islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 2018

Month

“Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси тингловчилари учун давра суҳбати ташкил этилди

Хабарингиз бор, Тошкент ислом институтида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун “Араб тили” ҳамда “Қуръони карим ва тажвид” пуллик ўқув курслари фаолият юритиб келмоқда. Мазкур ўқув курсларни институтнинг малакали ўқитувчилари ЎМИ томонидан тасдиқланган дастур асосида олиб бормоқда. “Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси тингловчилари учун ҳар ойда бир маротаба маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунга биноан 2018 йил 5-8 октябрь кунлари ТИИ ректори Уйғун Ғафуров иштирокида “Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатда ўқув курси тингловчилари вазифалари, тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқлари, ноқонуний тарзда диний таълим олмаслик ва бермаслик тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлади. Суҳбат якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда хайрли ишларга бош бўлган юртбошимиз, муфтий ҳазратлари, институт жамоаси ва бошқа масъулларга миннатдорчилик изҳор қилиб, диёримизда бўлаётган мана шундай гўзал ислоҳотларга нисбатан эътиборли бўлиш ва бу каби хайрли ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Маълумки, “Араб тили” курсининг дастлабки ўқув машғулотлари 2018 йил 2 январдан, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси эса 2018 йил 10 июндан бошланган эди. Ўқув ишлари услубчиси Усмонхон Баҳодирхонов 1 532

Замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари фанидан очиқ дарс бўлиб ўтди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 8 октябрь куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Нуриддинов Муҳаммаджон домланинг 4-Д гуруҳга “Замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари” фанидан “Қарзни кечиктириб беришда молиявий бадал тўлаш масаласи” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди. Нуриддинов Муҳаммаджон домла очиқ дарсда янги мавзуни ёритиб берди. Ўқитувчи мавзуга киришишдан аввал унинг ҳозирги кундаги аҳамияти, долзарблиги ҳақида тўхталиб ўтди. Вақтдан кечиктирилган қарзнинг ортидан келган эҳтимолий зарарларни конпенсациялаш шаръий далилларга мувофиқ келмаслиги, барча мужтаҳид уламоларнинг ушбу ҳукм жоиз эмаслиги тўғрисида иттифоқ қилганларини таъкидлаб ўтди. Бироқ бу қарздорлар томонидан қарзни тўламасдан, уни чўзиб юриш ҳуқуқини бермаслигини, қарзни тўлашга қодир бўла туриб, уни чўзиб юриш шариат мезонида оғир гуноҳ эканлигини, бу иш инсонлар ўртасида низолар ва қарама-қаршиликлар келтириб чиқаришини мисоллар билан тушунтириб берди. Мавзуни тушунтириш жараёнида жамиятда учраб турган ҳаётий мисоллар келтирди. Шу билан бирга талабаларнинг мавзуга оид саволларига ҳам батафсил жавоб берди. Ўқитувчи очиқ дарсда баъзи педагогик усуллардан фойдаланиб, дарсни самарали ташкил қила олди ва қўйилган мақсадга эришди. Мазкур очиқ дарсга“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедранинг катта ўқитувчилари С.Масайитов, Я.Раззақов, И.Ғофуров, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Аъзамов, ўқитувчиси А.Тошпўлатов, ўқув ишлари бўйича инспектор Б.Усмонхоновлар қатнашиб, таҳлил қилишди ва уни юқори баҳолашди. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқов 331

«Ким бу дин билан Аллоҳга боғланмоқчи бўлса, илм олиш машаққатига чидасин»

Исломда илм Жаброил алайҳиссалом Пайғамбарга илк ваҳий олиб келгандаёқ Ислом илм дини экани аён бўлди. Чунки у олиб келган илк калом Алақ сурасининг беш ояти эди: “(Эй, Муҳаммад, бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли Зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган Зотдир. У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди”. Илк даъватдаёқ ушбу оятларнинг нозил қилиниши ҳайрон қоладиган мўъжизадир. Биринчидан, Аллоҳ таоло минглаб мавзулар ичидан “ўқиш” мавзусини танлади, ваҳоланки, Пайғамбар ўқиш, ёзишни билмайдиган “уммий” эдилар. Демак, дину диёнатни, дунё ва охиратни англаш учун ўқиш керак! Иккинчидан, араблар “ўқиш” мавзусига эътибор бермасди, улар умри давомида хурофотларга ишонар, ҳар соҳада илмга муҳтож бўлиб, фақат шеър ва адабиётда моҳир эдилар. Қуръон арабларни ожиз қолдириб, уларни адабиётда беллашувга чақириб нозил бўлди ва Ислом илм дини эканини эълон қилди. Учинчидан, илм олиш воситаларининг энг машаққатлиси бўлган ўқишга амр бўлди. Чунки ўқиш, мулоҳаза қилиш ва ўйлаб кўриш – риёзатни талаб этади. Бу илоҳий амр замирида, “Ким бу дин билан Аллоҳга боғланмоқчи бўлса, илм олиш машаққатига чидасин”, деган яна бир ҳикмат бор. Исломнинг нозил этилиши илмга одатланмаган, маърифий муҳитга кўникмаган жамиятда ҳақиқий инқилоб бўлди. Исломдан олдинги давр – “жоҳилият” (илмсизлик) даври дейилади. Ваҳий нозил бўлиши билан илм бошланди, дунёга ҳидоят нури тушди. Аллоҳ мусулмонларга жоҳилиятни эслатиб айтади: “Жоҳилият (даври) ҳукмини қўмсаяптиларми?! Чин ишончли кишилар учун Аллоҳдан кўра кимнинг ҳукми чиройлироқ экан?!” (Моида сураси, 50-оят). Бу динда жоҳиллик, шубҳа, ёмон гумонга ўрин йўқ. Аллоҳ ўз Пайғамбарини жоҳилликни севиб, илмни суймайдиганлардан юз ўгиришга буюради: “Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Бу дин шубҳа-гумонга асосланган қадриятларни инкор қилди. Ислом шариати, фақат аниқ, ишончли илмга асосланади. Аллоҳ бу диндан юз ўгирган кофирлар ҳақида айтади: “Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда бирор билим (ҳужжат) йўқдир. Улар фақат гумон(тахмин)га эргашурлар, холос. Гумон эса, асло ҳақиқат ўрнига ўтмас” (Нажм сураси, 28-оят). Аллоҳ мўминлар билан кофирларни ажратувчи асосий омил илм деб эълон қилди: мўмин билади, кофир эса гумон қилади. Мўмин аниқ ишонч билан яшайди, кофир эса шубҳа-гумонлар билан. Аллоҳ кофирларни ёмонлаб айтади: “Қачонки, (сизларга): “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, Қиёмат шубҳасиз (келувчи)дир”, дейилса, сизлар: “Биз Қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат бўлишига) аниқ ишонувчи эмасмиз”, дедингизлар” (Жосия сураси, 32-оят). Қуръони Каримнинг ҳар сурасида очиқ ёки ишора билан илмнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳақида сўз боради. Илм – Абадий Дастурнинг собит йўналишидир. “Илм” ўзаги ва ундан ясалган сўзларни ҳисоблаш жараёнида мен лол қолдим: улар 779 марта келган эди, Қуръон сураларидан салкам етти маротаба кўп эди! Мен фақат “илм” сўзи ва ундан ясалган сўзларни ҳисобладим, бунга маъноси яқин сўзлар кўп. Пайғамбар суннатида келган “илм” сўзини санаб адоғига етиш мушкул. Илм сўзи “Саҳиҳул Бухорий”да 300 мартадан кўп келган. Ваҳоланки, бу асар ҳажми унча катта эмас, бошқа китоблар ундан бир неча баробар кўп ҳадисларни ўз ичига олади. Агар яхши мулоҳаза қилсак, илмга эътибор Қуръон нозил бўлишидан ҳам аввал, Одам яратилишидан бурун бошланган. Қуръон оятлари фаришталар Одамга сажда қилиш воқеасини ҳикоя қилади. Қиссада Аллоҳ Одамга илм бергани, шу илм билан фаришталардан афзал бўлгани айтилади. Эътибор беринг: Одам алайҳиссалом фаришталардан тасбеҳ, зикр, намоз билан эмас, балки илм билан афзал бўлди. Илм сабаб фаришталарни Одамга сажда қилдирди. Қисса қуйидагича бўлган эди: “Эсланг, (эй, Муҳаммад,)...

Йўлдош қори Нуриддинов халқаро Қуръон мусобақасида ўз чиқишини бошлади (LIVE)

Мадина шаҳрида Қуръон мусобақаси давом этмоқда. Айни пайтда Тошкент ислом институти талабаси Йўлдош қори Нуриддинов чиқишини бошлаган. Мусобақани қуйидаги манзил орқали тўғридан-тўғри томоша қилишингиз мумкин: https://www.pscp.tv/w/1zqJVLPeDlPKB 361

Ўзбекистонлик қорилар бугун мусобақага киришишлари мумкин

Аввал хабар берганимиздек, 3 октябрь Ўзбекистон қорилари – Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, институтнинг 4 курс талабаси “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси 2018” мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Нуриддинов ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдурраҳмон қори Сўфиев Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро мусобақада иштирок этиш учун жўнаб кетган эдилар. Кеча, 5 октябр куни саралаш босқичи амалга оширилиб, Жаҳонгир қори Неъматов ушбу мусобақада кузатувчи ҳакам сифатида иштирок этмоқда. Саралаш натижаси бугун эълон қилиниб, унга кўра қориларимиз Йўлдошбек қори Нуриддинов, ҳамда Абдурраҳмон қори Сўфиев шу кун мусобақага киришишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақа Масжидун-Набавийда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бу Саудия Арабистони тарихида илк бор ташкил этилмоқда. Ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда. Мусобақа 6-11 октябрь кунлари – олти кун мобайнида бўлиб ўтади. Қори юртдошларимизнинг илмига Аллоҳдан барака сўраб дуо қилишингизни сўраб қоламиз. Мусобақа тафсилотлари билан ушбу саҳифада танишишингиз мумкин: https://www.facebook.com/alqurancontest/?ti=as 186
1 6 7 8 9 10