islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 18, 2018

Day

Бир ҳадис шарҳи

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб:”Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга энг севимли киши ким?, Аллоҳ азза ва жаллага энг севимли амал қайси(амал)?”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):“Аллоҳга энг севимли киши – одамларга кўпроқ манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритмоғинг. Ёки унинг ташвишини аритмоғинг. Ёки ундан очликни кетказишинг. Ёки унинг қарзини ўтаб қўймоғинг. Қасамки, мен учун бир биродаримнинг эҳтиёжини қондириш учун юришим, ушбу масжид – Мадина масжиди – да бир ой эътикоф ўтиришимдан севимлироқдир…”, дедилар. (Табароний ва Ибн Абуд Дунё ривояти). Пайғамбарлар ҳаётидан мисоллар: Иброҳим алайҳиссалом одамларга яхшилик ва манфаат етказишни яхши кўргани учун улуғ мартабага эришиб, “Халилуллоҳ” яъни “Аллоҳнинг дўсти” деган буюк ном ва унвон олганлар. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Жаброил, нега Аллоҳ Ўзига Иброҳимни дўст тутган?”, деб сўрадилар. У зот: “Очларни таомлантиргани учун эй Муҳаммад!”, деб жавоб берди. (Имом Байҳақий “Шуабул иймон”да, Қуртубий ҳам ўз тафсирида ривоят қилган. Буни заиф деган гаплар ҳам бору, лекин бу ривоятнинг маъноси бир неча ҳадисларда ва қолаверса, биз ўрганатган ҳадисимизда ҳам айнан шу итъомут таом маъноси бор). Мусо алайҳиссалом ҳам заифҳол-муҳтож кишиларга доимо кўмакчи бўлганлар. Бунга Қуръони каримнинг ўзи шоҳид ўлароқ, Мусо алайҳиссалом ўзлари умуман танимаган юртдаги, нотаниш икки заифа қизлар – Шуайб алайҳиссаломнинг икки қизлари – нинг қийналиб турганини кўриб, уларнинг қўйларини беминнат суғориб берганларини бизга намуна қилиб баён қилган: “Қачонки, (Мусо) Мадяннинг суви (қудуғи)га етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан берироқда икки аёл (ўз қўйларини) қўриқлаб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди?» – деди. Улар: «Биз, то подачилар (молларини) қайтармагунча, суғора олмаймиз*. Отамиз эса қари чол», – дедилар“. (“Қосос” сураси, 23-оят). Бу икки қиз кўзлари ожиз бўлиб қолган пайғамбар Шуайб (алайҳиссалом)нинг қизлари эди. Иккиси қўйларини қудуққа суғоргани олиб келиб, эркаклар кўп бўлгани учун улардан ҳаё қилиб, яқинлаша олмай турганларида, Мусо (алайҳиссалом) уларга ёрдам бергач, улар бориб оталарига бу ҳақда хабар берадилар. (Шайх Абдулазиз Мансур). Исо алайҳиссалом касалмандларнинг эҳтиёжини қондириш-даволаш, камбағал, бева-бечораларга ёрдам бериш учун саъй-ҳаракат қилар, қаерда бўлсалар ҳам одамларга манфаат етказиш пайида бўлар эдилар. Буни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг тилидан қуйидагича баён қилган: “Яна мени қаерда бўлсам (ҳам одамларга таълим-тарбия бериш ва бошқа кўп манфаат етказувчи) баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди“. (“Марям” сураси, 31-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом одамларнинг эҳтиёжларини қондириш борасида бизга буюк амалий намуна бўлганлар: бева-бечоралар билан бирга юришдан ҳеч ҳам ор қилмас, уларнинг ишларини бажаришга маҳкам бел боғлар эдилар: Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба-маърузаларини якунлаб, минбар тушар эдилар ва (энди меҳроб сари юрмоқчи бўлиб турганларида) У зотга бир киши кўндаланг чиқиб, эҳтиёжини айтар эди. Шунда У зот ҳалиги одам билан то уни ишини бажариб бергунларича малолланмай бирга тураверар эдилар. Ишини битириб берганларидан сўнгина намозгоҳ(меҳроб)ларига ўтиб, намоз ўқир эдилар”, деганлар. (Имом Насаий ривояти). …Ёки унинг қарзини ўтаб қўймоғинг… Бу борада Аллоҳ таоло бундай кўрсатма берур: “Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир“....