islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Тузилма

Бўлимлар

Хотира|Дин ва диндорларга нисбатан зулм ва қатағон сиёсати: 43 000 киши қамалди..

1941 йил II Жаҳон уруши бошлангач Совет Иттифоқи ҳудудида дин ва диндорларга бўлган муносабат ўзгарди. Бунгача 1917-18 йилдан буён босқичма-босқич дин ва диндорларга нисбатан зулм ва қатағон сиёсати юргизилди. Масалан, 1917-20 йилларда «Ҳужум» компанияси, «Худосизлар ҳаракатлари» диний муассасалар, масжид, мадрасаларни вайронага айлантирди. 1923 йили «Туркистон шароитида аксилдиний ташвиқот олиб бориш» резолюцияси қабул қилинди. 1925-32 йилларда Тошкентда очилган «Фан ва дин» журналида дин, эътиқод қораланди. 1937-39 йилдаги қатағонда Ўзбекистонда 43 000 киши қамалди, 6 920 нафари отиб ташланди. II Жаҳон урушида фашист Германияси Совет Иттифоқидаги атеистик сиёсатни қоралаб турли миллат ва дин вакиллари орасида тарқоқликни келтиришни кўзлади. В.Коларц «Совет Иттифоқида дин» китобида 1941 йил 22 июндаги воқеалар шўроларни динга қарши олиб бораётган тарғиботларни тўхтатишга мажбур бўлди, деб ёзади. Урушнинг аввалги ойларидаги катта йўқотишлар ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан узлуксиз давом этган таъқибларни барҳам беришга мажбур бўлди ва диндорларнинг ҳукуматни қўллашини кўзлади. Вазиятни яхши англаган Эшон Бобохон бошчилигидаги қардош республика уламолари 1943 йил 12 июлда СССР Олий Совети Президиумига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини очиш таклифи билан расмий хат йўллайди ва шу йилнинг 31 июлида 55-қарор билан диний идора очишга рухсат олишади.  1943 йилдан буён ишлаб келаётган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний назорати 1992 йилдан Марказий Осиё республикаларининг ҳар бирида қайта ташкил этилиб, юртимиздагиси Ўзбекистон мусулмонлари идораси дея юритила бошлади.   Манба «Ўзбекистон уламолари» китоби 603

Тошкент ислом институтнинг 1-ректори ким бўлган?

Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 1926 йили Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида диндор, зиёли оилада таваллуд топди. У кишининг йигитлик даври улуғ Ватан уруши йилларига тўғри келди. Урушнинг охирги йиллари ва урушдан кейинги тикланиш йилларида жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишладилар. Илмли инсонлар фарзанди бўлган Юсуфхоннинг ҳам оилавий муҳит таъсирида диний илмларни ўрганишга рағбати бор эди. Дастлабки билимни оталари диний арбоб Олимхон тўрадан олдилар. Юсуфхон Шокиров оила ўчоғида олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида 1948 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. Мадраса таълимининг учинчи йилида оталари Олимхон тўра муборак ҳаж сафарига бориб келадилар. Муборак зиёрат ҳақида ўз таассуротларини сўзлаб бериш вақтида Саудия Арабистонига Миср Араб Республикаси орқали борганлари ва у ерда  бутун дунёга машҳур Ал-Азҳар университети борлигини сўзлаб берадилар. Шу кундан бошлаб Шайх Юсуфхоннинг фикру зикри мазкур университетда таҳсил олиш бўлиб қолади. Шу мақсадда Москвадаги раҳбар ташкилотларга мактуб йўллайди. Тикланиш даври ва диндорларга бўлган ўзгача муносабат натижасида марказдан жавоб хати келиши 1955 йилга, яъни Мир Араб мадрасасини тугаллаётган пайтларига тўғри келди. Шу йили Юсуфхон Шокиров анчадан бери орзу қилиб келгани Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилади. Мазкур университетнинг араб тили ва адабиёти факультетини аъло баҳоларга тугаллаган Юсуфхон тўра 1961 йили олган билимлари асосида динга хизмат қилиш учун ўз ватанига қайтади ва меҳнат фаолиятини Диний идора халқаро бўлими мудири вазифасидан бошлайди. Илмга чанқоқ Юсуфхон тўра диний билим билан бирга дунёвий илмни ҳам уйғунлаштириш мақсадида 1962 йилда Тошкент Давлат университетининг Шарқ филологияси факультетининг кечки бўлимига ўқишга кириб, 1967 йили уни муваффақиятли тугатади. Кейин Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Беруний номидаги шарқшунослик илмий текшириш институтида тадқиқотчи бўлиб, Ал-Азҳар университети – минг йиллик тарихга эга бўлган араб филологияси маркази» мавзуидаги илмий тадқиқот ишларини бошлаб юборадилар. Юсуфхон Шокировнинг араб, инглиз, форс, турк тилларини пухта билиши илмий изланишида жуда қўл келади ва 1975 йилда Москва шаҳрида номзодлик ишини ҳимоя қилишга муваффақ бўлади. 1971 йил 1 ноябрда муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан Имом Бухорий номидаги Тошкент Олий маъҳади ташкил қилингач, бу таълим даргоҳини бошқариб, фаолиятини тўғри ташкил этиш учун муносиб номзод зарур эди. Бу масуълиятли лавозимга Юсуфхон Шокиров муносиб кўрилди ва 1971-1972 йиллари Тошкент ислом институтида ректорлик қилди. Юсуфхон тўра 1975-1997 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати раислари Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон, Шамсиддинхон Бобохонов каби  муфтийларнинг ўринбосари вазифасида, 1997 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Бош маслаҳатчи сифатида фаолият юритди. Шу давр мобайнида Юсуфхон тўра Осиё ва Африка мамлакатлари ҳамкорлиги ташкилоти ва Тинчлик комитети аъзоси сифатида кўплаб хорижий мамлакатларда хизмат сафарларида бўлди. Йирик диний арбоб сифатида диний ва дунёвий ташкилотлар билан халқаро дўстлик алоқаларини тиклашда ўз ҳиссасини қўшди. Диний идорадаги маъмурий ишлар билан бир қаторда Шайх Юсуфхон тўра Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан дарс берди.               Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 2000 йилнинг 28 сентябрида 74 ёшда Тошкент шаҳрида вафот этди. Жаноза намозларини муфтий Абдурашид қори Баҳромов ҳазратлари ўқиди. Қабрлари «Минор» мозоридадир.   Маълумотлар Мир Араб Олий мадрасаси ректори Ҳайдархон домла Юлдашходжаевнинг “Ўзбекистон уламолари” китобидан олинди   624

Махсус сиртқи бўлим кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинди

Аввал хабар берганимиздек, 5 июль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлимига 2018-2019 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтган эди. Унга кўра, ушбу бўлимга республикамизда фаолият олиб бораётган, камида беш йиллик иш стажига эга бўлган имом-хатиблар, имом ноиблари, мадраса мударрислари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази  ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилликлари ходимларидан иборат жами 144 нафар абитуриент ҳужжат топширган эди. Жорий йилнинг 7 июль куни натижалар эълон қилиниб, унда 120 нафар абитуриент “Ақоид ва фиқҳ” ва “Араб тили” фанлари бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдилар. Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан ортиқ жоме масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида уч йиллик Махсус сиртқи бўлим ташкил этиш мақсадида”ги буйруғи асосида ташкил этилган. 819

Тошкент ислом институтида махсус сиртқи ва кундузги таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонлари санаси маълум бўлди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Махсус сиртқи бўлимига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ақоид, фиқҳ ва араб тили фанларидан жорий йилнинг 5-6 июль кунлари ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтишини маълум қиламиз. 2018 йил 3 июль куни соат 9:00 дан 11:00 гача имтиҳон олди консультациялар бўлиб ўтади. Унда абитуриентлар учун ижодий имтиҳонга доир тартиб-қоидалар ва баҳолаш мезонлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Шунингдек, мазкур даргоҳнинг кундузги таълим йўналишида ўқиш истагида ҳужжат топшираётган абитуриентлар диққатига! Тошкент ислом институти кундузги таълим йўналишида араб тилидан 2018 йил 24 июль куни ижодий имтиҳон ҳамда фиқҳ, ақоид ва Ўзбекистон тарихи фанларидан 25 июль куни тест синовлари бўлиб ўтишини маълум қиламиз. Кундузги таълим йўналишида имтиҳон олди консультациялар 2018 йилнинг 21 июль куни соат 9:00 дан 11:00 гача давом этади. Барча абитуриентларга омад ва зафарлар тилаган ҳолда 2018- 2019 ўқув йили Махсус сиртқи бўлим учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2018 йил 30 июнь соат 20:00 гача, кундузги таълим йўналишида 10 июль санасига қадар давом этишини эслатиб ўтамиз. 2018 йилнинг 7 июль куни Махсус сиртқи бўлим, 26 июль куни кундузги таълим йўналиши бўйича имтиҳон натижалари эълон қилинади.  Мамнуният билан, Тошкент ислом институти қабул ҳайъати   1 144
1 2 3 4 5 6