззақов, Ф.Жўраев, Қ.Сидиқметов, С.Жўраев, Ҳ.Зойирова, Н.Усмонова ҳамда институтнинг аёл-қиз талабалари иштирок этдилар. Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада “Имом Таҳовий давомчилари”, “Имом Мотуридий шогирдлари”, “Имом Насафий авлодлари”, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳлари иштирок этишди. Ҳар бир гуруҳда 6 тадан иштирокчи қатнашди. 1-шартда иштирокчилар Мотуридия таълимоти уламолари таржимаи ҳоли, илмий мерослари ҳақида жавоб беришди. 2-шартда эса “Бадъул амолий” матнидан ёддан байтларни айтиб, белгиланган жойларни маъноларини айтиб, шарҳлаб беришди. 3-шартда Ашраф Али Таҳонавийнинг “ал-Интибоҳотул муфида” асарида келган ақлий эътиқодий қоидалардан бирини ёддан айтиб, шарҳлаб бердилар. 4-шартда Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг “Саботул ожизин” асаридан билет асосида ёддан айтиб беришди. 5-шарт эса, иштирокчиларга аввалдан мавзулар бериб қўйилганди. Улар мавзу юзасидан мақолалар ёзишган. Мақолаларни кафедра ақоид фани устозлари баҳоладилар. Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар. Мусобақа натижаларига кўра, “Имом Мотуридий шогирдлари” гуруҳи 196,6 балл билан биринчи ўринни, “Имом Таҳовий давомчилари” гуруҳи 175,6 балл билан иккинчи ўринни, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳи 175,2 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб гуруҳларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ва институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди. Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ. Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ш.Ибрагимов 718
Жорий йилнинг 27 март куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабига замонавий автобусни топшириш маросими бўлиб ўтди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов замонавий автобусни Ҳадис илми мактабига топшириш чоғида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ушбу таълим даргоҳини ташкил қилиниши мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этиши, келгусида ушбу мактабдан ҳадис олимлари етишиб чиқишига тилак билдирди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда олий мактабдаги жуда кўп қулайликлар билан бирга ушбу замонавий автобус Ҳадис илми мактаби фаолиятида катта хизмат қилиши, энг замонавий ва қулай шароитлардан унумли фойдаланган талаба-ёшлар келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби улуғ муҳаддислар бўлиб етишишларига умид боғладилар. Шунингдек, Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукр қилиш, неъматларни янада зиёда бўлишига асосий омил эканини шарҳладилар. Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам мазкур олий мактабга муносиб совға топширилишини билдирдилар. Маросимда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва тажрибали имом-хатиблар иштирок этди. 695
Жорий йилнинг 26-март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: моҳият ва талқин” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али, аёл устоз-ходимлар ва институтнинг барча талаба қизлари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, ҳозирги кунгача давом этиб келаётган турли оқимлар, уларнинг зарарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек интернетдан оқиб келаётган турли хил ахборот ва маълумотларни таҳлил қилиш, уларга муносабат билдириш, оқибатда ҳар хил фитналарга сабаб бўлиб қолишини таъкидлаб ўтди. Диний саводсизликка барҳам бериш лозимлиги айтди. Ҳамма вақт билмаган мавзусига аралашган одам ютқазади, биз бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам беришимиз, бидъатларга қарши қаттиқ туришимиз лозим. Бу борада сиз талаба қизларнинг вазифангиз улкандир…”, деди устоз. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбатда талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга устоз томонидан жавоб олдилар. Тадбир сўнгида Янги Зеландиядаги террористик ҳуруж туфайли ҳалок бўлган мусулмонлар ҳақларига бағишланган хатми Қуръон дуоси ўқилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 766
Президент ташаббуси ўлароқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўзлари таълим олган Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтига китоблар совға қилдилар. Ушбу китоблар институт талабалари янада чуқур билим олиши, дунёқарашини кенгайтириши, маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим. Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидладилар. Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва барчани унда иштирок этишга даъват этади. Тошкент ислом институти матбуот хизмати 767