islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 9, 2018

Day

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ОМИЛИ

Жорий йилнинг 7 февраль куни “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи Ў.Собиров Республика маънавият тарғибот маркази “Маънавият тарғиботчиси” ўқув марказида академик лицей ва касб-ҳунар коллежи деректорилари учун ташкил этилган тадбирда “Диний бағрикенглик – миллатлараро тотувлик омили” мавзусидаги маърузаси билан қатнашди. Тадбирда бугун мамлакатимизда 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқароларимиз 16 та диний конфессияга эътиқод қилиб келаётгани таъкидланди. Аҳолимизнинг миллий анъаналари ва диний эътиқоди учун шарт-шароит яратиш Конституциямиз билан кафолатланиб, халқимиз тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила сингари бирлашгани эътироф этилди. Мазкур йўналишларда 2200 дан зиёд диний ташкилот ва 140 га яқин миллий маданий марказларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этиши айтиб ўтилди. Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик мамлакат барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу ўринда, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик инсоният тараққиётининг энг муҳим омилидир. Ўзбекистон ҳудудида азалдан кўплаб миллат ва элатлар ўзаро иноқ тинч-тотувликда истиқомат қилиб келган. Бинобарин, мазкур ҳолатни ҳозирги вақтда юртимизда яшовчи турли динларга эътиқод қилувчи барча миллатлар ва элатларнинг ўзаро муносабатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур тадбирда диний бағрикенглик ҳақида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан намуналар келтирилди. Хусусан,Қуръони каримдаги Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб)чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”. Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир. Давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида келтириб ўтилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга қаратилган йўналишнинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам сўз юритилиб, ўрта махсус таълим тизими ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш, ўқувчи-ёшларни турли диний оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.   220

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасига эҳтиром

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо  этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди. Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид майдонига ташриф буюрди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, деди Шавкат Мирзиёев. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади. Дарҳақиқат, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади. У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган. Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган. Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди, деди Президентимиз. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган. У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Бу улуғ ватандошимиз Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотларнинг, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. У киши миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишонига сазовор бўлганди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий Ўзбекистон тарихида исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган. Бу улуғ аллома турли диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Шайх ҳазратларининг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқишлари, кўплаб китоблари, жумладан, аудиокитоблари орқали юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан она Ватанга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетдилар, десак, тўғри бўлади. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш – барчамизнинг бурчимиздир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу масжид лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Манба:prezident.uz 137

Умрага етганлар ҳаваси

Ҳабибим қадамин ўпган юртларга, Бугун кетмоқдасиз қалбда ҳаяжон. Қандай турарканман, қандай юраман? Қалбларда ҳаяжон кўзларда қувонч. Ҳабибим яшаган олис юртларга, Бугун сизлар жуда яқин кеттингиз. Ҳатто сўзламоққа тиллар ҳайронда, Айтинг юрагингиз нелар ҳис этди? Соғинган қалбингиз неча йил гувоҳ, Тунлар йиғлагансиз ўртанган ҳижрон. Бугун етмоқдасиз, бордингиз охир, Соғинчларга қандай бергансиз бардош? Менку бормаяпман кузатдим фақат, Шунда ҳам қалбимда минг бир ғалаён. Ўйлайман Ҳабибим ёнида қандай, Ҳаёлан бораман ҳис этиб сизни. Юнусхўжа   134

Навоийдан олдим сабоқ

Ишқ сирини баён этган, Навоийдан олдим сабоқ, Шеър мағзини чақолмасдан, гоҳ тушимда қилдим сўроқ. 132