islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Sentabr 20, 2018

Day

Мўминнинг бахти

Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири – Роббиси тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандчилик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар: Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман. Албатта, ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади.   Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам, ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, – деганлар. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба 173

Ақиқанинг тиббий манфаатлари

Ақиқа ҳанафий мазҳабида мустаҳаб, мубоҳ амалдир. Арабча “ал-ақийқа” “اًلعقيققة” шаклидаги сўз бўлиб, унинг ўзаги “عقوق”, “уқуқун”, маъноси кесмоқ, қирқмоқдир. Шаръий-истилоҳий маъноси ҳам луғавийсига яқин, албатта. Ақиқа ўғил ёки қиз чақалоқ туғилганининг еттинчи кунида сочини олиб, унинг вазнича тилла ёки кумуш садақа қилиш ёхуд ўғил болага иккита, қиз болага   битта қўй сўйишдир. Исломнинг бу ақл бовар қилмас кўрсатмасини бугуннинг тараққий топган тиббиёти ҳозирда ўрганиб, қуйидагича  хулоса бермоқдалар! Чақалоқ сочини олишнинг тиббий фойдалари  1. Бола она қорнидалигида қуриб қолмаслиги учун ва онанинг бачадонидан чиқаётгандаги тўқнашувлардан ҳимоя қилиш учун унинг танасини ёғли модда қоплайди. Бу модда гўдакнинг бош терисига микроб ва вирусларни тўплаб, унинг соч илдизларига зарар етказиб, уни заифлаштира бошлайди. Шу ёпишқоқ моддадан халос бўлиш учун биринчи ҳафтасида унинг сочини қириб олмоқ лозим. Ундан кеч қолинса, бактериялар тўпланиб, ўрнашиб олади. Ундан кейин соч олиш унчалик фойда бермайди. 2. Сочни олиш бош-мия тешикларини очиб, ундаги буғланиш-димланишларни чиқариб юбориши билан кўриш, эшитиш ва ҳид сезиш қобилиятининг яхшиланишига ёрдам беради. 3. Сочни олиш соч илдизларини бақувват қилади. Заиф сочдан қутулиб, ўрнига бақувват соч чиқишига сабаб бўлади. 4. Гўдакнинг сочини олиш унинг ташқи кўринишини ҳам покиза ва ёқимтой қилиб қўяди. Бошқалар қалбини унга нисбатан нафрат, ҳасад ва ёқтирмаслик каби нарсалардан тозалайди. 5. Мусулмон одам ўзига берилган буюк неъмат – янги чақалоқ хурсандчилигини бошқалар билан бирга баҳам кўради. Қўй сўйиб, камбағалларга тарқатиши билан ёки гўдакнинг сочи вазнича тилла ёки кумушни садақа қилиши ила бошқаларни ҳам хурсанд қилади. Ақиқа ҳам боланинг соғлигига фойда, ҳам камбағалларнинг шодлигига сабаб, ҳам бу ишларни холис ниятда қилган ота-онага ажр-мукофот олишга қулай имконият, у биргина фарзанд ёки ота-онасига эмас, балки жамиятнинг энг ёрдамга муҳтож вакилларига ҳам манфаат келтирувчи Исломий кўрсатмалардан бири экан. Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли Манба 371

Бахилнинг боғи кўкармас

Инсонлар ҳаётда доимо тўкин ва ҳеч бир жиҳатдан муҳтожлик сезмай яшашга интилади. Бунинг учун бойлик йиғишга, яхши маош олиб ишлашга, савдо билан шуғулланиб тезда кўп мол-дунё ортиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб кўпчилик бой-бадавлат бўлгиси келади ва Аллоҳ насиб қилган бўлса ҳаракатлари бир сабаб бўлиб бойликка ҳам, муҳтожликсиз ҳаётга ҳам эришади. Аммо бойлик ва молнинг кўплигини, фақат ўзида бўлишни истаб дунё йиғиш инсонни ёлғизлик ва маънавий қашшоқликка олиб боради. Маънавий қашшоқлик ортидан эса Ислом динида қораланган қатор иллатлар  келиб чиқади. Ана шундай ёмон иллатлардан бири – бахиллик бўлиб, унинг ёмон одат экани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келтирилади: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига  яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят). Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади. Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди.  Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир. Бахиллик нафақат молда, балки инсон, оддий ҳолатдаги буюмлари ва бошқа жиҳатларини қизғанишида ҳам кўринади. Инсонлар жамиятда қўшни бўлиб яшайди шу сабаб ҳам қўшнининг ҳаққи Ислом динида жуда катта ўринда туради. Қўшни у ҳамма тушунадиган уй-девор қўшни бўлса, бундан ташқари, мактаб, коллеж, институт ва ҳамкасблар ҳам бир-бирлари ҳаёт йўли давомида қўшни бўлиб яшашда давом этади. Шу жиҳатдаги қўшниларга ҳам бахиллик қилиш мусулмон кишига хорлик ва жамиятдан узилиш, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб дунё-охиратда баракасиз ва савобсиз Аллоҳнинг даргоҳидан ва фазли ила жаннатга киришдан маҳрум бўлади. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти). Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор....

АШУРО КУНИ

Ердан самогача савоб бўлади, Мункар-Накирларга жавоб бўлади, Бошдан оёққача нурга тўлади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Иблиснинг қомати етти букилгай, Тоғдек гуноҳлар ҳам дув-дув тўкилгай, Малаклар тарафдан салом ўқилгай, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Эзилган қалбларга дармон бўлади, Маҳшарда дўзахга қалқон бўлади, Фирдавс жаннатига сарбон бўлади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Рўза руҳиятни сайқал этади, Ҳар битта яхшилик Ҳаққа етади, Кўз очиб-юмгунча ўтиб-кетади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Саҳардан шомгача раҳмат бўлади, Ҳурларнинг қўлида шарбат бўлади, Энг олий мукофот – жаннат бўлади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Рўза – руҳ шифоси, тиғсиз даводир, Савобдан мосуво шаксиз, гадодир, «Очлик – иллат» демоқ, айни хатодир, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Эркин Қудратов 265